Исо ҳақида яҳудийлар гапининг ботиллиги

Яҳудийлар, худди олдинги пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидек, Исони ҳам қатл этганмиз, деб даъво қилишади. Уларнинг бу даъвоси ҳақ ва ҳақиқатга хилоф, ботил даъводир. Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбари Ийсони яҳудийлар ўлдирмоқчи бўлганларида осмонга кўтарди ва уларнинг зулмидан қутқарди. Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони каримда бундай дейди: «Яна кофирликлари ва Марямга қарши улкан бўҳтон қилганлари сабабли ҳамда «Аллоҳнинг пайғамбари Масиҳ Ийсо ибн Марямни бизлар ўлдирганмиз» деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар уни ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта, Ийсо ҳақида тортишганлар у ҳақда шак-шубҳададирлар. Бу ҳақда фақат гумонга боришади. Уни ўлдирмаганлари аниқдир, балки уни Аллоҳ Ўзига кўтаргандир. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Нисо, 156-158).

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло яҳудийларнинг лаънатланишини ва уларга бериладиган қаттиқ азобларнинг сабабларини баён қилмоқда. Сабаблар эса қуйидагича: 1. Яҳудийлар Аллоҳга: «Сенинг амрингга амал қиламиз, қайтарганингдан қайтамиз», деб берган мустаҳкам аҳдларини бузишди. Бу ваъдани улар Мусо пайғамбар даврида беришган эди.
2. Яҳудийлар Аллоҳнинг оятлари ва пайғамбарларига берган мўъжизаларига куфр келтиришди.
3. Яҳудийлар куфр келтириш билан кифояланиб қолмай, бунинг устига Закариё, Яҳё ва бошқа пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришди. Буни уларнинг пайғамбарликлари очиқ далиллар билан собит бўлганидан кейин қилишди.
4. Яҳудийлар «қалбларимиз муҳрланган», дейишди. Яъни, «Қалбларимизни тўсиқ ва парда босган, унга эслатма ёки даъват етмайди», дейишди. Аслида эса улар кофирликда бардавом бўлганлари учун Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр босган эди. Улардан иймонга келадиганлари жуда оздир.
5. Яҳудийлар ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг қудратига куфр келтиришди. Ийсони отасиз яратганида унинг онасига катта бўҳтон қилишди, уни зинокор дейишди. Ҳолбуки, туғиш вақтида Марямнинг бўҳтон, зинодан пок эканини исботловчи мўъжизалар аён бўлган эди.
6. Яҳудийлар: «Биз Ийсо ибн Марямни, Аллоҳнинг расулини қатл қилдик», дейишди. Бу гап ҳам ҳақиқатга ва воқеликка хилоф эди. Улар Масиҳни ўлдирмаган ҳам, осмаган ҳам эдилар. Уларга шундай туюлган эди. Бунинг тафсилотини имом Табароний Ваҳб ибн Мунаббаҳдан шундай ривоят қиладилар: «Ийсо ўзининг ўн етти ҳаворийи билан турганида яҳудийлар унинг ёнига келишди ва уларни ўраб олишди. Аллоҳ таоло ҳаворийларни Ийсо суратига киритди. Яҳудийлар: «Бизни сеҳрлаб қўйдингиз», дейишди. Аслида ҳеч қандай сеҳр йўқ эди. Бу иш Аллоҳнинг қудрати ва иродаси билан бўлган эди. Яҳудийлар: “Ийсони ажратиб чиқармасангиз, ҳаммангизни ўлдирамиз”, дейишди. Ҳаворийлардан бири шерикларига: «Бугун ким ўз жони эвазига жаннатни сотиб олади?», деди. Улардан бир киши: «Мен», деди ва яҳудийлар қаршисига чиқиб: «Мен Ийсоман», деди. Аллоҳ таоло уни Ийсо сувратига киритди. Яҳудийлар уни тутиб ўлдиришди ва осишди. Шунинг учун ҳам улар Ийсони ўлдирдик, деб гумон қилишди. Аслида эса Аллоҳ Ийсони осмонга кўтарган эди» (Ибн Касир тафсири, 1-жуз, 548-саҳифа).
