Тамплиерлар ҳақида

Тамплиерлар (фр. templiers от «temple» — ибодатхона, «ибодатхоначилар») ёки Сулаймон ибодатхонаси (лат. Templique Solomonici) ва Масиҳнинг фақир рицарлари — ҳарбий-монахлик ордени.
Француз рицарлари 1119 йили Қуддусда I-салиб юришидан сўнг кўп ўтмай асос солганлар. Тамплиерлар атамаси ўзининг дастлабки кароргоҳи Тампли (маъбад, яъни ибодатхона) номидан келиб чиккан — унга яқин ерда, ривоятга кўра Соломон ибодатхонаси бўлган.  Ушбу рицарларга тегишли анча ғаройиб сирлар ҳалигача очилмаган. Айниқса Масон жамиятларининг бу рицарларга соҳиб чиқиб, қучоқ очиши, улар билан ўзлари орасида қандайдир яширин алоқалар қуришлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.

1099 йили Қуддус ва Фаластиндаги муқаддас жойларни насроний салибчилар босиб олишди. Шунга қарамай уларнинг бу ерда тўла хавфсиз ҳолатда деб айтиш мушкул эди. Бу ердаги мусулмон кучлари, айниқса 1071 йилги Малазгирт жангидан кейин оқиб келган турклар насронийларни қийин аҳволга солиб қўйган эди. Минтақага насроний зиёратчиларининг бемалол оқиб келишини таъминлаш учун хавфсизлик чораларини ошриш керак эди. Чунки, муқаддас заминга зиёрат учун келаётган аксар насроний зиёратчилари йўлда мусулмонларнинг ва атрофдаги турли хил тўдаларнинг осон қурбонига айланар эди. Манбаларда айтилишича, Тахминан 1118 йили  Франциянинг Шампан вилоятида Гуго де Пейн ўзининг саккизта қариндош рицарларини тўплаб, орден ташкил қилади. Орден муқаддас заминга отланган зиёратчиларни ҳимоя қилишни ўзига мақсад қилиб олади.

Қуддуси шарифга етиб борган рицарларни қирол Балдуин II яхши кутиб олади. Қуддуси шарифдаги ибодатхона, яъни улар фаолиятини амалга ошириш учун масжидул Ақсони штаб қилиб олишга изн беради. Шундан бери уларнинг номи Ибодатхона ордени, рицарлар эса, ибодатхоначилар (тамплиерлар) деб атала бошланди. Ўз фаолиятини бошлаганларида уларнинг номи “Исонинг фақир рицарлари” деб айтилар эди (1119-1120 йиллар).

Тамплиерлар сони кундан кунга ошиб борди. Уларнинг катталари Франция ва Британияда даъват ишларини бошлаб юборди, сафлари кенгайди, янги-янги рицарлар келиб қўшила бошладилар. Баъзи зодагонлар уларга катта маблағларда молиялар ҳам ажратиб турдилар.

Уларнинг аввалги ишлари Хайфа денгиз порти ва Қуддус оралиғидаги йўлларни назорат қилиш эди. Тамплиерлар сони ошиши билан улар ўзлари амал қилиш учун қоидалар ишлаб чиқдилар. 1127 йили Гуго де Пейн ўзининг бешта ҳамроҳи билан папа Гонорий II зиёратига борди. Папа уларни жамоа сифатида тан олди.

1139 йили папа Иннокентий II “Omne Datum Optimum” деб номланган “булла”си эълон қилинди. Унга кўра, тамплиерлар барча солиқлардан озод, ҳар қандай чегараларни бемалол кесиб ўтиши ва фақат папага бўйинсиниши ҳақидаги бир қатор ҳукмлар зикр қилинган эди.

Жамоа фаолиятини асослаб берадиган турли хил янги қоидалар ишлаб чиқилди, қўшимчалар киритилди ва хк.  Тамплиерлар бошқалардан ажраб туриш учун оқ рангли кўкрагида қизил ҳоч тасвири туширилган либосларни кийиб юришни ўзларига одат қилишди.

Орденнинг кенгайиши

Вақт ўтиши билан тамплиерларга жуда кўп рицарлар келиб қўшилди. Сафлари анча кенгайиб борар эди. 1147 йили орденнинг иккинчи устози Робер де Краон ўлганида Қуддуси шарифнинг ўзида 700дан ошиқ рицар ва уларга хизмат қилувчи 2400 киши бор эди.

13-асрга келиб рицарлар сони ўн беш мингга етди. Улар назорат қиладиган қалъалар ҳам 3000 дан ошиб кетди. Тамплиерлар ҳам аскар ҳам роҳиб бўлганликлари учун, улар ўзларига никоҳ ва  аёлларни “ҳаром” қилиб олишган эди. Аксар вақтлари ибодатда ўтар эди.

Улар эга бўлган имтиёзлари, насроний диндорларнинг хайр-эҳсонлари ва инъом килинган ерлардан келадиган даромад, савдогарлик ва судхўрлик туфайли Яқин Шарқ ҳамда Ғарбий Европадаги энг йирик феодал ва банкирга айланди. Салибчилар босиб олган жойларни тўнаш ва зиёратчиларни мусулмонлардан ҳимоя килиш мақсадида хизматлари учун олаётган ҳақлари эвазига улар жуда бойиб, таъсир кўлами ҳам анча ошиб кетди.

Папалар Тамплиерлардан бидъатчилар ва халқ исёнларига карши курашда бир неча бор фойдаланди. Тамплиерлар салиб юришлари ва қиролликлар давридани энг кучли қўшин ҳисобланар эди. Орден атрофида турли хил миш-мишлар ҳам кўпайиб кетди.

Салиб юришлари муваффакиятсизликка учраб, шарманда бўлганларидан сўнг, Тамплиерлар Европада, асосан Францияда ўрнашиб колдилар ва Яқин Шарқда ортирган бойликлари эвазига шоҳона ҳаёт кечира бошладилар. Тамплиерлар қудрати ўсиб кетишидан чўчиган ва орденнинг бойликларини эгаллашга интилган француз кироли Филипп IV 1307 йили пап билан тил бириктириб Тамплиерларни қамоққа олишга муваффақ бўлди ва уларга қарши инквизиция маҳкамасини бошлаб юборди.
Турли хил гуноҳи кабиралар билан айбланган рицарлар магистрлари билан бирга 1310 йили гулханда ёндирилди, орденнинг мол-мулки эса қироллик хазинасига ўтди. 1312 йили папа Климент V Тамплиерлар орденини тугатди.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади