Миссионерликнинг мақсад ва муддаолари

Луғатлар ва бошқа манбаларда баён этилган таърифларга таянган ҳолда айтиш мумкин: миссионерлик – баъзи ташкилотларнинг бошқа динга эътиқод қилувчи халқлар орасида сиёсий ғаюр мақсадлар билан уларга ёт динни тарғиб қилиш ҳаракатини англатади. Прозелитизм эса, тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилдиришга қаратилган ҳаракатларни англатиб, миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Охирги ўн йилларда дин даъвоси билан ҳаракат қилаётган миссионерлик ташкилотларининг диёримиздаги кирдикорларига гувоҳмиз. Бу ҳол халқимиз орасида турли қарама-қаршиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, динидан воз кечиб, турли секталар этагини тутган кишилар вафот этганида жасадини қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Маййитнинг мусулмон ота-оналари фазандларининг насронийлар мозорига дафн этилишини, аҳли муслим эса насроний дини вакили жасадининг мусулмонлар қабристонига қўйилишини истамаганлари натижасида келишмовчиликлар юз беряпти.
Шунингдек, бошқа динни қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, отаси эса мусулмончилик одатларига кўра, набирасини хатна қилдиришни истагани сабаб ота-бола ўртасида низолар келиб чиқаётгани ҳам маълум.
Бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Қизнинг ота-онаси мусулмон ва албатта, қизларининг мусулмон киши билан турмуш қуришини исташади. Аммо сектантликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши мумкин эмас.
Бундай ҳолатларга доир мисолларни кўп келтириш мумкин. Улар тинч оилаларда низолар ва жанжаллар авж олишига ҳамда ўзга дин вакилларига нисбатан душманлик ҳиссини қўзғатиш орқали динлараро зиддиятлар келиб чиқишига замин яратиши мумкин. Маълумки, насронийликнинг айрим йўналишларида “миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт” ҳисобланади. Исо Масиҳнинг ўзига ўн икки ҳаворийни танлаб олиши ва даъват қилиш мақсади билан уларни Исроил қишлоқлари бўйлаб юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган “Инжил”да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади: “Шу ўринда адолат юзасидан бир фикрни алоҳида қайд этиш лозим. Кўпчилик ҳолларда муайян дин доирасида шаклланган у ёки бу кўрсатмалар, ақидалар аниқ бир тарихий шарт-шароит билан боғлиқ бўлади ва ўз даври учун тўғри ҳисобланади. Вақт, шароит ўзгариши билан ўзининг бирламчи аҳамиятини йўқотган бундай талаблар ўша даврдаги тарихий вазиятни тушуниш ва баҳолашда муайян қиймат касб этади”. Миссионерлар фаолиятига асос сифатида хизмат этаётган “Инжил” яккахудоликни тарғиб қилади. Умуман олганда, бугунги кунда жаҳон аҳолиси мутлақ кўпчилигининг диний эътиқоди яккахудоликка асосланган. Шундай экан, қайд этилган кўрсатмаларни миссионерлик учун ғоявий асос қилиб олиш тарих ҳақиқатига зид эканини таъкидлаш зарур.
Бундай қарашлар қачонлардир содир бўлган тарихий воқеаларни ғараз мақсадларда бузиб талқин қилиш ҳосиласидир. Миссионерлар ўз ғояларини асослаш учун Лукадан ривоят қилинган “Инжил”да Исо Масиҳнинг ўз шогирдларини турли қишлоқларга юборганига оид қуйидаги сўзларни келтиришади:
«IV асрга келиб “даъватчилар” хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан “даъватчилар” аста-секин Оврупанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб борди ва бу дин Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди».
Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилган руҳонийлар фаолияти миссионерликнинг илк кўринишлари эди. 400-йилларда Ирландияда насронийликни тарғиб қилиб, бу диннинг оролда тарқалишига улкан ҳисса қўшган Патрик, Бонифаце, Сан Хосе ва Жан де-Бребеф каби руҳонийларни христианликнинг Оврупа қитъасида тарқалишига катта ҳисса қўшган энг машҳур миссионерлар қаторига киритиш мумкин.
Миссионерлар фаолияти натижасида насронийлик 400–600-йилларда Африкада мустаҳкам ўрнашди ва ўз даврининг қудратли масиҳий қиролликлари пайдо бўлди. Улардан энг машҳури бўлган Ҳабашистон империяси катта ҳудудларни, ҳатто Арабистон ярим оролининг жанубий қисмини босиб олиб, арабларни масиҳийликка ўтказмоқчи бўлди. Папа Буюк Грегори VII асрда Августин бошчилигида Британияга миссионерларни жўнатади. Шу тариқа мазкур ҳаракат кенг жуғрофий кўлам касб эта борди.
Христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган “даъватчилар” (гарчанд уларга нисбатан ҳам “миссионер” сўзини қўллаш кенг урф бўлган эса-да,) билан бугунги “миссионерлар” орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, дунё миқёсида эътиқодий асослар ҳали аниқ шаклланиб улгурмаган ўша даврларда христиан дини намоёндаларининг олиб борган “даъватчилик” ишлари, ўз таълимотларини тарқатиш ҳаракатлари табиий ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси аниқ шаклу шамойилга эга. Турли халқларнинг асрлар давомида қарор топган диний-миллий қадриятлари бор. Айни пайтда илк “даъватчилик”дан фарқли равишда, ҳозирги миссионерлик ҳаркати миллатлар, жамиятларни дин асосида бўлиб юборишга қаратилган бузғунчилик воситасига айланиб бормоқда.
XI–XIV асрларда Рим Папаси бошчилигида “Муқаддас Замин”, яъни Қуддус шаҳрини озод қилиш баҳонасида босқинчилик билан бойлик орттиришга қаратилган урушлар, яъни “салиб юришлари” (русчасига – крестовый поход)дан ҳам асосан миссионерлик мақсадлари кўзланган эди. Тарихдан маълум, салибчилар Қуддусни эгаллаб олишгач, шаҳардаги масжидларга ўт қўйишди, насронийликни қабул қилишни истамаган кўплаб кишиларни қиличдан ўтказишди. “Муқаддас Замин”ни озод қилиш шиори остида руҳонийлар бутун Оврупадаги диндошларини оёққа турғиза олганлар ва ҳар бир христиан бу юришларда қатнашишни шараф деб билган.
Бундан ташқари, улкан жуғрофий кашфиётлар даврида Рим черкови янги халқларни христианлаштириш учун қатор миссионер гуруҳларни янги қитъага йўллаши натижасида масиҳийлик Америка бўйлаб тарқала бошлади. Бунда, асосан, католик миссионерлари ҳиндулар ва эскимослар орасидаги фаолиятлари билан ажралиб туришди.
XV – XVI асрларда Испания ва Португалия мустамлака империялари ташкил топгач, миссионерлик католик черкови доирасида ўз фаолиятини кучайтириб, янги ҳудудларни забт этишнинг ғоявий асоси бўлиб хизмат қилди. Католикларнинг турли йўналишларига мансуб миссионерлар ошкора ва махфий равишда Америка, Африка ерларини истило қилишда қатнашгани бунга далил бўла олади.
XIII – XVI асрларда христиан миссионерлиги Ҳиндистон, Хитой ва Японияга ҳам кириб борди. Японияда ушбу ҳаракат шу даражада ривожланиб кетдики, XIX аср ўрталарида япон императори барча миссионерларни айғоқчи сифатида ўз мамлакатидан ҳайдаб чиқарди. Бу мисол ва Африканинг бир қатор қабилалари тилида “миссионер” сўзи “қотил” калимасининг синоними сифатида ишлатилиши ҳам миссионерликнинг раҳм-шафқатга асосланганлиги ҳақидаги фикрлар чўпчакдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатади.
Бундай ёндашув “машҳур диншунос олим” сифатида эътироф этиладиган айрим кишилар аслида ким бўлганликларини, қандай шароитда “дунё таниган мутахассис”га айланганликларини билмаслик улар фаолиятини бир ёқлама баҳолаш натижасидир. Масалан, Уильяма Джонс (1746–1794) санскрит тилини биринчи бўлиб ўргангани, Франц Боппом (1791–1867) эса санскрит тили луғатини тузгани тарихий ҳақиқат.
Таниқли диншунос сифатида машҳурлик қозонган Жозеф Лафито (1681–1746) – Шимолий Америкада, Шарль де Бросс (1709–1777) – Ғарбий Африкада инсон қадами етиши қийин бўлган жойларгача бориб, ибтидоий ҳаёт кечирадиган халқлар тили, дини, урф-одатлари тўғрисида ноёб маълумотлар йиғишгани ҳам рост. Маттео Рикки (1552–1610) ҳам Хитойда айнан шундай фаолият билан шуғулланган. Улар ўзлари иш олиб борган минтақалардаги фаолиятларининг ҳосиласи бўлган диний қарашлар ҳақида асарлар ҳам ёзиб қолдиришган. Ж. Лафитонинг “Ёввойи америкаликлар урф-одатлари ибтидоий давр урф-одатлари билан қиёсда” (1723), Ш.де Бросснинг “Фетиш Худолар ҳақидаги рисола” (1760) номли асарлари фикримизнинг исботи бўла олади.
Улар бу ишларни қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширган эдилар? Босиб олинган Осиё, Африка ва Америка мамлакатлари ҳудудларини географик ва этнографик тадқиқ этиш, маҳаллий халқлар учун ёзувлар, луғат ва дарсликларни яратиш билан шуғулланганликларининг боиси нимада эди? Уларнинг миссионерлик фаолиятлари самарали бўлганини қандай изоҳлаш мумкин? Улар таҳлил қилган диний қарашлар, урф-одат ва маросимлар бутунлай йўқ бўлиб кетганини-чи? Агар ана шу саволларга тўғри ва холис жавоб берадиган бўлсак, ёзиб қолдирган асарларининг бугунги кундаги қимматидан қатъи назар, чиндан ҳам уларни диншунос, ўлкашунос деб эмас, балки христианликни ёйиш жабҳасида сезиларли ютуқларга эришган миссионерлар сифатида эътироф этиш керак бўлади.
Миссионерлик ривожлангани сари унинг ташкилий асослари ҳам яратиб борилган. Хусусан, 1662 йилда Папа Григорий XV католик миссионерларга раҳбарлик қилиш учун Диний тарғибот конгрегациясини (1968 йилдан –Халқларни “Инжил”га эътиқод қилдириш конгрегацияси) таъсис этгани фикримизнинг исботи бўла олади. Рим Папаси Пий XII 1957 йилда миссионерликка даъват руҳи билан суғорилган “Фидейи Донум” (итальянча – “Эътиқод инъоми”), Иоанн XXIII 1959 йилда “Принцепс посторум” (итальянча – “Йўлбошчилар учун низом”), Павел VI 1967 йилда “Популорум профессио” (итальянча – “Халқларнинг ривожланиши”) номли номаларни эълон қилгани ҳамда II Ватикан соборида (1962–65) миссионерлик масалаларига бағишлаб махсус декрет ишлаб чиқилгани ҳам бу йўлдаги ишлар тадрижий равишда ташкил этилганини кўрсатади.
ХХ асрга келиб миссионерлик билан шуғулланувчи ташкилотларни бирлаштириш ҳаракатлари бошланди ва илк халқаро протестант миссионерлик тузилмалари шаклланди. Биринчи бутунжаҳон протестант миссионерлари конференцияси 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида бўлиб ўтди. Кейинроқ эса Халқаро миссиялар кенгаши тузилди. Бу кенгаш Бутунжаҳон черковлари кенгашига аъзо бўлиб, протестант миссионерлиги фаолиятини бошқариб турувчи асосий ташкилот ҳисобланади.
Миссионерлик муассасалари йирик капитал ва ерларни тасарруфларига олиб, ўз сиёсатларини ўтказишда фаол хизмат этишди. Маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ишларини монополлаштириб олиб, шу йўл билан христианлик тарғиботини кучайтириб юборишди.
Ҳозирда миссионерлар ишларини йўлга қўйишда асосан нашриётлар, хайрия ва нодавлат нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланишмоқда. Бундан ташқари, баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият олиб боришяпти.
Ўрганишлар натижасида аниқланишича, айрим халқаро ташкилотлар ўз ҳукуматлари томонидан молиялаштирилган таълим дастурларига биноан МДҲ давлатларидан талаба ва ўқувчиларни у ёки бу мамлакатга юбориб, диндор оилаларга жойлаштиришади. Шу йўл билан уларни прозелитларга, яъни ўз динларидан қайтганларга айлантириш мақсадларини кўзлашгани маълум бўлади. Мазкур мисол миссионер ташкилотлар ўз ҳукуматларининг қўллаб-қувватлашига таяниб, эътиқодларини ёйиш объекти қилиб танланган давлатларга кириб боришга ҳаракат этаётганларини кўрсатади.
Адолат юзасидан ҳам, ҳақиқатни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам миссионерликни фақат христиан дини билан боғлаш тўғри бўлмайди. У ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Расулуллоҳ (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида Хабашистон христианлашиб бўлган эди.
Бугунги кунда миссионерлик билан шуғулланаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда “Қуёшга топинувчилар” (“Солнцепоклонники”) каби янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур. Шундай бўлса-да, бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. “World Book” энциклопедиясида келтирилган маълумотларга кўра, дунёдаги миссионерларнинг учдан икки қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.