Аллоҳ таоло мазкур оятлар охирида айтганидек: «Албатта, Ийсо ҳақида тортишганлар у ҳақда шак-шубҳададирлар. Бу ҳақда фақат гумонларга боришади. Уни ўлдирмаганлари аниқдир». (Нисо, 157-158). Яъни, Аллоҳ яҳудийлардан ўч олишда қудратли ва ҳар нарсага қодирдир. Ийсони ўзига кўтаришни эса ҳикмат ила тадбир қилди.

Яҳудийларнинг Ийсо ҳақидаги гаплари ботил эканини баён қилишнинг ва улар Аллоҳ лаънатига учрашларининг бир неча сабаблари бордир. Жумладан, улар ҳар нарсага қодир Аллоҳнинг қудратига куфр келтиришди. Ийсони отасиз яратганида унинг онаси Марямга қабиҳ бўҳтон қилишди, уни зинода айблашди. Ҳолбуки, Ийсо алайҳиссалом туғилаётган вақтда Марямни уларнинг бўҳтонидан покловчи мўъжизалар зоҳир бўлган эди. Уларнинг бу бўҳтони улкан гуноҳ ва аламли азобларга дучор қиладиган нарса эди. Агар биз Марямнинг Ийсони туғишдан олдин кечирган ҳаётига назар соладиган бўлсак, у ҳақда нозил бўлган оятларни тааммул қилиб кўрсак, унинг поклигига иймонимиз зиёдалашади ва Парвардигори олам ҳузуридаги улкан мартабасига ишончимиз комил бўлади. Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони каримда бундай дейди: «Ва эсла, Имроннинг хотини: «Эй Роббим, сенга қорнимдагини холис назр қилдим. Бас, мендан қабул эт. Албатта Сен эшитувчи ва билувчи Зотсан», деганини». Уни (Марямни) туққан чоғида: «Эй Роббим, буни  қиз туғдим-ку?», деди Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини яхши билади. “Ва ўғил қиздек эмас. Ва мен унга Марям деб исм қўйдим ва албатта Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тилайман» (Оли-Имрон, 35-36). Яъни, Марямнинг онаси, Имроннинг хотини Ҳанна бинти Фаузо қиз туққани учун узр айтди. У ўзича ўғил туғаман, деб назр қилган эди. Бани Исроилнинг пайғамбарлари ва уламоларининг ўз болаларидан бирини Байтул Мақдис хизматига назр қилиш одатлари бор эди. Қиз бола эса бу хизматга назр қилинмас эди. Ҳа, бу билдириш эмас, узр эди. Шунинг учун ҳам оятда: «Ҳолбуки Аллоҳ унинг нима туққанини яхши билади», дейилмоқда. «Ва ўғил қиздек эмас». Чунки ўғил бола Байтул Мақдиснинг хизматига ярайди. «Ва унга Марям деб исм қўйдим. Сендан унга тошбўрон қилинган шайтоннинг зараридан паноҳ тилайман». Ҳанна ўз Роббига дуо қилиб, паноҳ тилади, Унга тазарруъ қилиб фарзанди Марямни ва унинг зурриётини шайтоннинг шарридан ва васвасасидан муҳофаза қилишни сўради. Токи у ва унинг зурриёти солиҳлардан бўлсинлар. Ҳа, шунинг учун Ҳанна узр айтди. Аллоҳ таоло Ҳаннанинг дуосини қабул қилиб, Марямни ўғлининг ўрнига одатдан ташқари назрга қабул этди. Марям худди Байтул Мақдиснинг ходимларидан бўлиб қолди.
