Ийсо алайҳиссалом нозил бўлиб...

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур. Сўнг хочни синдирур. Чўчқани ўлдирур. Жизяни бекор қилур. Молни кўпайтирур. Ҳаттоки бирор киши уни қабул қилмай қуюр. Ҳаттоки битта сажда дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолур», дедилар». Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди. Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ийсо алайҳиссалом қиёматга яқин қолганларида ерга тушиб Ислом шариати ила ҳукм юритиб ҳамма ёқда адолат ўрнатадилар. У кишининг хочни синдиришлари хоч аҳлига қарши бўлиб уларни йўқ қилишларидир. Чўсқани ўлдиришлари ҳам унга тегишли нарсаларни йўқ қилишларига ишорадир. Жизяни бекор қилишлари эса, Исломдан бошқа диндагилардан мусулмонликдан бошқа нарсани, жумладан, жизяни ҳам қабул қилмасликларидир.
Абу Ҳурайра бу маъноларнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам борлигига ишора қилиб:
«Агар истасангиз «Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса. Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур»ни қироат қилинг», деди.
Уламоларимиз бу ояти кариманинг маъносида икки хил фикр айтганлар. Бунга оятдаги «ўлимидан олдин» ибораси сабаб бўлган. Баъзилари, бу ерда Ийсонинг ўлими назарда тутилган, десалар, баъзилари, аҳли китобнинг ўлими назарда тутилган дейдилар.
Биринчи тоифанинг гапига биноан оятнинг маъноси бундай: Ийсо алайҳиссалом қиёмат яқинлашганда туш-ганларида, у кишининг ўлимларидан олдин, аҳли китоб-лардан ҳеч ким қолмай, у киши ўлишларидан олдин у зотга иймон келтиради.
Иккинчи тоифа олимларнинг тафсирларига кўра эса, ҳар бир аҳли китоб ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради.
«Ҳеч бир аҳли китоб йўқки, унга ўлимидан олдин иймон келтирмаса».
Яъни, ҳар бир яҳудий ҳам ўз ўлимидан олдин, албатта, Ийсо алайҳиссаломга иймон келтиради. Аммо бу фойда бермайдиган иймон бўлади. Шунинг учун ҳам,
«Қиёмат куни эса, у уларнинг зиддига гувоҳ бўлур».
Яъни, Ийсо алайҳиссалом қиёмат куни уларнинг зиддига гувоҳлик берадилар.
Ийсо алайҳиссаломнинг нозил бўлишлари қиёматнинг аломатларидан бири эканлигига Зухруф сурасидаги қуйида-ги оятлар ҳам далилдир:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар. Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» деди-лар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар. У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик. Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик. Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эрга-шинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Бу масалани теранроқ англашимиз учун ушбу ояти кари-маларнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар».
Бу оятни тўлиқ тушуниш учун муфассирларимиз ҳаётда бўлиб ўтган ҳодисани келтирадилар. Пайғамбаримиз солла-лоҳу алайҳи васаллам мушрикларга Анбиё сурасидаги «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз. Сизлар унга киргувчидирсиз» оятини тиловат қилганларида, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ат-Тамимий исмли мушрик:
«Бу биз ва бизнинг олиҳаларимиз учунми ёки ҳамма умматлар учунми?» деб сўраган. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
«У сиз учун, олиҳаларингиз учун ва ҳамма умматлар учун», деб жавоб берганлар.