Моддий таянч
Охирги йигирма йилликда “ислом экстремизми” деган ибора пайдо бўлиб, дунё бўйлаб ёйилди. Бу атаманинг оммалашуви баробарида насроний миссионерларининг фаолияти ҳам кучая бошлади. Жумладан, собиқ иттифоқ парчалангач, Ўрта Осиёда насроний миссионерлар фаоллашиб қолишди. Бугун уларнинг гуруҳларини минтақанинг барча жумҳуриятларида кўриш мумкин. Ғарб давлатлари бу гуруҳларни катта маблағлар билан таъминланаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Масалан, “Прима” ахборот агентлиги хабарига кўра, фақат Озарбайжон аҳолисини христианлаштириш учун Ғарбдаги турли давлатлардан 20 миллион доллар пул ажратилиб, бу мамлакат аҳолисининг 20 фоизини насроний динига ўтказиш режалаштирилган. “Ўлкани христианлаштириш Озарбайжон учун Қорабоғдаги уруш сингари бир муаммо бўлиб қолмоқда, – дейди агентликка интервью берган “Карвон” диний тадқиқотлар маркази раҳбари Нуриддин Мехтиев. – Бу миссионерлик ташкилотларининг кўплари ҳатто Ғарб давлатларида рўйхатдан ўта олмаган бир пайтда, Озарбайжонда улар учун идеал шароитлар яратиб берилган”.
Христианликни қабул қилган тожикистонлик бир аёл бундай гувоҳлик беради: “Уйимизда ейишга нонимиз йўқ эди, бир қоп ун олиш учун шу йўлга кирдим”. Яъни, очликдан тинкаси қуриган мусулмон, миссионернинг йўлига кириб, у берган нонни еркан, имонидан айрилиб қолаётганини сезмаётир.
Миссионерлар аҳолисининг тўқсон фоиздан ортиғи Исломга эътиқод қилувчи Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам улар бузғунчилигига ёрқин мисол бўла олади. Бу ерда ҳам аҳолини насронийлаштиришни жадаллаштириш ҳаракатлари олиб борилаётганлиги кузатилди. Турли маълумотларга кўра, ҳозир икки мингдан зиёдроқ ўзбек насронийликни қабул қилган.
Турли мамлакатларнинг камбағал аҳоли қатлами аҳволидан фойдаланиб, айнан туб халқ вакиллари уларни динидан тойдиришга эришишни кўзлаган миссионерлар, албатта, динлар ўртасидаги ҳамжиҳатликка путур етказади. Яъни, бунинг оқибатида тинч-осойишта аҳил яшаётган оилага қутқу, фитна, низо кириб келади: фарзандлар мўмин-мусулмон ота-оналарига, ука бир қориндан тушган акасига қарши бўлиб қолади, кечаги қадрдон дўстлар юз кўрмас, муроса билмас муҳолифларга айланишади. Аҳоли ичидаги бундай ҳаракатларни кузатиб турган кимсаларда эса, шубҳасиз, радикал исломчилик кайфияти кучаяди. Миссионерлар катта пул маблағлари ёрдамида мусулмонлар ичида диний тарғибот олиб борарканлар, улар ўз ўлкаларига нисбатан ҳурмат ва ишончга болта урмоқдалар. Динимиз софлиги ва Ватанимизда тинчлик ва тараққиёт барқарорлиги учун бундай хатардан огоҳ бўлишимиз зарур.

