Миссионерликнинг оқибатлари ва унинг олдини олиш йўллари

Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Уларнинг ҳар бири ўз миллий урф-одатлари, анъаналари, тилига эга. 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда барча миллат вакилларига тенг ҳуқуқли муносабат қонун билан мустаҳкамланган. Ўрта ва олий таълим 20 тилда оммавий ахборот нашрлари 7 та миллий тилда ўқитиш ишлари фаолият кўрсатмоқда. Бу каби миллатлараро тотувликни жуда ҳам оз сонли мамлакатлардагина кузатиш мумкин. Эътибор берсак, кўп мамлакатларда низолар асосан миллий ва диний асосда юзага келади.
1991 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон худудида жами 211 та диний ташкилот фаолият олиб борган. Шундан 149 таси исломий, 51 таси христиан, 11 таси яҳудий диний ташкилотлари эди. Ҳозирги кунда республикамизда жами 2216 диний ташкилот рўйхатга олинган бўлса, шундан 2035 таси исломий диний ташкилотлардир.
Ўзбекистон ҳудудида миссионерлик фаолияти билан шуғулланадиган кўпгина диний конфессиялар мамлакатимизда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунни нодемократик деб биладилар.Уларнинг фикрича, гўёки ушбу Қонун фуқароларнинг халқаро пактларда кўрсатилган ҳуқуқларини, жумладан, эътиқодий ҳуқуқини чеклайди.
Миссионерлар турли нашрлар ва интернет орқали Ўзбекистонда христианлар турли тазйиқларга учраётгани, черковлар ноқонуний равишда ёпиб қўйилаётгани ҳақида жар солишмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг 90 % дан ортиғини мусулмонлар ташкил қилади.  Ҳозирги кунда республикамизда 15 та ноисломий диний конфессияларга мансуб 181 та диний ташкилот расман рўйхатдан ўтиб фаолият юритмоқда. Бу рақамни мамлакатимизнинг 14 худуди (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)га нисбатан ўрта ҳисобда олсак 12,92 та ноисломий диний ташкилот тўғри келади. Биргина  Тошкент шаҳрининг 11 туманида 30 дан ортиқ ноисломий диний ташкилот мавжуд. Теран ақл билан бир ўйлаб кўрайлик, бундан ортиқ яна қандай эркинлик бўлиши мумкин. Умумий аҳоли сонининг 3-4 фоизини ташкил қиладиган фуқаролар учун шунча имкониятлар яратиб берган мамлакатни нодемократик деб бўлармикин?
Ўзбекистон халқи кўп миллатли бўлиши билан бирга, маҳаллий аҳоли ўз урф-одатларига жуда ҳам содиқдир. Ислом дини эса маҳаллий халқларнинг урф-одатларига чуқур кириб бориб, ҳаёт тарзига айланган. Халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ислом дини билан чамбарчас боғлиқ.
Атеистик мафкурага асосланган тузум даврида, халқимизни диний қардиятлардан айиришга  ҳаракат қилинди.
Мустақиллик туфайли халқимиз  ўз қадриятларини қайта тиклай бошлади. Лекин кўпчилик ҳали ҳам дин ҳақида чуқур маълумотга эга эмас эди. Табиийки, бундай одамларнинг фикрини ўзгартириш, уларга бир динни ёмон кўрсатиб, бошқасини яхши деб талқин қилиш осонроқ кечади. 
Миссионерлар  ўзларининг хушмуомалалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали  юқоридаги каби кишиларни чалғита бошладилар. Ўз “ўлжа” ларининг қизиқишлари ва заиф томонларини ҳисобга олиб, бўлажак прозелитлар билан дўстона муносабатга кириб олишади ва охир-оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Бунинг оқибатида ота-боболари исломдан бошқа динни билмаган бир оила вакили ёки вакиласи бошқа динини қабул қилади. Жамиятнинг илк ва энг муҳим бўлаги бўлмиш ОИЛА жанжал ва низолар домига тортилади. Ота-она, қавму қариндошлар унинг бу қилмиши оқибатида маҳалла-кўйда бош кўтара олмай қолади. Оила маҳалладан ва ўз яқинларидан узилиб қолади.