«Шубҳасиз, энди сени енгдим, Каъбанинг Роббига қасам! Насоролар Масийҳга ибодат қилмайдиларми? Яҳудийлар Узайрга ибодат қилмайдиларми? Бани Фулон фаришталарга ибодат қилмайдиларми?! Агар ана ўшалар ҳам жаҳаннамга тушсалар, бизнинг ва олиҳаларимизнинг жаҳаннамда бўлишига розимиз», деди у.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишини кутиб бир оз жим қолдилар. Мушриклар эса, Абдуллоҳ ибн аз-Забъарий ютиб чиқди, деб ўйлаб, шодланиб кулишди, бақир-чақир қилиб шовқин кўтаришди. Шунда Аллоҳ таоло: «Албатта, Биздан уларга олдин гўзал сўз ўтганлар у(жаҳаннам)дан узоқлаштирилгандирлар», оятини туширди.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга хи-тоб қилиб:
«Ибн Марям мисол келтирилган чоқда сенинг қавминг бирдан шодланиб қичқирурлар» ояти билан ўша ҳодисани ёдга солмоқда ва буни Ийсо алайҳиссалом ҳақларида баҳс юритиш учун муқаддима қилмоқда. Шунинг учун ҳам кейинги оятда мушрикларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларида айтган гаплари келтирилади ва муноқаша қилинади:
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар. Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар. Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Мушриклар Ийсо алайҳиссаломни насоролар худо санаб ибодат этишларини мисол сифатида келтириб, ўзларининг Аллоҳдан бошқа илоҳларга ибодат қилишлари тўғри эканини исботламоқчи бўладилар.
«Улар: «Бизнинг олиҳаларимиз яхшими ёки уми?» дедилар».
Яъни, бизнинг худоларимиз яхшими ёки Ийсо яхшими, дедилар. Уларнинг бу саволидан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, Ийсодек зот жаҳаннамга кирадиган бўлса, бизнинг олиҳаларимиз ҳам тушса нима бўлибди?! Иккинчиси, насоролар Ийсога ибодат қилса, бизнинг баъзиларимиз фаришталарга сиғинамиз. Фаришталар яхшироқми, Ийсо яхшироқми, деган маъно чиқади.
Оятнинг давомида мушрикларнинг бу тасарруфларининг асл моҳияти фош этилади:
«Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар».
Аслида эса, «Албатта, сизлар ва Аллоҳдан ўзга ибодат қилган нарсаларингиз жаҳаннам ўтин-тошидирсиз» оятидан кўзланган мақсадни яхши билишади. Шунингдек, Ийсо алайҳиссалом ўзларини худо демаганларини ҳам аниқ билиб туришади. Лекин мушрикларнинг табиатлари бузуқлиги учун бўлар-бўлмас баҳоналар топиб хусумат қўзғайверади-лар.
«Зеро, улар хусуматчи қавмдирлар».
Хусуматчилик жуда ёмон одат бўлгани учун ҳам Ис-ломда ундан четлашиш ҳар бир мусулмонга қаттиқ тайинла-нади.
Ибн Жарир Табарий Абу Усома розияллоҳу анҳудан қил-ган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ одамлар олдига чиққанларида, улар Қуръон ҳақида тор-тишиб ўтирган эдилар. У зот қаттиқ ғазабландилар. Худди юзларига сирка қуйиб юборилгандек бўлиб кетдилар. Сўнгра:
«Аллоҳнинг китобининг баъзиси билан баъзисини урманглар! Фақат талашиб-тортишишга мубтало бўлган қавмгина залолатга кетгандир, деб: «Улар уни сенга фақат талашиб-тортишиш учунгина мисол келтирдилар», оятини тиловат қилдилар».
Эндиги оятда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссалом ҳақиқатларини баён қилади:
«У фақат бир бандадир. Биз унга неъмат бердик ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, Ийсо фақат бир банда, холос. Худо ҳам эмас. Худонинг ўғли ҳам эмас. Бошқа бандаларга ўхшаш Худонинг оддий бандаси, холос.
«Биз унга неъмат бердик...»
Фарқ шуки, биз унга Пайғамбарликни неъмат қилиб бердик.
«...ва уни Бани Исроилга мисол қилдик».
Яъни, ўрнак ва ибрат бўлиши учун Ийсони Бани Исроилга мисол қилиб қўйдик.
Эй мушриклар!
«Агар хоҳласак, ўрнингизга ер юзида халифа бўладиган фаришталар қилиб қўяр эдик».