Адоват хуружи
Бутун христиан дунёси бўйлаб черковларда, йиғинларда маърузалар қилинмоқда ва адабиётлар тарқатилмоқда. Уларда келтириладиган маълумотларда Исломга душманлик нуқтаи назаридан қаралиб, мусулмонларни насронийликка жалб қилиш мақсади тарғиб қилинади. Бундай лойиҳалар учун катта маблағлар ажратилади. “Халқаро араб хизмати” ташкилоти айнан шунга ихтисослашган. Ташкилот кейинги икки йилдан камроқ вақт ичида 4500 нафар америкалик миссионерни мусулмонлар орасида иш олиб бориш учун махсус ўқитган. Консерватив инжилчилар турли ташкилотларни, шу жумладан, Бутунжаҳон черковлар кенгашини мусулмонлар билан “содда” мулоқот олиб бораётгани ва бу мулоқотларда ҳозирда мавжуд сиёсий ҳамда диний тафовутлардан қочишга ҳаракат қилаётгани учун қаттиқ танқид қилишмоқда. Фрэнк Грэм, Жерри Фалуэл, Пат Робертсон ва Жерри Вайнс каби “инжилчилар”нинг қўпол аксилисломий мусиқа асарлари эса ҳаммага маълум. Бу пассажлар нафақат мусулмонлар, балки айрим насронийларнинг ҳам ғазабини келтирди.
Баъзи протестант черковларини бирлаштирувчи Миллий черковлар кенгашининг мавқеи бунинг тамомила аксидир. Ушбу Кенгашга кирувчи черковлар насронийлик билан Ислом ўртасидаги тафовутларни тан олишади, аммо шу билан бирга, уларнинг умумий илдизга эга эканини ҳам таъкидлашади. Улар очиқдан-очиқ “мусулмонлар – яккахудога ишонувчилар, Аллоҳ – Худонинг араб тилидаги исми эканини ҳамда мусулмонларда ва насронийларда ягона пайғамбар – Иброҳим (Авраам, алайҳиссалом) борлигини” таъкидлашади.
“Болалигимда Покистонда мен католик ва протестант миссионерлик мактабларига бориб турардим, – дейди Америка университетларидан бирининг исломшунослик кафедраси мудири Аҳмад Акбар. – Аммо ҳеч қачон ўз ўқитувчиларимдан Ислом ҳақида биронта ҳам ёмон сўз эшитмаганман. Бугун эса яна Исломга нисбатан душманлик хусусияти пайдо бўлаётганини ва Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлган Пайғамбарга таъна ёғдирилаётганини кўряпмиз”.

Библия талқини
1. Исонинг (алайҳиссалом): “Мен фақат Исроил халқининг адашган қўйлари ҳузуригагина юборилганман”, деганлари ҳозирги Инжил (Библия)да ҳам зикр этилади (Матто инжили, 15-боб, 21–24-жумлаларига қаранг).
Илова: Исо (алайҳиссалом) “Исроил халқининг адашган қўйларини” адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи”, деб изоҳлаганлар (Матто инжили, 10-боб, 6-жумла).
Бу билан Исо (алайҳиссалом) ўзларининг Аллоҳ томонидан фақат яҳудий халқига элчи, яъни пайғамбар этиб юборилганликларини таъкидлаяптилар.
2. “Исо ўзининг ўн икки шогирдини жўнатиб, буйруқ берди: “Мажусийлар” йўлига оёқ босманглар ва самарияликларнинг бирон шаҳрига кирманглар. Аксинча, адашган қўйларга ўхшаган Исроил халқи олдига боринглар” (Матто инжили, 10-боб, 5–6-жумлалар).
Ўзбекча Инжилнинг Библия луғатида:
“Мажусийлар – Инжилда яҳудий бўлмаган ва ягона, ҳақ худони билмаган барча халқларни билдиради” (баъзан “турли халқлар” ёки “ғайрияҳудийлар” деб ҳам таржима қилинади).
“Самария – Исроилнинг ўрта қисмида жойлашган вилоят, аҳолиси баъзи Канъон элатлари билан аралашгани учун яҳудийлар уларни соф яҳудий эмас, деб хўрлаганлар”, дея изоҳ берилган.

Тарих ҳасрати
Насроний динининг асл моҳияти тинчлик, меҳр-шафқат ва юмшоқлик ғоялари ила cуғорилган. Инжилдаги хабарларга кўра, Исо (алайҳиссалом): «Сизлар: “Кўз эвазига кўз, тиш эвазига тиш”, деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизга айтаман: Ёмонга қарши чиқма. Ким сенинг ўнг чаккангга урса, унга иккинчисини ҳам тутиб бер. Ким сен билан даъволашиб, кўйлагингни олмоқчи бўлса, унга тўнингни ҳам бериб юбор. Ким сени бир чақирим йўл юришга мажбур қилса, у билан икки чақирим юр. Сендан сўраганга бер, сендан қарз олмоқчи бўлгандан юз ўгирма».
“Яна: “Қардошингни севгин, душманингдан нафратлан”, деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизга айтаман: Душманларингизни севинглар (Сизни лаънатлаганларни дуо қилинглар. Сиздан нафратланганларга яхшилик қилинг. Сизнинг номингизга иснод келтирганлар учун), сизга жабр-зулм ўтказганлар учун ибодат қилинглар”, деганлар.
Биринчи салиб юриши (1096 – 1099) даврида христианларнинг эллик минг нафар лашкари Қуддусни қамал қилишди. Шаҳар халқи ҳолдан тойган, душман билан курашишга ортиқ мадори йўқ. Қамалдан қутулиш умиди бутунлай узилгач, мол ва жонларининг хавфсизлиги таъминланиши шарти билан душманга таслим бўлдилар. Салибчи лашкарбошилар Масжиди Ақсога кирганларнинг омон қолажакларини билдиришди. Лекин улар сўзларида турмадилар, жон сақлаш мақсадида масжидга беркинган қариялар, аёллар ва болалар аёвсиз бўғизланди. Жоме тизза бўйи қонга ботди. Шаҳарнинг ёш-қари, эркак-аёл мусулмон ва яҳудийлардан иборат юз мингга яқин аҳолиси қатл этилди.
Салибчилар амири Рим папасига ёзган мактубида бундай деган эди: “Қуддусда бирорта мусулмон қолмади, ҳаммаси қатл этилди. Сулаймон масжидидаги мусулмонларнинг қони эса отларимиз тиззасига етди...”
Бу воқеалардан саксон саккиз йил ўтиб, яъни 1187 йили буюк лашкарбоши Салоҳиддин Айюбий (1138–1193 йиллар орасида яшаган) Қуддуси шарифни яна қайтариб олди. Лекин салибчиларга ўзларидек муомала қилмади. Қонли интиқом йўлини эмас, исломий муроса, бағрикенглик йўлини танлаб, душманларга қирқ кун муҳлат ичида шаҳарни тарк этишни буюрди.
“Рим папаси ва бошқа диний раҳнамолар бошчилигида Ислом оламига қарши қайта-қайта салиб юришлари уюштирилди. Юз йиллар давомида фан-маданият ва илм маркази бўлиб, Оврупага нур сочиб турган Андалус давлати ер юзидан супуриб ташланди. Уларнинг ваҳшийлигидан бешикдаги болалар ҳам четда қолмади. Номи мусулмон бўлганни битта қўймай қиришди. Мусулмонлар қонини дарё қилиб оқизишди. Уларнинг қонли юришлари туфайли Ўрта ер денгизининг мовий суви қирмизи рангга бўялди. Салибчи насоролар денгиздан ўтиб, мусулмон юртларини ишғол қилишди. Қон тўкишди. Зулм ўтказишди. Кейинроқ масиҳий давлатлар барча мусулмон юртларни мустамлакага айлантирди. Жаҳонда буюк жуғрофий кашфиётчилар сифатида номи машҳур бўлган оврупалик шахслар аслида мусулмон юртларни босиб олиш мақсадидаги айғоқчилар экани, улар сафарга чиқишдан олдин Папага христиан дини учун янги жойлар ва янги қавмлар топиб беришни ваъда қилиб, дуоси ва изнини олганлари манбалардан маълум.