Миссионерлар  прозелитларни бундай муаммоларга учрашлари хақида олдиндан огоҳлантириб, бунинг  эвазига бу дунёда моддий-маънавий кўмакни, охиратда эса абадий роҳатни  ваъда қилишади. Прозелитлар ҳам қарздор бўлиб қолмайдилар. Онгларини етарлича эгаллаб олганларидан сўнг миссионерлар прозелитларга черковга хайр-эҳсон қилишни таклиф қилишади. Хусусан «Еттинчи кун Адвентистлари» жамоасининг ҳар бир аъзоси ўз даромадларининг ўндан бир қисмини черков ҳисобига ўтказиши шарт. Оила аъзоларидан бири янги конфессияга аъзо бўлгач, уйдаги жиҳозларни сотиб черков ҳисобига ўтказгани, ҳатто хайр-эҳсон учун уйдаги пулларни ўғирлашгача ҳам борганини исботловчи ҳаётий мисолларни истаганча топиш мумкин.
Тасаввур қилинг хоналарига қулф илмайдиган ўзбек оиласида юқоридагидек ҳолат юзага келди. Ўзбек оиласи учун бундан ҳам катта фожеа борми? Бу нарса аввало оилада, сўнгра  бутун жамиятда ўзаро ишончнинг йўқолишига олиб келмайдими?
Миссионерлик фаолиятининг хавфли томонларидан яна бири шундаки, баъзи жамоаларда, масалан, иеговочилар ва баҳоийларда аъзолар ҳарбий хизматга боришлари, умуман қўлларига қурол ушлашлари тақиқланади. Бундай ғоявий тарғиботда тўғридан-тўғри Ватандан бегоналашишга, унинг тақдирига нисбатан бефарқлик ва лоқайдлик кайфиятининг шаклланишига йўл очади. Ноанъанавий диний конфессияларнинг бундай ғоялари билан тарбияланган фуқароларнинг кўпайиши миллий хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид туғдиради. Баҳоийлар умуман “Ватан” тушунчасини ҳам инкор қиладилар. Ер юзининг баҳоийлик тарқалган ҳар қандай жойи улар учун Ватан ҳисобланади.
Иеговочилар бир инсоннинг қонини бошқасига қуйишни гуноҳ деб биладилар. Инсон ҳаёти учун кутилмаган вазиятларда қон қуйиш хал қилувчи аҳамият касб этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай ғоявий тарғиботнинг фожиавий оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. 
Ҳар бир инсоннинг бошида ўлим бор. Христианликни қабул қилган киши вафот этгач нима бўлишини тасаввур қилиш жуда ҳам мушкул. Ким уни дафн қилади, қандоқ ва қаерга дафн қилиш  керак деган муаммолар юзага келади. Албатта, мусулмон ота-она ўз фарзандини  бекафан, бежаноза кўмишни истамайди. Маҳалла-кўй эса ғайридиннинг таъзиясига ҳам бормайди, майитни қайси мозорга қўйиш муаммоси пайдо бўлади.  Бу қандоқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушуниб турган бўлсангиз керак.
Бизда бир болага етти маҳалла тарбия беради. Фарзанд  ноқобил чиқса етти маҳалла иснодга қолади.
Халқимиз  қиз олиб, қиз беришда нафақат келин ёки куёвнинг ўзига, балки унинг етти пуштига аҳамият беришади.
Ўзбеклар  фарзандлари бошқа динга ўтиб кетса, ҳеч қачон «Ўзинг биласан, билганингни қил» демайди.
Ўзбеклар бағрикенг халқ,  бошқа дин вакилларини ҳурмат қилиб, ғайридин қўшнилари билан яхши алоқа қилади. Буни ўзининг юксак инсонийлик бурчи, деб билади. Фақат ўз фарзандининг ғайридин қўшниси томонидан эътиқоди ўзгартирилишига чидай олмайди.