Кўпгина тафсирчиларимиз ушбу оятдан қуйдагича маъно чиқарганлар. Яъни, бу дунёю у дунёда яратиш иши ёлғиз Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. У зот нимани хоҳласа, шуни яратади. Бу ишга ҳеч ким аралаша олмайди. Шу жумладан, Аллоҳ Ўзи яратган фаришталар ҳам, мушриклар ҳам аралаша олмайди. Фаришталар ҳам Аллоҳ яратган махлуқлардир. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, ер юзида мушриклар ўрнига халифа қилиб фаришталарни ёки, аксинча, одамлардан фаришталар яратиши ҳам мумкин.
Сўнгра Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги ҳақиқий маълу-мотлар баёни давом этади:
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир. Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир».
Ушбу ояти карима Ийсо алайҳиссаломнинг қиёмат куни яқинлашганда тушишларига далилдир.
«Албатта, у (Ийсо) қиёмат соати илми-белгисидир».
Яъни, вақти келиб Ийсо қиёмат кунининг белгиси бўлади. Унинг қайта тушишидан қиёмат жуда ҳам яқин қолгани билиб олинади. Бу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламдан келган кўплаб ҳадиси шарифлар тасдиқлаган.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Молик ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушиши яқиндир. Бас, у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади, молу дунёни тошириб юборганидан уни биров олмай қўяди. Ҳаттоки, бир сажда бутун дунёдан ва ундаги нарсалардан яхши бўлиб қолади».
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг умматимдан бир тоифа то қиёмат кунигача ҳақ учун устун бўлиб жанг қиладилар. Бас, Ийсо ибн Марям ту-шади. Уларнинг амири унга: «Кел, бизга намозга ўт», дейди.
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсиз. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга кўрсатган ҳурматидир», дейди у».
Ийсо алайҳиссаломнинг қайтиб тушишлари ғайбий эътиқод масалалари доирасига киради. Бунга ушбу оятда ишора бор, шунингдек, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам унинг баёни келган. Шу икки масдардан бошқа ҳужжатга эътиқод қилиб бўлмайди.
«Бас, сиз у (соат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг...»
Албатта, у бўлади.
«...ва менга эргашинг».
Бу гап Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг тилла-ридан айтилаётган гапдир.
«Мана шу тўғри йўлдир».
Яъни, қиёмат куни ҳақида ҳеч шубҳаланмасдан Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга эргашиш энг тўғри йўлдир. Бундан бошқа тўғри йўл йўқ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Сиз қандоқсиз? Қачон Ибн Марям ичингизга нозил бўлганда, имомингиз ўзингиздан бўлур», дедилар». Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Ўша имом аввал ўтган ҳадису-шарифларга биноан имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Аллоҳга қасамки, албатта, Ибн Марям одил ҳакам бўлиб нозил бўлгай. Сўнг албатта, хочни синдиргай, албатта, чўчқани ўлдиргай, албатта, жизяни бекор қилгай, албатта, ёш туялар тарк қилингай, уларни суғорилмагай, албатта, одамлар орасидаги кўраолмаслик, ҳасад қилиш ва бир-бирини ёмон кўриш кетгай ва албатта, у молга даъват қилгай, аммо уни биров қабул қилмас», дедилар».
Шарҳ: Чунки молу дунё ҳамма ёқни босиб кетган бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар орасидаги ўзаро душ-манлик қолмаган бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дажжол умматим ичида чиқиб қирқ, билмадим қирқ кунми, қирқ ойми, қирқ йилми турур. Кейин Аллоҳ Ийсо ибн Марямни юборур. У худди Урва ибн Масъудга ўхшар. Бас, у ҳалиги(Дажжол)ни излаб топиб ҳалок этур. Кейин одамлар етти йил икки киши орасида адоват бўлмай турурлар», дедилар». Иккисини Муслим ривоят қилишган.
Шарҳ: Ровий Дажжолнинг чиққанидан кейин ер юзида туриши қирқ йилми, ойми ёки кунми эканида шакка тушиб қолган экан. Биз буни қирқ кун эканини ва у кунлар қандоқ кунлар эканини Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳунинг ҳа-дисларида ўрганганмиз.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен билан Ийсо алайҳиссаломнинг орамизда набий йўқ. Албатта, у нозил бўлур. Қачон кўрсангиз, уни таниб олинглар. Ўрта бўйли қизғиш оқ киши. Икки сарғиш кийим кийган. Худди бошидан қатра томиб турганга ўхшайди. Агар унга хўл етмаган бўлса ҳам. Ислом учун одамларга қарши уруш қилади. Масийҳи Дажжолни қатл қилади. Сўнг ер юзида эминдик воқеъ бўлади. Ҳаттоки шерлар туялар билан, йўлбарслар молллар билан ва бўрилар қўйлар билан бир яйловда бўлурлар. Болалар илонлар билан бирга ўйнарлар. Ийсо ер юзида қирқ йил туради. Сўнга вафот этади ва жанозасини мусулмонлар ўқийди», дедилар». Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Аҳмад ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Тавротда Муҳаммад ва Ийсо ибн Марям солаллоҳу алайҳимо ва салламларнинг сифатлари ва Ийсо М-с. билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир
». Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Биладиганларнинг айтишларича Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи шаришаларида ҳозир ҳам бир киши дафн қилинадиган жой бор. Ўша ерга Ийсо алайҳиссалом дафн қилинсалар керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ийсо алайҳиссалом нозил бўлишлари қиёматнинг энг катта аломатларидан биридир. Ийсо алайҳиссалом нозил бўлишининг маъноси у кишининг узоқ вақт Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган маконда турганларидан кейин ерга тушишларидир. Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқоди бўйича Ийсо алайҳиссалом ҳозир ҳам аввалги ҳаётлари давомини яшамоқдалар. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримнинг «Нисо» сурасида баён қилган:
«Биз Аллоҳнинг Расули Масиҳ Ийсо ибн Ма-рямни ўлдирдик», деганлари учун (уларни лаънат-ладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир».
Ушбу оятларда яҳудийларнинг Аллоҳнинг лаънатига учрашларига сабаб бўлган баъзи қилмишлари зикр эти-ляпти.
Ўша қилмишлардан биринчиси: «Аҳдномаларини бузганлари».
Яҳудийлар аҳдномаларини қандай бузганларини ўтган оятда ҳам яққол кўрдик, ўргандик ва англаб етдик.
Иккинчиси: «Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганликлари».
«Оят» деганда белги ва мўъжиза маънолари ҳам тушунилади. Аллоҳ таоло яҳудийларга иймонга келишлари ва тўғри йўлга тушишлари учун кўплаб оятлар–белги ва мўъжизалар кўрсатди. Бошқа сура ва оятларда уларнинг зикри келган. Аммо яҳудийлар мазкур мўъжизаларнинг барчасига куфр келтирдилар, уларни инкор этдилар.
Учинчиси: «Пайғамбарларни ноҳақдан ўлдирганлари».
Бу ҳам маълум ва машҳурдир. Қуръонда ўрни билан бу масала ҳам керагича ёритилган. Мисол учун, яҳудийлар Закариё ва Яҳъё алайҳиссаломларни ноҳақдан ўлдирганларини эслаш кифоя қилади.
Тўртинчиси: «қалбларимиз берк», деганлари».
Бу гапни улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даъватларига жавобан айтганлар. Уларни Исломга чақирганларида, масхара қилиб: «Бизнинг қалбларимиз берк, сенинг даъватинг кирмайди», деганлар. Бу билан улар, биз сенинг гапингга қулоқ ҳам солмаймиз, демоқчи бўлганлар.
Во ажабо, ҳақиқатда ҳам уларнинг қалблари берк ҳолда, унга ҳеч нарса кирмайдиган қилиб яратилганми?!