Миссионер қиёфаси
Қизил империя қулаб, Ўрта Осиёдаги собиқ иттифоқдош республикалар рўпара бўлган энг катта хатарлардан бири халқаро миссионерлик ташкилотларининг бу юртларга ёпирилиб келиб, кенг миқёсда иш бошлашлари бўлди. Улар Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда ғоят яхши ташкил этилган тармоқларини вужудга келтиришди. Насронийликнинг, ҳатто умумнасронийларнинг ўзлари эътироф этмайдиган, ҳатто инкор қиладиган кўплаб турли-туман мазҳаблари мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари демократия ниқоби остида адлия рўйхатларидан ўтиб олишга муваффақ бўлишди ва шу билан расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналарини қуриб, юртимизни келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қиладиган ғаразли фаолиятларини бошлашди. Албатта, бу ишлар катта маблағсиз, сиёсий қувватлаш ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташкилотлари ва геосиёсий доиралар бу ҳаракат учун жуда катта маблағ тикишди. Чунки улар кўзлаган натижалар тез орада сарф-харажатларини бир неча ўн, юз, ҳатто минг баробар қоплаб кетишига ишонардилар.
Ибодатхоналари очиқча ишлаётгандек кўрингани билан миссионерларнинг ўзлари маккорона услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришади. Улар диёримизга беғараз равишда тил, компютер ўргатиш, ҳар хил соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш каби ишлар учун турли-туман ўқув марказлари ташкил этувчи ёки ҳар хил йўналишларда хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлар қиёфасида кириб келишди. Узоқ йиллик сиқув остида яшаган, аммо илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз вакиллари, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга шошдилар. Лекин ўқиш жараёнида “ўқитувчи”лари миссионерлар эканлиги тезда маълум бўлиб қолди.
Қимматбаҳо қоғозларда жозибали кўринишда нашр этилган китобларини, варақа (буклет)ларини бозорлар, касалхона, сиҳатгоҳлар, турли транспорт воситалари ва ҳатто айрим ишхоналарда бемалол текин тарқатишга эришишди. Афсус, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илиниб, залолат қаърига шўнғиб кетишди. Миссионерликдан кўзланган асосий мақсад ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки айнан мусулмон фарзандларини, ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз ҳолатидан фойдаланиб, исломдан чиқаришдир. Уларга бизни христиан қилишдан ҳам кўра исломдан чиқариш, воз кечтириш, шу билан динимизга заррача бўлса-да, зиён етказиш муҳимроқ. Чунки даъват қилаётган “дин” (ёки мазҳаб-секта)лари ботил эканини, ислом билан ҳеч бир жиҳатдан беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади.
Бунинг энг катта исботи бундай: биринчидан, бу миссионерлар ҳеч қачон ҳақиқий мўминларга ёки дин илмидан озми-кўпми хабардорларга рўпара бўлишмайди, асосан, бундан бехабарларни овлаб, ўшалар билан иш олиб борадилар; иккинчидан, ташвиқ китобчаларида кўпинча Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишади. Ҳатто гўё самимий ниятда эканларини, ҳалолликларини кўрсатиш ва ишонч қозониш учун китобларида Инжилнинг муомаладаги нусхалари сохталаштирилганини ҳам айтиб қўядилар. Бу ҳол, албатта, уларнинг иккиюзламачилигини кўрсатади. Қуръоннинг уч-тўрт оятини бўлса ҳам, ҳақ деб билишса, нега тўласича Исломни қабул қила қолишмайди ёки унга ҳужум қилишдан тийилишни ўзларига эп кўришмайди?! Ҳолбуки, улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслигига, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолат. Учинчидан, 2002 йили миссионерлар Рамазон ойи яқинлашганида ўзбекча “Муборак Рамазон ойи – 2002” номли тақвим-буклет (Олмаотада босилган) тарқатишди. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб бошланувчи бу тақвимда “Рўза ҳақида” дейилиб, Инжилдан иқтибослар келтирилган. Оғиз ёпиш, оғиш очиш дуолари деб ҳам Инжилдан қандайдир парчалар берилган. Буклетнинг иккинчи бетида мусулмонлар тақвимларига кўра, оғиз ёпиш, ифторлик ва намоз вақтлари кўрсатилган. Ажаб, “Бисмиллаҳ...” ҳам, Рамазон ойи ҳам, рўза тартиблари, вақти ҳам, намоз ҳам мусулмонларники бўлса-ю, уларнинг бу ишларини қандай баҳолаш мумкин? Бу билан улар асл башараларини фош этмадиларми?!
Миссионерлар ахлоқни яхшилаш билан сира шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, “дискотека”лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, “тунги кўнгилхушлик”лар уюштиришади.
Уларнинг бу тадбирлардан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ишлардан кўзланган мақсад-ғоя фақат ва фақат сиёсийдир! Бугунча шунчаки беғуборгина хархаша ёки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган?
Минг йиллардан буён аждодлари мусулмон бўлиб келган, бугунги авлоди ҳам бутун ҳаёти давомида шу эътиқодга ихлос қўйган, урф-одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан хотиржам яшашга йўл қўймаслик. Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Мана, улар кўзлаган асл мақсад!
Секта даъватчиларининг ортларида туриб, уларни мумай маблағлар билан таъминлаётганлар, ахборот ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳартомонлама қўллаб-қувватлаётганлар бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва бу ерларда ўзларини бегонасиратмасдан, мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерлар тузоғига илинганлардан фойдаланадилар. Бунга тарих ва тажриба гувоҳ.
Миссионерларнинг хатти-ҳаракатларида баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириш билан келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлгинчилик (сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда, мамлакатни парчалаб ташлаш мақсади устивордир. Масалан, Қорақалпоғистонда миссионерликнинг авж олгани, натижаларга эришаётгани шу жиҳатдан жуда хатарлидир. Уч-тўрт йил бурун Индонезияда рўй берган ҳодисалар бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи ишорадир. Бор-йўғи ўттиз йиллар аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштира бошлаган эдилар. Йигирма беш йил ўтгач, улар ўша ерда диний асосда чиқарган тўполонга жавобан бутун Ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.
Уларнинг бундай жонкуярликлари, ғамхўрликлари ортида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш” каби сиртдан чиройли кўринувчи шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиб, мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик, жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш, турли-туман матбуот нашрлари ва “нодавлат ташкилот”лар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоясига отланган кўрсатиб, унинг “дарди”ни айтиб, давлатга қарши гижгижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш ва ҳоказо ҳийлалар яширинган.
Демак, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режаланган найранг услубларидан бири, холос. Масала фақат диний бўлса, ташвишланарли жойи кам бўларди.
Миссионерларнинг мақсадлари сиёсий бўлгани учун ҳам хатарли ва ташвишланарлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор. Уларнинг кирдикорлари шу нуқтаи назардан баҳоланмоғи ва чора-тадбирлар ҳам шунга мувофиқ равишда белгиланмоғи лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлодга кучли, озод ва обод Ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона, шу сабабли қатор муаммоларга ботган, пароканда, маънавий зиддиятлар авж олган, бинобарин, заиф ва қарам бир ўлкани қолдирган бўламиз. Аллоҳ асрасин!
Бу масалага енгил-елпи қараб бўлмайди. Иш ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бугундан жиддий ва фойдали чоралар кўрилмаса, болаларимиз келажакда аянчли мушкулликларга дучор бўлишлари турган гап. Аммо аҳволни ўнглашга, келгуси фожиалар олдини олишга ҳали имкон бор. Нозик диний сиёсат юритиш ва яна бир қатор ёрдамчи тадбирлар билан вазиятни хайрли ўзанга солиб юборса бўлади, деган фикрдамиз. Лекин бу алоҳида мавзу.

Ўзбекистон – ҳудуд маркази
Мамлакатимиз адлия идораларидан бирон ниқоб остида рўйхатдан ўтиб олиб, ўттиз-қирқ йиллардан бери ғаюр ният билан ҳаракат қилаётган миссионер диний ташкилотлар фаолияти кучайиб бормоқда.
XIX асрда рус мустамлакачилари юртимизга ўзлари билан бирга насронийликни ҳам олиб келишди. Ўзбеклар яқин минг йил давомида бу дин аҳли билан мулоқотда бўлмаган, у ҳақда мукаммал тасаввурга эга эмас эди. Ўрта Осиёга ўрнашиб олган насронийлар баъзи жойларда ўз ибодатхоналарини қуришди. Аммо мусулмонлар уларга аралашмай, қаршилик ҳам қилмай, исломий бағрикенглик асосида алоҳида яшайверишди.
Орадан бир асрдан кўпроқ вақт ўтиб, Ўзбекистон мустақилликка эришди. Ҳурлик шаббодаси кўксига теккан халқ дунёга эшикларини очди. Юртга ватандошлар, ишбилармонлар ва турли соҳа вакиллари кириб келишди. Хитойликларда бир нақл бор: “Тоза ҳаво кирсин деб эшигингни очсанг, чанг ҳам киради”. Улар қаторида соф ниятли инсонлар билан бирга қалбида яширин ғаразни жойлаб олган турли экстремистик оқимлар ҳам бор бўлиб чиқди. Бу оқимларнинг бир қисми ислом илмидан гапириб, мусулмонлар онгида бошқа дин вакилларига қарши кайфият уйғотишга уринса, бошқалари миссионерлик фаолиятини амалга ошириб, насронийликни тарғиб қилувчи китоблар, рисолалар ва бошқа нашрларни ёшлар орасида тарқатиб, уларнинг фикрини чалғитишга урина бошлашди. Бу бузғунчи мафкуравий гуруҳлар ўзларининг таъсирига тушган кишиларга моддий маблағ, чет элларга саёҳат йўлланмаси ҳадя қилиб, алдов воситасида халқимиз орасида ўзаро зиддиятлар чиқариш, унинг осойишталигини, маънавиятини бузишга ҳаракат қилишди. Яқин тарихдаги даҳрийлик тарғиботи туфайли Исломдан узоқлашиш натижасида ўзбек, қирғиз, тожик ва қозоқ фарзандларининг баъзиларида бошқа эътиқодлар таъсирига берилиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлди.
Тўғри, ҳар бир киши қандай эътиқодни танлаши ва қабул қилиши ўзининг виждонига ҳавола. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. Аммо “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар” ҳақидаги Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (яъни, прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти тақиқланади.
Бу иш қонун билан жазоланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 216-, 216-моддаларида шулар назарда тутилган.
Ўзбекистонда миссионерлик ҳаракати қонунан тақиқланганига қарамай, асли мусулмон бўлган туб аҳоли орасида ўзга динларга, хусусан, христиан динига (уларнинг ҳам баъзи оқимларига) тарғиб-ташвиқ этиш тобора авж олмоқда. Ҳаракат ҳомийлари минтақанинг юраги, кўп жиҳатдан етакчи ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган юртимизга алоҳида эътибор қаратганлар.
Майли, миссионерлар ўз вазифаларини бажаришяпти дейлик, лекин ота-боболари асрлар давомида ҳақ дин деб исломга қаттиқ эътиқод қилиб келган бугунги айрим ёшлар уларнинг арзимас чойчақаларига, ҳийлаларига учишаётгани ғоят ташвишли ҳол. Бу ҳол ислом дини ривожи йўлида улкан хизматлар қилиб ўтган Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк зотларнинг бугунги авлодларига номуносибдир. Бундай нохуш ишлар муқаддас динимиз байроқдорларидан бўлиб келган ўзбек халқининг мусулмон дунёси олдидаги обрўсига путур етказиши мумкин. Аслида, бу соҳада бизга мухолифлик қилаётганларнинг нияти ҳам шу. Зеро, халқимиз не машаққатлар кўрмасин, қарори қатъий, имони бутун бўлиб келган буюк элдир.

Услуб ва найранглар
Динимиз душманлари атайлаб ислом аҳкомларини бузиб кўрсатиш, Қуръон оятларини бир-бирига тескари қўйиш, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини нотўғри талқин қилиш каби жирканч усулларни ишга соладилар. Юртдошларимизнинг ислом илмларидан бехабарликларидан жуда унумли фойдаланишга ҳаракат қиладилар.
Миссионерлар Библияни ўзбек халқига тақдим қилиш учун ҳийла ишлатишади. Унинг ўзбек тилига таржимаси устига “Инжил” деб, орқасига арабча “Инжил шариф” деб ёзиб қўйганлар. Бунинг остида катта сиёсий найранг ётибди. Агар китобни “Библия” номи билан ўзбеклар қўлига тутқазганларида тарғибот ишлари осон кечмаган бўларди.
Библиянинг ўзбек тилига таржима ва таҳрири 1973-1991-йиллар орасида амалга оширилган. Мана шундан ҳам кўриниб турибди, миссионерлар ўз ҳаракатларини анча олдин бошлашган. Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиши биланоқ, 1992 йили Библия Швецияда ўзбек тилида чоп этилиб, юртимизда тезда миссионерлик ишларига киришилди.
Миссионерлар мусулмонлар билан баҳсда: “Биз ҳам мусулмонмиз”, дейишади. Уларга: “Қанақасига сиз мусулмонсиз?”, десангиз, улар: “Мусулмон дегани нима, биласизми ўзи? Худога бўйинсунувчи, итоат қилувчи” дегани, тўғрими?” деб туриб олишади. Шунда биз уларга аниқ жавоб беришимиз керак. Мусулмон сўзининг маъноси “ислом” сўзи билан ўзакдошдир. Биз аввало, исломнинг маъносини билиб олишимиз керак. “Ислом”нинг луғавий маъноси: омонлик, турли офатлардан саломат бўлиш, ихлос, итоат ва бўйсунишдир. Истилоҳий маъноси эса: “Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ”, деб имон келтириб, Аллоҳнинг Китоби Қуръон ва элчиси Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) кўрсатмалари асосида У Зотга бўйинсунмоқдир”.
Миссионерлар: “Бизнинг динимиз осон. Ибодат учун таҳорат қилиш йўқ. Сизларга ўхшаб, бир кунда беш маҳал намоз ўқишимиз шарт эмас. Кўнглимиз тусаган пайтда ибодат қилишимиз мумкин”, дейишади.
Аслида эса, насроний динидаги ҳукмлар Ислом аҳкомларидан анча оғир. Масалан: Лука Инжилининг 18-бобида “Муттасил ибодат ҳақида” ёзилган. У ерда Исо шогирдларига доимо, безмасдан ибодат қилиш кераклиги хусусида масал айтиб беради. Яна ҳаворий Павел салоникиликларга ёзган биринчи мактубида уларни давомли ибодатга чорлаб, “Тинмай тоат-ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитларда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу – Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар” деган (5-боб, 17 – 18-жумлалар). – “Қадимгиларга: – “Зино қилма”, деб айтилганини эшитгансизлар. Лекин мен сизга айтаман, ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилгандай бўлади. Агар сенинг ўнг кўзинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни суғуриб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга ташланишидан кўра, аъзоларингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир. Агар сенинг ўнг қўлинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни чопиб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга йўлиқишидан кўра, аъзойингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир”. Яна дейилган: “Ким хотини билан ажрашмоқчи бўлса, унга талоқ хатини ёзиб берсин. Лекин мен сизга айтаман: ким бевафолик айбидан, бошқа сабаб билан хотинидан ажралса, унга зино қилишга сабаб топиб беради. Шунингдек, ким ажрашган хотинга уйланса, зино қилган бўлади” (Матто инжили, 5-боб, 27 – 32-жумлалар).

Қуръонга мурожаат
“Эй Муҳаммад (алайҳиссалом) айтинг: Эй аҳли Китоб, то Тавротга, Инжилга ва сизларга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилмагунингизча, ҳеч қандай нарса (дин)да эмассизлар (яъни ҳеч нарсага арзимассизлар). (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарса улардан кўпларига туғён ва куфрни зиёда қилиши шубҳасиздир. Бас, Сиз бу кофир қавм (қилмишидан) маҳзун бўлманг-ачинманг!” (Моида, 68).
Миссионерлар бу оятни соддалил мусулмонларга ҳужжат қилиб келтирадилар. Уларнинг даъвосича, ҳамма инсонлар Таврот ва Инжилга амал қилишлари керак. Ҳатто миссионерларни тайёрлайдиган курсларда ушбу оятни ҳар бир бўлажак миссионерга ёздириш йўли билан ўргатадилар. Улар суҳбат асносида: “Қуръондаги 5:68 да нима дейилган, биласизми?” (“5” бешинчи – Моида сураси, “68” эса 68-оятдир.) Дарвоқе, улар Қуръон сураларини номлари билан эмас, рақамлари билан аташни ғарблик шарқшунос (ориенталист)лардан ўрганишган.

Энди ушбу оятни холис ўрганайлик.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) бу илоҳий сўзларни аҳли китобларга етказишлари лозим бўлган. Аҳли китоблардан мурод яҳудий ва насронийлардир. Аслида, бу оят уларнинг зарарига ҳужжатдир. Чунки бу оят нозил бўлган пайтда яҳудий ва насоролар: “Биз аҳли китобмиз, бизга Худо Тавротни туширган, бизга Худо Инжилни нозил қилган, биз мўминлармиз, биз Худонинг болаларимиз, биз умиз, биз бумиз”, деб фахрланиб, мақтаниб юрар эдилар. Ушбу оятда уларнинг қилмишларига баҳо берилиб, бундай қуруқ мақтаниш ўрнига, бошқа – тўғри ишни қилишлари лозим экани айтилмоқда.
“Мен аҳли китобман, мен аҳли Тавротман, мен яҳудий динидаман”, деб айтса-ю, Тавротга амал қилмаса, у одам ҳеч нарсага арзимайди. У аҳли китоб ҳам эмас, яҳудий динида ҳам эмас. Яна бири: “Мен аҳли китобман, мен аҳли Инжилман, насроний динидаман”, деса-ю, Инжилга амал этмаса, у одам ҳам ҳеч нарсага арзимайди.
Шунга кўра, кимдир: “Мен мусулмонман, мен аҳли Қуръонман, мен Муҳаммад Пайғамбарга умматман”, деса-ю, ўзи Қуръон аҳкомларига амал қилиб яшамаса, бундай одамнинг ҳам ҳеч қандай қадри йўқ. Ундайлар: “Мен мўминман, мен мусулмонман”, деб даъво қилишга ҳам ҳақли эмас. Агар миссионерлар Таврот ва Инжилга амал қилганларида эди, Муҳаммадга (алайҳиссалом) ва Қуръони каримга ҳаммадан аввал имон келтирган бўлардилар. Чунки Тавротда ҳам, Инжилда ҳам у зотнинг васфи келган ва у кишига имон келтириш амр қилинган. Аммо улар Пайғамбаримизга (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) эргашиш ўрнига, у кишига душманлик қиляптилар. Қуръони каримга имон келтириш ўрнига, уни эшитганида туғён ва куфрлари кучаймоқда. Шунинг учун ҳам, юқоридаги оятда айтилганидек, уларга ачинишнинг ҳожати йўқ.
“У (яҳудий)ларнинг изларидан ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлган Исо ибн Марямни эргаштирдик ва унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик ҳамда (буюрдик): “Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар!”. Кимда-ким Аллоҳ нозил этган дин билан ҳукм этмас экан, улар фосиқ – итоатсиз кимсалардир” (Моида, 46–47).
Яъни, яҳудийларнинг пайғамбарлари изидан Исо ибн Марямни пайғамбар қилиб юбордик, дейди Аллоҳ таоло. Шунга биноан, Таврот аҳли бўлган яҳудийлар ҳам Инжилга эътиқод қиладиган насронийлар ҳам, шу китобларда Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар асосида яшамоқлари лозим эди. Қуръони карим тушиб бўлганидан кейин эса, ҳамма бараварига унинг аҳкомлари остида яшаши вожибга айланган. Аллоҳ таолонинг талаби шу.
Қуръони карим ва ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан туширилган. Уни нозил қилган – бутун борлиқнинг Парвардигори Аллоҳ таолонинг Ўзи. Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этган бўлади.
Қуръони карим ўзидан олдин келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий Китоб, шунинг учун ҳам Қуръон олдинги китобларга ҳақиқий баҳони беради. Шу юксак мақоми билан ҳамма таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.
Миссионерлар: “Муҳаммад (алайҳиссалом) бизга пайғамбар бўлиб келмаган, чунки у араб бўлган. Шунинг учун унга эргашмаймиз. Қуръон ҳам бизга илоҳий дастур эмас, чунки у ҳам араб тилида”, дейишади ва Қуръондаги: “Биз ҳар бир Пайғамбарни (Бизнинг ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз” (Иброҳим, 4) оятини келтиришиб: “Демак, биз ўзимизнинг тилимизда гапирган Пайғамбарга эргашишимиз керак. Таврот билан Инжил бизнинг тилимизда келган”, деб сўз ўйини қилишади.
Аввало, Аллоҳ таоло пайғамбарларни ўз қавми тили билан юборишида улуғ ҳикмат бор. Чунки қавм бошқа тилни тушуниши қийин. Ҳа, ҳамма пайғамбарлар ўз қавмларига юборилганлар ва уларга ўз қавмлари тилида ваҳий келган. Бутун оламларга ва барча қавмларга пайғамбар бўлган ҳазрати Муҳаммадга (алайҳиссалом) ҳам араблар тилида ваҳий келди. Бунинг ҳикматини Аллоҳ таоло билади. Аммо бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтамиз.
Бошқа пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад (алайҳиссалом) қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар Пайғамбар қилиб юборилганлар. У кишининг умрлари чекланган. Шунинг учун динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга кўра, у зот (алайҳиссалом) Аллоҳнинг охирги илоҳий таълимотларини ўз қавмига, қавми эса, бутун дунёга тарқатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ислом дини араб диёрларига ёйилиб бўлиши билан вафот этдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавми етказди. Турли макон ва замонларда яшайдиган қавмларга бир пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди. Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Аллоҳ таоло энг бой ва каломнинг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тилни – араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган Китобни – Қуръони каримни туширди. Қавмлар, тиллар, лаҳжа-шевалар, замонлар алмашаверади, аммо Қуръони карим мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойдаланаверади.