«Робби шунда уни яхши қабул қилди ва ниҳоятда гўзал  ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё қачон унинг олдига кирса, олдидаги меҳробда ризқ кўрди. У: “Эй Марям, бу қаердан келди?” деди. “Бу Аллоҳнинг ҳузуридан, Аллоҳ хоҳлаган кишисига албатта беҳисоб ризқ берур”, деди» (Оли-Имрон, 37). Марямнинг отаси Имрон хотини Ҳанна Марямга ҳомиладор бўлганида вафот этгани учун Аллоҳ таоло уни холасининг эри Закариё кафолатига қўйишни ирода этди. У Аллоҳнинг пайғамбарларидан бири ва Сулаймон ибн Довуднинг зурриётларидан эди. Ҳанна Марямни кўтариб Байтул Мақдисга олиб борди ва роҳиблар олдига қўйди. Улар Ҳоруннинг фарзандларидан бўлиб, худди Каъбанинг ҳожибларига ўхшаб Байтул Мақдис хизматчилари ҳисобланишар эди. Улар Марямни кафолат ва тарбияга олиш учун талашиб кетишди. Закариё: мен холасининг эриман, мен ҳақлироқман, деди. Аммо роҳиблар унга беришдан бош тортишди. Охири қуръа ташлашди. Қуръа Закариёга чиқди. У кафил бўлди ва Марямни олиб, хотинига - Яҳёнинг онасига берди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло «...ва Закариё уни кафолатига олди», деб хабар беради. Марям улғайиб балоғатга етганида, Закариё унга масжид ичидан махсус жой - меҳроб қилиб берди. Марям у ерда доимо Аллоҳга ибодат қиларди. Закариё ҳар куни унга таом ва ичимлик келтирарди. Унинг олдига кирганда эса, ҳар гал ризқ-насиба турганини кўрарди. Одатдан ташқари мевалар бўлар эди. Ёзда қишнинг мевалари, қишда ёзники бўлар эди. Закариё ажабланиб Марямдан бу ризқ қаердан келганини сўрайди. Бу ризқ Аллоҳнинг ҳузуридан, жаннатдан ҳурматлаб берилар эди. 
Алломалардан бири ўз тафсирида: «Марям кўкрак эммаган, унинг ризқи жаннатдан келиб турар эди. Закариё: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаердан келмоқда?», деб сўрар эди. У Аллоҳнинг ҳузуридан, деб жавоб берарди. Марям бешикдалигида гапирган. Худди ўғли Ийсо бешикда гапирганидек», дейди. Менимча бу гап нотўғри. Чунки унинг қаердан олингани маълум эмас, аён бўлганида ҳам заиф. Буни гапнинг маъносидан ҳам билиб олса бўлади.
Нима бўлганда ҳам, мазкур оятлар Марямнинг олий мақомига очиқ далилдир. Жумладан, Аллоҳ таоло Марям ҳақида бундай дейди: «Эй Марям, албатта Аллоҳ сени танлаб олди». Сени назр сифатида танлади, чунки аввал қизлар қабул қилинмаган эди. «Ва сени», эркакнинг қўли тегишидан, ҳайзу нифосдан, гуноҳлардан поклади». «Ва сени танлаб олди» иккинчи марта «оламлар аёлларидан», яъни ўз вақтининг энг афзал аёли қилди.
Имом Бухорий ва Муслимлар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ер юзининг яхши аёли Марям бинти Имрон ва ер юзининг яхши аёли Хадича бинти Хувайлид», деганларини эшитдим».
Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида: «Бунинг маъноси: ҳар иккови ўз даврларида Ер юзининг энг яхши аёллари эдилар, дегани», деб айтадилар. Сўнгра фаришталар: «Эй Марям, Роббингга ибодат қил, сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дейишди. Яъни, Аллоҳ сени аввалда танлаб олгани, поклагани ва яна оламдаги аёллардан афзал қилиб танлаб олгани учун, очиқ ва яширин неъматлари учун Унга шукр қил.
Менимча, ушбу икки оятда, Марямнинг Парвардигори олам ҳузуридаги мартабаси қанчалик улуғ экани очиқ кўриниб турибди. Шунинг ўзи уни яҳудийларнинг туҳматидан ҳимоя қилади. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Ва ўз фаржини пок сақлаган аёлни - Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва (у Ийсога ҳомиладор бўлди). У Парвардигорининг сўзларини ва китобларини тасдиқ этди ҳамда итоаткорлардан бўлди» (Таҳрим, 12).
Менимча бу оят, хусусан “фаржини пок сақлаган” деганида, ибодатли Марямни яҳудийлар бўҳтонидан поклайди. Шу билан бирга у Марямнинг олий хислатлари, Парвардигори ҳузуридаги улуғ мартабасига далолат қилади.

Саййид Мубашшир ТАРОЗИЙ, "ИСЛОМГА МАРҲАБО!" китобидан