«Йўқ! Балки куфрлари сабабли Аллоҳ қалбларига муҳр босган, озгиналаридан бошқаси иймон келтирмаслар».
Яъни, аслида уларнинг қалблари ҳам бошқаларники каби яратилган, улар айтгандек, берк қилиб яратилган эмас. Аммо куфрлари сабабли Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб, қаттиқ, бетаъсир ва берк қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам, улардан жуда ҳам оз одамлар мусулмонликни қабул қиладилар.
Бешинчиси: «Ва куфрлари, Марямга қарши улкан бўҳтон айтганлари...»
Яҳудийларнинг ҳар бир катта гуноҳи эсга олинганида куфрлари қўшиб зикр қилинади. Ушбу жумлада ҳам шундай бўлган. Улар покиза, афифа Марям онамизга ҳам бўҳтон қилганлар. Марям Юсуфи Нажжор билан зино қилди ва ҳаромдан Ийсони туғди, деганлар. Бу гапни айтишга ҳеч кимнинг тили бормайди. Уни фақат яҳудий айта олиши мумкин.
Олтинчиси: «Аллоҳниг Расули Масиҳ, Ийсо ибн Марямни биз ўлдирдик деганлари».
Аслида, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни Пайғамбар деб тан олмаганлар. Бу ердаги «Аллоҳнинг Расули» дейишлари истеҳзо ва масхара учундир. Улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдирганликларини даъво қиладилар. Лекин бу қуруқ даъво, холос. Ҳақиқатни эса, Қуръони Карим баён қилади:
«Ҳолбуки, уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди».
Ийсо алайҳиссаломга яҳудийлар суиқасд қилганларининг қиссаси маълум ва машҳур. Бу қиссани буюк тафсирчилардан Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича ривоят қиладилар:
«Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни очиқ-ойдин аломатлар ва ҳидоят ила Пайғамбар қилиб юборганида, яҳудийлар у зотга берилган Пайғамбарлик ва мўъжизаларга ҳасад қилдилар. У киши кўр бўлиб туғилганларни ва песларни даволар, ўликни Аллоҳнинг изни ила тирилтирар, лойдан қушнинг шаклини ясаб унга пуфласалар, Аллоҳнинг изни ила қуш бўлиб учиб кетар эди. Шунга ўхшаш кўпгина мўъжизалар билан у кишини Аллоҳ қўллаб-қувватлаган эди. Яҳудийлар эса, у кишини ёлғончига чиқардилар, хилоф қилдилар ва имкони борича у зотга озор беришга ўтдилар. Ҳаттоки, Аллоҳнинг Пайғамбари Ийсо алайҳиссалом улар бор жойда турмайдиган бўлдилар. Кўпинча оналари билан бирга саёҳатда юришга мажбур бўлдилар. Яҳудийлар бу билан кифояланиб қолмадилар, у зотни ўша даврдаги Дамашқнинг подшоҳига чақдилар. Подшоҳ юлдузларга сиғинадиган мушриклар тоифасидан эди. Унинг миллатига, юнон, деб ном берилган эди. Яҳудийлар унга: «Байтул Мақдисда бир одам чиқиб, кишиларни фитнага солмоқда, адаштирмоқда ва фуқароларни подшоҳга қарши қўймоқда», деб хабар етказдилар. Бундан подшоҳнинг ғазаби чиқди. БайтулМақдисдаги ноибига мазкур одамдан эҳтиёт бўлиш, уни осиб, бошига тикон қўйиб, унинг шарридан одамларни сақлаш фармонини берди. Мактуб Байтул Мақдиснинг волийсига етиб келганида, у фармонни бажаришга отланди. Бир тоифа яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом турган жойга борди. У киши ўзларига яқин кишилар билан бирга эдилар. Уларнинг сони ўн икки-ўн уч ёки ўн еттита эди.
Бу воқеа жума кунидан шанбага ўтар кечаси содир бўлди. Яҳудийлар уларни қамалга олдилар. Ёки улар босиб киришади, ёки ўзлари уларнинг олдига чиқишлари керак–бундан бошқа илож қолмаганини англаб етган Ийсо алайҳиссалом шерикларига: «Кимингизга менинг тусим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар.
Бу ишга бир ёш йигит тайёрлигини билдирди. Уни хиёл ёш санадилар, юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит ўз тайёрлигини билдирди. Ийсо алайҳиссалом: «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Ийсо алайҳиссалом тусига киритди.
Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Ийсо алайҳиссаломни мудроқ олди. Шу ҳолда осмонга кўтарилдилар. У зот кўтарилганларидан кейин, шериклари ташқарига чиқдилар. Яҳудийлар қоронғуда ҳалиги йигитни, Ийсо, деб ўйлаб, ушлаб, осдилар ва бошига тикон қўйдилар».
Аммо ишга бу билан нуқта қўйилгани йўқ. Асосий их-тилофлар айнан ушбу воқеадан сўнг бошланди. Таъкид-ланганидек, ҳодиса кечанинг қоронғусида, тўс-тўпалоннинг ичида бўлиб ўтди. Кўп нарсалар ноаниқ қолди. Шунинг учун:
«Унинг ҳақида ихтилоф қилганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар».
Аввало, ҳодисада иштирок этганларнинг ўзлари ихтилофга тушдилар. «Агар ўлдирилган Ийсо бўлса, бирга юрган одам қани? Агар ўлдирилган бирга юрган одам бўлса, Ийсо қани?» дедилар, бир-бирларига. Лекин бирибир ўликни осиб қўйиб, биз Ийсони ўлдирдик, деб мақтаниб юришаверди. Насоролар бўлса, баъзилари бу гапга ишонди, баъзилари «Ийсо ўлгандан кейин кўмилди. Аммо уч кундан кейин яна тирилди», дейишди. Лекин ҳаммаларининг гапи ҳам асоссиз гаплардир. Бу нарса оятнинг сўнгида яна бир бор таъкидланади:
«У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашадилар. Уни ўлдирмаганлари аниқ».
Хўш, ўлдирмаганлари аниқ бўлса, унга нима бўлган, деган саволга келаси оятда жавоб келади:
«Балки, уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ азиз ва ҳаким бўлган зотдир».
Мўмин-мусулмонларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги ақидалари ушбу ва бошқа оятлардан ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифлардан олинган. Унда ҳеч қандай ноаниқлик, шубҳа ёки гумон йўқ. Ҳаммаси аниқ ва очиқ-ойдин.
Аллоҳ таолонинг иродаси кетган пайтда Ийсо алайҳиссалом ерга тушиб Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариатлари бўйича иш тутадилар. Ўша пайтда Ийсо алайҳиссаломга янги ваҳий келмайди. Шундан Ийсо алайҳиссалом тушишлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг охирги набий эканликларига ва у зотнинг шариатлари охирги шариат эканига ҳеч ҳам хилоф бўлмайди.
Аммо қадимда ҳам, ҳозирда ҳам баъзи тоифалар Аҳли Сунна вал Жамоа мазҳабининг Ийсо алайҳиссаломнинг ҳозир тирикликлари ва қиёматга яқин нозил бўлишлари ҳақидаги эътиқодига хилоф қилганлар ҳам бўлган. Бу ишни қадимда мўътазилийлар ва жаҳмийлар қилган бўлса, ҳозирда Муҳаммад Абдуҳ ва унинг баъзи шогирдлари қилдилар. Аммо уларнинг гапининг эътибори йўқ. Улар ўзларича гапни бошқа томонга буришдан бошқа нарса қилмаганлар.
Аҳли Сунна вал Жамоа мазҳабининг бу масаладиги далиллари Қуръони каримдан бошқа йигирма тўққизта ҳадису-шарифдан иборатдир. Булар мутовотир даражасига етганлигида ҳам бировнинг шубҳаси йўқ.