Юқоридаги гаплар баъзиларга эриш туюлиши мумкин. Аммо ислом динининг одамларимиз онги ва шуурига  жуда чуқур сингиб кетганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Черковларда ўзбек тилида олиб бориладиган ибодатда кўпгина собиқ мусулмонларнинг ўз дуоларида «Аллоҳу акбар» деб, юзларига фотиҳа тортишларининг тез-тез учраши ислом динини қон-қонимизга нечоғлиқ сингиб кетганининг кичик бир далили, холос.
Миссионерлар фаолияти бўйича нафақат мусулмонлар, балки эътиқод қилувчиларнинг кўплиги бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда турадиган православ оқими вакилларидан ҳам кўплаб шикоятлар тушмоқда. Православ руҳонийлари, уларнинг таъбири билан айтганда, бундай «сектантлар»га  қарши курашиш лозимлигини табора ва астойдил талаб қилмоқдалар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки қайси ташкилотга мансуб бўлишидан қатъи назар, миссионерлар бундай фаолиятлари билан ўз динига содиқ бўлган фуқаролар орасида ўзларига нисбатан салбий фикр ҳосил қилмоқдалар. Одамлар орасида миссионерларни душманлар сифатида кўрадиганлар пайдо бўлмоқда.
Бундай муносабатнинг ривожланиши, эса диний асосдаги келишмовчиликлар, хатто низоларни келтириб чиқариши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.. 
Ноанъанавий диний ташкилотларнинг баъзи йўналишлари миссионерликдан асосан геосиёсий мақсадлар йўлида фойдаланаётганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур. Қудратли давлатлар ўз таъсир доираларини янада кенгайтириш жамиятда парокандалик ва низолар келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни заифлаштириш  ва шу йўл билан муайян мамлакатларда ўз назоратларини ўрнатиш учун ҳам миссионерликни қўллаб-қувватламоқдалар.   Президентимиз И.А.Каримов шундай ёзадилар: “Афсуски, инсоният тарихида диний онгнинг ажралмас қисми бўлган одамлардаги эътиқоддан фақат бунёдкор куч сифатида эмас, балки вайрон қилувчи куч, ҳатто фанатизм сифатида фойдаланганлигини кўрсатувчи мисоллар кўп. Фанатизмнинг ўзига хос хусусияти ва кўринишлари аввалом бор, ўз динининг ҳақиқийлигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлишдан иборатдир. Айнан фанатизмга йўлиққан одамлар ёки уларнинг гуруҳлари жамиятда беқарорлик тўлқинини келтириб чиқаришга қодир бўладилар”.
Ҳозирги кунда тез-тез тилга олинаётган Самуэль Хантингтоннинг “Цивилизациялар тўқнашуви” асаридаги гўёки, ислом ва христиан цивилизациялари тўқнашуви юз бераётгани тўғрисидаги назария ҳам, асосан геосиёсий мақсадларга қаратилган.
Патрик Жонстоуннинг талабаларни миссионерлик фаолиятининг асосий объекти деб билиши ҳақидаги фикрларини келтирган эдик. Бу нарса юртимиз учун жуда ҳавфли ҳолат хисобланади. Тасаввур қилинг эртага ана шундай прозелитлардан бири, юқори давлат мансабларидан бирига кўтарилди. Ўша мансабдор энди давлат манфаати учун хизмат қилармикин ёки ўз раҳнамолари нағмасига ўйнармикан? Афсуски, ёшларимиз орасида бундайлар йўқ эмас. Уларнинг тилларидан Ватан танқиди ва Европа тақлиди тушмайди. Улар хориждан келган айғоқчи миссионерларни ўзларига идеал қилиб олганлар. Улар ўзларини «лидер», юқори сиёсий онг эгаси деб биладилар.
Миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш орқали мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашимиз мумкин. Зеро, Президентимиз айтганларидек: “Мустақиллик ниҳоли кўкариши учун унга тинчлик, осойишталик, тотувлик, миллатлараро чидам ва бардош каби кучли илдизлар керак. Шунда у ҳар қандай шамол, довул, бўронларда эгилмайдиган бўлиб улғаяди”.
Ўзбекистон ҳукумати буни теран англаб етди ва диний ҳолатни тартибга солиш учун тизимли ҳаракатлар олиб борди ва бормоқда. Илк қадам сифатида 1991 йил 14-июнда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни  қабул қилинди. 1992 йил 7-мартда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди. Бундай Қонун ва қўмита Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда пайдо бўлди,
Шу йўл билан турли диний оқимларнинг ўзбошимча фаолиятига маълум даражада чек қўйилди. Аммо бу ҳам кўпгина оқимларни тўхтата олмади. Турли конфессияларга мансуб ташкилотлар қонунан рўйхатдан ўтиб, унга бўйсунишга ваъда берсаларда, аслида барибир қонунларни бузишга ёки четлаб ўтишга ҳаракат қилдилар. Бу ҳолат асосан пойтахтдан узоқдаги вилоятларда кучая бошлади. Расмий рўйхатдан ўтган диний ташкилотлар билан бирга норасмий диний ташкилотлар кўпая бошлади. Янги шароитдан келиб чиқиб,  амалдаги қонунга ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилди. Шу мақсадда 1998 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.
Янги қонун диний ташкилотлар ва уларнинг ноқонуний хатти- ҳаракатларига янада қатъий чек қўйди.
Қабул қилинган Қонунга кўра, миссионерлик фаолияти қатъиян тақиқланди. Ушбу Қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” ва Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят кодекиси”га тегишли модда ва бандлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси доимо ўз қонунларида виждон эркинлигини қўллаб-қувватлаган. Бунга далил сифатида Конституциямизнинг 31-моддасини келтиришимиз мумкин. Унга кўра, Республикимизнинг ҳар бир фуқароси ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш, ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашлар мажбурлаб сингдирилишига йўл қўйилмайди.
Диққат қилган бўлсангиз Конституциямиз аввал ҳар бир инсон ўзи хоҳлаган динни танлаши, ёки умуман ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини эътироф этмоқда. Бу, демократиянинг ёрқин белгисидир. Шундан сўнг эса демократиянинг бундан ҳам ёрқин намунаси келтирилмоқда, яъни инсонга нафақат танлаш эркинлиги кафолатланган, балки унинг танлови ҳам давлат томонидан муҳофаза қилинмоқда.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан ҳам: “Виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат конституциявий ҳуқуқидир”,- дейилган. Бу ерда ҳам конституциямизда белгиланган ҳуқуқлар таъкидланмоқда. Бунинг давоми ўлароқ ушбу Қонуннинг кейинги бандида: “Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди”, -дейилган. Ушбу бандда ҳам Конституциядаги гаплар кенгроқ қилиб баён қилинмоқда. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга кўра динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги тўлиқ ҳимоя қилинади, у фақат фуқаролар ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқ ва эркинликлари ёки миллий ҳавфсизликка раҳна солгандагина чекланиши мумкин. 
“Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар”.
Ушбу банд чет элдан келиб, юртимизда миссионерлик ёки бошқа турдаги ноқонуний фаолият олиб борувчи диний ташкилотлар учун киритилган.
“Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти - ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.
Баъзи диний конфессияларнинг қонунни бузишга ҳаракат қилишлари мумкинлиги назарда тутилиб қуйидаги бандлар ҳам киритилган:
“Диний ташкилотлар амалдаги қонун хужжатлари талабларига риоя этишлари шарт”.
“Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш шунингдек, яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади”.
Юқоридаги икки банд халқаро миссионерлик ташкилотларининг баъзи сиёсий  кучлар воситасида маълум давлатга тазйиқ ўтказиш усуллари борлиги назарда тутилиб киритилган ва шундай ҳол юз берганда ушбу бандларга таяниш назарда тутилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ҳозиргача Конституция хамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда миссионерлик ва прозелитизм масалаларига оид модда ва бандларни кўриб чиқдик. Қуйида ушбу Қонун асосида республикамизнинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида кўрсатилган модда ва бандларни келтириб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” да жумладан қуйидаги моддалар келтирилган: “Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларнинг, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаш, - энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа солишга сабаб бўлади (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 май қонуни билан киритилган, 1999 йил 15 апрел қонуни таҳририда - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда; 1999 йил, 5-сон, 124 - модда)”..
Ҳозирги кунда республикамизда иш ҳақининг энг оз миқдори 21 500 сўмни ташкил қилишини ҳисобга олсак, агарда бирор диний ташкилот ушбу моддани бузса, у 107 500 сўмдан 215 000 сўмгача жарима тўлаши ёки маъмурий қамоқни ўташига тўғри келади.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс” нинг бошқа моддасида: “Нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, диндорлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш,-энг кам иш ҳақининг бир баравардан ўн бараваригача бўлган миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа солишга сабаб бўлади.
Бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссонерлик фаолияти,-энг кам иш ҳақининг беш боравардан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади(Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1май қонуни таҳририда, - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда ) ”.
“Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органинг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш,- энг кам иш ҳақининг беш баравардан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади(Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1май қонуни таҳририда, - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда ) ”.
Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят Кодекси” да ҳам мавзуга доир бир қатор моддалар келтирилган бўлиб, улар қуйидагилардир:
“Диний ташкилотларнинг қонуний фаолиятига ёки диний маросимларни ўтказишга  тўсқинлик қилиш,-энг кам ойлик иш ҳақининг  эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ёҳуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, ҳудди шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш,-энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки  икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёҳуд уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишларига ёки фуқаролик бурчларини бажаришларига тўсқинлик қилиш билан, диндорлардан мажбурий йиғин ундириш ва солиқ олиш билан ёҳуд шахснинг шаъни ва обрўсини камситувчи чора-тадбирлар қўллаш билан ёки диний таълим олишда ҳамда фуқаро динга нисбатан, динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликка нисбатан, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка нисбатан ўз муносабатини белгилаётган пайтда мажбурлаш билан боғлиқ диний фаолият юритиш, шунингдек диний маросимлар ўтказишни ташкил этиш шахс баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса,- энг кам иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёҳуд уч йилдан беш йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1май қонуни таҳририда, - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда ) ”.
Жиноят кодексидаги ушбу модданинг биринчи бандида, диний ташкилотларнинг қонуний фаолиятига, маросимларини ўтказишга тўсқинлик қилиш қонунга зид эканлиги айтиб ўтилмоқда. Бу нарса баъзи миссионер ташкилотлар томондан, «Ўзбекистонда черковлар ҳеч қандай асоссиз ёпиб қўйилмоқда», деган даъволарига жавобдир. Агар ҳақ бўлсалар буни судда исботласинлар, қонун уларга ҳатто ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари устидан шикоят қилишга ҳам йўл очиб берган.
“Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларнинг, оқимлар, секталарнинг фаолиятида қатнашишга ундаш, шундай Ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган бўлса,- энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1май қонуни билан киритилган, 1999 йил 15 апрел қонуни таҳририда - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда;  ) ”.
“Нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, руҳонийлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган бўлса -энг кам иш ҳақининг эллик баравардан юз бараваригача  миқдорда жарима  ёки олти ойгача қамоқ ёҳуд уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади.
Бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссонерлик фаолияти шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган бўлса -энг кам иш ҳақининг эллик баравардан юз бараваригача  миқдорда жарима  ёки олти ойгача қамоқ ёҳуд уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1-май қонуни таҳририда, - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сон, 102-модда ) ”.
Кўриб турганимиздек, Жиноят кодексидаги чоралар, Маъмурий кодексдагидан анча жиддийроқ кўриниш касб этган. Биринчи марта қонунни бузган шахс ёки ташкилотга маъмурий жазо қўлланилади. Агарда ўша шахс ёки ташкилот шундан сўнг хам қонунни бузишда давом этса, унга энди жиноят кодексидаги чоралар қўлланилади .
Хулоса қилиб айтсак, қонунларимизда миссионерлик тушунчаси салбий фаолият сифатида баҳоланган.

Жасур Нажмиддинов