Динлар ва оқимлар
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дейди: “Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур”. Ушбу ояти каримада турли тоифа ва оқимлар қораланмоқда.
Оли Имрон сурасида шундай дейилади: “Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир”.
Демак, Ислом нуқтаи назарига кўра, бундай тафриқа кўчасига кирган оқимлар нафақат қораланади, балки охиратда аянчли ҳолга тушади.
Уламолар мусулмонларни гуруҳ-гуруҳга бўлинмай, бир уммат ва бир жамоатда бўлишга чақирадилар. Бунга қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтиришади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. (Оли-Имрон, 103). (Ояти каримадаги “Аллоҳнинг арқони” деган иборадан Қуръони карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидан инсон ип-арқонни маҳкам ушлаб, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб, Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни маҳкам тутишлари лозим. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда кўп ҳадислар келган) .
Бу хусусда Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча ҳадиси шарифлар етиб келди. Уларнинг энг машҳурларидан бирида қиёматгача етмиш учта фирқа чиқиши ва фақат биттаси тўғри йўлда экани таъкидланган (Термизий ривояти). “Қолган 72 та жамоанинг адашгани шу – улар ўша битта тўғри йўлдаги жамоадан ажралиб чиқадилар”, деб таълим беради Ислом.
Ҳақиқий Исломдаги, тўғри йўлдаги жамоанинг номлари турлича бўлса ҳам, аммо ҳаммаси бир маънони билдиради. Бу йўлнинг хусусиятларини ҳартомонлама ўзида мужассам қилган ном – Аҳли сунна вал жамоадир. Машҳур ислом уламоларидан бири: “Аҳли сунна вал жамоа – Қуръон, Суннат ва уммат олимлари ижмосига эргашган мусулмонлар тоифаси”, деб таъриф берган эди. Ислом таълимоти асосида бирлашиш ҳамда гуруҳ бўлиб, ажралиб чиқишдан сақланиш бу жамоанинг йўлидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган таълимотдан бир қадам ҳам четга чиқмаган ушбу жамоа ҳақидаги маълумотлар билан танишиш учун махсус адабиётларга мурожаат қилишни тавсия қилиб, сектантлик исломда “ҳизбийя” – гуруҳбозлик истилоҳи билан қораланганини таъкидлаб қўямиз.
Бу иллатни ҳозирги замон ахборот воситаларида ва дунёвий адабиётларда кўпроқ ишлатиладиган атама билан – “тоталитар ва деструктив сектантлик” ёки оддийгина қилиб «сектантлик» деб атаймиз.
Энди секталарнинг мақсадлари, услублари, турлари, улардан сақланиш йўсинлари ва адашиб кириб қолганларни қайтариш йўлларини баён қиламиз.
Дин ва оқимларнинг фарқи нимада? Балки мақсад ва услублар борасида иккаласи ҳам бир хил нарсадир? Диний илмлардан бехабар киши кўпинча юзаки қараб, уларни ҳақиқатан ҳам бир нарса деб ўйлайди. Даҳрий коммунист “мутафаккирлар” жазавага тушиб: “Дин – афюндир”, деган ғояни илгари суриб, ўзлари ҳам тоталитар, деструктив (бузғунчи) сектага айланиб қолганлари ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.
Бундай сектантлик муаммолари билан шуғулланувчи мутахассислар жаҳон динлари билан сектантлик масаласини кескин фарқлаб, улардаги юзаки ўхшашлик аслида ниқоб эканини исботлайдилар, ушбу иллатнинг шахс ва жамиятга етказадиган катта зарарлари юзасидан олиб борган тадқиқотларда инсоннинг динга туғма эҳтиёжини унинг соғлом руҳий ва ақлий ҳолати, нормал хусусияти деб баҳолайдилар. Руҳшунослар: “Инсоннинг Худо ҳақида тафаккур қилиши, ўзини Унга боғлашга интилиши, руҳий баркамоллик сари ҳаракат қилиши, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги меъёрларни илоҳий мезонлар ила ўлчаши, кейинги ҳаёти ва охирати ҳақида ғам-ташвиш чекиши – соф инсоний табиатдан (исломий истилоҳда айтсак, фитратидан) келиб чиқади; жаҳон динлари худди ана шу табиий эҳтиёжни қондириш учун хизмат қилади”, дейишади.
Секта раҳнамоларининг асл мақсадларига кўра, дин, охират ҳақиқат эмас (гарчи улар айнан шу атамаларни кўп истеъмол қилишса ҳам!), балки бойлик ва ҳукуматдир. Секталар жаҳон динларининг туб асосларини суиистеъмол қиладилар ва ўзларининг қора ниятлари йўлида фириб, найранг ва ғирром ўйинларни амалга оширадилар.
Улар инсонни Худога эмас, балки психологлар таърифи билан айтганда, култларга, аниқроғи, сохта маъбудларга боғлаб қўйишга уринадилар. “Устозлар” билан секта аъзолари ўртасидаги муносабатлар ана шу боғланишга асосланади.

Услуб ва йўналишлар
Миссионерлик фаолияти юритилаётган ҳудуд кишиларидан маълумот яширилади ёки нотўғри талқин қилинади. Жамоага янги кириб қолган аъзо гуруҳий босим остига олинади ёки муҳаббат “бомбардимони”га гирифтор қилинади. Унга Худо уни яхши кўришини, қандайдир олий мақсад учун яралганини, бутун олам маъсиятга ғарқ бўлиб, фақатгина уларнинг “оилалари (жамоалари)”да кишилар бир-бирларига чин муҳаббат қўя олишларини бетиним таъкидлайверадилар. Натижада, янги аъзо шубҳалардан фориғ бўлиб, унда шу “оилага” кириш иштиёқи уйғонади. Ёш болаларга хос ўйинлар учун мажлислар, жамоат бўлиб қўшиқлар айтиш, ўзаро қучоқлашиш, хушомадлар йўллаш каби усуллар қўлланилади. Ташқаридан қаралганда, безарар кўринган бундай йиғилишлар бора-бора секта аъзосига айланиш билан тугайди. Бир-бирларига “руҳан ва моддий” ёрдам кўрсатишлари ҳам “беғараз”дек кўринса-да, аммо бу оддий сектачиларга руҳий (психологик) таъсир ўтказиш услубидир.
“Оила” дунё ҳаётидан ажратилган бўлади. Бундай биқиқлик (изоляция) “устоз” ўгитлари билан воқеликни солиштириш хоҳишини йўқотади. Яъни, аъзо фақат шу “устоз” китобларини ўрганади, бошқалари эса рад этилаверади. “Олий ҳақиқатни” фақат угина билиши руҳан сингдириб борилади.
Фикрлаш қобилиятини ўсишдан тўхтатадиган техник воситалар ишлатилади. Бир оҳангдаги қўшиқлар, қайтарилиб туриладиган ҳаракатлар, жазавага тушиладиган рақслар, “зикр тушишлар” кишининг таъсирчанлигини ошириб юборади.
“Оила”да ўзаро яқинликни яратиш баҳонасида янги келган инсонни олдинги “гуноҳларини” очиқчасига айтиб беришга мажбурлашади. Мақсад эса қўрқув ва айбдорлик туйғуларини келтириб, ҳиссий жиҳатдан таъсирчан қилиб қўйишдир. Бунинг учун ҳатто очиқ ёки махфий таҳдидлар ишлатилади, жазо билан тақдирлашлар алмаштирилиб қўлланилади.

Руҳий машқлар ниқоби остида уйқудан воз кечиш рағбатлантирилади.
Олий руҳий даражага етишиш ёки ибодат расм-русум баҳоналари билан таомланишни танқислаш ёки калорияси паст парҳезга ўтиш талаб қилинади.
Янги кирган кишининг мулоҳаза юритишига, ўз тафаккури билан ёлғиз бўлишига ҳеч ҳам йўл қўймаслик учун уни бир лаҳза ҳам танҳо қолдиришмайди. Унинг барча сезиш аъзолари, биринчи навбатда, эшитиш, кўриш, ҳид сезиш аъзолари ва албатта, мияси, онги янги-янги ахборотлар, турли тадбир, маросимлар билан банд қилиб ташланади. Барча шахсий муаммолари ҳал қилиб берилишига ишонтиришади. Натижада, қисқа муддат ичида унинг олдинги қадриятлари янгилари билан алмаштирилган бўлади.
Секта таълимотига оид китоблар, видео ва аудио маҳсулотлари текин тарқатилади, фаол ёки муҳтож аъзолар гўё моддий рағбатлантириб турилади.
Энг “яхши” аъзолар чет элларга саёҳатларга юборилиб, у ердаги ўқув марказларида “миялари тозалаб” берилади.
Гуруҳнинг янги меҳмонига нисбатан тинимсиз руҳий қувватлаш тадбирлари кўриб борилади: табассумлар, ёқимли овқатлар улашилади, эътибор, ғамхўрлик кўрсатилади.
Охирги услуб ойдинлаштиришни талаб қилади. Янги аъзонинг барча, аммо жоиз деб ҳисоблашган хатти-ҳаракатлари қўллаб-қувватланади. Агар уни қуршаб турган сектачилар берилган саволларга ўзлари хоҳлашган жавобни эшитишса, ҳаммаёққа илиқ табассум таралади, ҳар бир сўз хурсандлик билан қабул қилинади. “Салбий” ёки қатъий бўлмаган жавобни эса қовоқ уюб қарши олишади, назарларини олиб қочишади. Осмонни қора булутлар қоплагандай бўлади... Қайсидир лаҳзада киши тушуниб етадики, агар у ўзига бўлган илиқ ва самимий эътиборни йўқотмай деса, янги дўстлари маъқуллайдиган тарзда гапириши ва ҳаракат қилиши керак. Бу ёғига энди ижтимоий психология қонуниятларидан бири ишга тушиб кетади – ташқи хатти-ҳаракатлар шахснинг ички эътиқодига айланиб боради.
Хавф-хатар шундан иборат – юқорида кўрсатилган психологик манипуляцилар махфий ўтказилади ва секта аъзолари буни пайқамайдилар. Янги аъзога ўз ҳис-туйғулари табиий равишда, беихтиёр жўш ураётгандек туюлади. Унда юз бераётган барча психологик ўзгаришлар “руҳий тузалиш” деб талқин қилинади. Янги аъзо биринчи учрашувданоқ чуқур ўрганиш объектига айланади. Махсус картотекалар тузилиб, хулқ-атвордаги ўзгаришлар қайд этиб борилади. Кейинчалик боғланишларнинг ният ва мақсадлари аниқланади. Мақсад янги инсонларни ҳақиқатга бошлаш эмас, балки янги “салибчилар”ни ёллашдадир!
Барча тоталитар секталар ўзларига қизиққан, аммо маълум сифатларга эга бўлмаган кишиларни тизимли равишда ҳар хил баҳоналар билан узоқроққа четлатиб туришади. Бу секталарнинг энг махфий тутиладиган ва гапирилишини ёқтирмайдиган сирларидир! Мана шу хислатлари билан тоталитар секталар диндан фарқ қилишади. Диннинг эшиклари барча хоҳловчи инсонларга очиқ, сектачиларга эса “продуктив”, яъни, натижа берадиган аъзолар керак.
Саентология сектасидан чиққан бир киши бундай эътироф этади: “Биз ҳеч қачон жамиятнинг касалманд, камбағал, ташландиқ аъзоларига мурожаат қилмас эдик: уларнинг руҳлари касалланган ва миссияни бажаришга қодир эмаслар. Бизга улар билан кейинроқ ишланилади, дейишарди. Дастлаб, тиришқоқ-фаол аъзоларни ёллаш керак эди”.

Секта қурбони
Турли миссионерлик оқимлари йўлига кириб қолган кишида нима рўй беради? Унинг фикрича, илоҳий нурни кўраётгандек, ҳақиқат очилгандек ёки, масалан, илҳом тушгандек бўлади. Тиббий нуқтаи назардан эса, янги руҳий хусусиятлари ривожлана бошлайди. Бу хусусият жаҳон тиббиёт тавсифида “шахснинг тобеликда айниши” (русчасига – зависимое расстройство личности) деб аталади (бунда қарор қабул қилишни бошқаларга юклаш, ўз эҳтиёжларини ўзгалар хоҳишларига бўйсундириш, яккаланишдан қўрқиш ёки барибир оддий инсон “олий ҳақиқат”ни била олмаслиги, буни махсус “ижозати” борларгина билиши, Худо билан одам орасида, албатта, ўша “жамоа” ёки “устоз” борлиги қаттиқ уқтирилади ва ҳ.к.). Оддий қилиб айтсак, киши ёш болалик ҳолатига тушиб қолади. Унга дунёни гўдакларча ҳис қилиш таклиф этилади ва у буни қабул қилади. Демак, ўзининг шахсияти, индивидуаллиги, “менлиги”дан сектаси манфаатлари учун бутунлай воз кечишга мажбурланади. Масалан, “Бирлашиш черкови” (Церковь единения) ўз саноат корхоналарига эга бўлиб, уларда сектантлар жуда оз маош учун меҳнат қилишга мажбурдирлар. Деярли барча секталар янги аъзоларидан даромадларининг катта қисмини бериб туришларини ёки мулкларини секта ҳисобига ўтказишларини талаб қилишади. Яна бир мисол, “муридлар” (послушниклар) “устозлари” ёки “гуруҳлари” ёхуд “аслзодалари”нинг уй юмушларини хизматкор каби адо этишга мажбур қилинадилар.
Миссионерлар тузоғига тушиб қолиш осон, аммо улардан халос бўлиш жуда қийин. Баъзи секталар динни моҳирона ниқоб қилиб олгани боис ҳатто инсон секта аъзосига айланиб қолганини ҳам сезмай юради.

Раҳимберди РАҲМОНОВ