Охирзамон бўлганида Исо алайҳиссалом ерга тушадилар, деб ўқиб қолдим. Шу ҳақда тўлароқ маълумот бераолмайсизларми?

Савол: Охирзамон бўлганида Исо алайҳиссалом ерга тушадилар, деб ўқиб қолдим. Шу ҳақда тўлароқ маълумот бераолмайсизларми?

Жавоб: Замона охирида Дажжол пайдо бўлиб, ер юзини фитна-фасодга тўлдириб турган пайтда Исо алайҳиссалом осмондан тушиб, уни ўлдирадилар. Бу хусусда саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳақиқатда шунга ижмоъ қилишган.
Исо алайҳиссалом, яҳудий ва насронийлар айтаётганидек, ўлган эмаслар. Балки у зотни Аллоҳ таоло осмонга кўтарган. Қуръони Каримда бу ҳақда айтилади: «Ҳақиқатда, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат уларга (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди холос. Сўнг улар ўлдирилган Исо ё бошқа эканлигида ихтилоф қилишди. Уларнинг ҳаммаси бу ишда гумон қиладилар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки Аллоҳ уни осмонга кўтаргандир.» (Нисо сураси, 157-158-оятлар). Исо (а.с.) қиёматдан олдин ерга тушиб, Ислом шариати билан ҳукм юритадилар, одамлар тарк этган амалларни тиклайдилар. Ер юзида Аллоҳ ҳоҳлаганича яшаб, кейин вафот этадилар. Мусулмонлар узотга жаноза ўқишиб, дафн қилишади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: «Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, яқинда орангизга Исо ибн Марям одил ҳукм билан тушади. Ҳочни синдиради, тўнғизларни ўлдиради, жизяни бекор қилади. Мол-дунё кўпаяди, ҳатто ҳеч ким садақа олмай қўяди. Бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги бор нарсадан яхшироқ бўлиб қолади» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

"Динда саволим бор" китобидан