«Ўз Руҳимиздан пуфладик»

 

 

 

САВОЛ: Ҳурматли Шайх жаноблари, бу мавзуда мени ҳам уйлантириб келадиган бир савол бор эди. Мавзуга яқин бўлгани учун шу бўлимда сўрашни афзал кўрдим.
«У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган зотдир. Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди. Сўнгра уни ростлади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади» («Сажда» сураси, 7-9-оятлар).
«Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» («Ҳижр» сураси, 29-оят).
«Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик» («Анбиё» сураси, 91-оят).
Қуръони Каримнинг бир неча оятларида, инсоннинг яратилишида Аллоҳ таоло Ўз руҳидан пуфлаб унга жон киритиши баён қилинганини тушунамиз. Худди шундай ҳолат Ийсо ибн Марямнинг яратилиши ҳақидаги қиссаларда ҳам ўз аксини топади. Баъзан насронийлар билан бўлган суҳбатда улар бу Қуръон оятини, яъни Ийсо алайҳиссаломнинг яратилишида Аллоҳ ЎЗ РУҲИДАН пуфлаганини, далил кўрсатиб, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Руҳи деб айтишади. (Аллоҳ бундан Покдир).
Биз эса «Ўз Руҳимиздан пуфладик» жумласини «Ўзимизнинг ҳузуримизда турган, яратилаётган жонга оид руҳни пуфладик» шаклида тушунамиз, Валлоҳу аълам.
Шайх ҳазратлари, илтимос, бу ҳақда Қуръонда зикр қилинган оятларнинг маъноларини тўғри тушунишимизга ёрдам берсангиз. Кўпроқ маълумот берсангиз. Қимматли вақтингизни аямаганингиз учун ташаккур.


ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Инсон зотига Аллоҳ таоло ўз руҳидан жон пуфлагани одам боласи учун шарафдир. Буни тушуниш эса, сиз саволда айтганингиз кабидир.
Аммо Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги пуфлаш Жаброил фариштанинг пуфлашидир. Бу ҳақийқат оятларда баён қилинган.
Аллоҳ таоло айтади:
«Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» («Таҳрим» сураси, 12-оят).
Биби Марям Имрон қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда.
Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди». («Марям» сураси, 16-, 17-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Унинг ғаройиб қиссасини зикр эт.
Қисса қуйидагича:
«У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда…»
Байтул Мақдисда яшаётган озода, бокира, тақводор қиз Марям қавмидан ажралиб, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди.
Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Эҳтимол, бўйи етган қизларга хос, биров сезиши мумкин бўлмаган сирли иши бордир.
Хуллас, ўша ерга чиқиб, ўзи ва қавми орасида тўсиқ олди. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холий ва ёлғиз қолди. Шунда:
«Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди».
Яъни, фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади.
Чунки, бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.
Марям Жаброилни кўриши билан ҳушёр тортди.
«У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди». (18-оят)
Марям Жаброил алайҳиссалом эркак киши сифатида хилват жойда кўриниши билан, дарҳол ўз иффати ҳақида қайғурди ва унга Аллоҳни эслатди. Менга сенинг ёмонлигинг етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Агар Аллоҳдан қўрқсанг, менга яқинлашма, деди.
Тақводор одам, Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар нечук ёвузликдан қайтади. Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган эди. Шунинг хабарини берди:
«У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди». (19-оят)
Жаброил алайҳиссалом Марямга: таҳликага тушма, сенга тегмайман, мен Роббингнинг сенга юборган элчисиман, сенга пок бир ўғлонни тақдим этиш учун келдим, холос, деди.
Бу ҳол жуда ажойиб, одатдан ташқари ғаройиб ҳол эди.
Шу боисдан Марям қаттиқ ҳайратга тушди.
«У: «Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди». (20-оят)
Марямнинг ҳолати оддий инсоний воқеъликнинг кўриниши эди. «Менга бирор эркак тегмаган бўлса, яъни, тан маҳрамим бўлмаса ёки бошқалар билан ношаръий алоқада бўлган бузуқи аёл бўлмасам, қаердан бола бўлиши мумкин?!» деди.
Марямнинг бу саволига Жаброил алайҳиссалом оддий воқеъликдан юқори-илоҳий воқеълик хулосасини баён қилди:
«У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиши учун, бу ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди». (21-оят)
Жаброил алайҳиссалом: Шундай, Роббинг ирода қилса, башар тегмаса ва бузуқи бўлмасанг ҳам фарзанд бўлаверади, деди.
«Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир».
Ҳеч кимсанинг қўли тегмаган, бузуқилик қилмаган пок ва бокира қиз болага фарзанд ато этиш Мен учун жуда ҳам ўнғайдир, деди.
«...уни одамларга белги қилиш учун..."
Яъни, Биз сенга бу фарзандни одамларга Аллоҳингнинг қудратига, холиқлигига ва тадбиркорлигига белги бўлиши учун ато қилмоқдамиз.
Одамзот Аллоҳ жорий этган табиий қоидаларга одатланиб қолган. Шу боис, бу ҳодисаларнинг ҳар лаҳзада содир бўлиб туришини қонуний ёки мажбурий нарсалар деб билади. Бу қоидалар унинг кўз ўнгида кўп такрорланаверганидан шу қарорга келган. Бироқ ушбу қоидаларни жорий этган Аллоҳ учун айрим ҳолларни истисно этиш ҳам ҳеч гап эмас.
Эркак ва аёлнинг жинсий унсиятидан фарзанд пайдо бўлишини Аллоҳ таоло умумий қоида қилиб қўйган. Аслида, эркак ва аёл қўшилган тақдирда ҳам, Аллоҳнинг хоҳиши бўлсагина, фарзанд яралади. Бу ҳақийқатни кўпчилик унутиб қўяди.
Унутиладиган ҳақийқатларни бандалар ёдига солиб туриш учун Аллоҳ таоло ҳар замонда мазкур умумий қоидаларга хилоф ишларни ҳам юзага келтиради. Баъзи бир эр ва аёлларни фарзандсиз қилиб қўяди. Агар эркак ва аёлнинг қўшилишигина бола яралишининг асосий омили бўлса, нима сабабдан барчанинг ҳам фарзанди бўлавермайди?
Шунингдек, қартайиб қолган кишилардан фарзанд бўлмаслиги ҳам умум одамлар учун табиий қоида, аммо Аллоҳ хоҳласа, Закариё алайҳиссаломга бергандек, кекса жуфтларга ҳам фарзанд ато қилаверади.
Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир, чунончи, хотини бўлмаса ҳам, эркакнинг ўзидан фарзанд пайдо қилади. Одам отадан Момо Ҳавони яратганидек. Аксинча, эркак бўлмаса ҳам, аёлнинг бир ўзидан фарзанд яратиши мумкин. Биби Марямдан Ийсо алайҳиссаломни яратгани каби. Шунингдек, Одам отани йўқдан бор қилганидек, на эр ва на аёлсиз ҳам турфа махлуқларни ҳаёт саҳнига келтиради.
Мулоҳаза қилсак, мазкур ҳодисаларнинг барчасида ҳам Аллоҳ таоло сабабчи омилларни ишга солади. Чунки, У зот бу дунёни шу асосда яратган. Аслида, бир оғиз «Бўл!» деса Одам ота бино бўларди. Аммо бундай қилмади. Даставвал уни Ўз қўли билан лойдан одам шаклида ясади, бир муддатдан кейин унинг ичига жонни киритди.
Шунга ўхшаб, Закариё алайҳиссаломга ҳам тайёр ўғилни шундоқ қўлига тутқазиб қўймади. Пуштсиз кампири билан қўшилганидан кейин аёл ҳомиладор бўлди. Ҳомила пайдо бўлганининг белгиси сифатида Закариё алайҳиссаломни уч кун тилсиз қилиб қўйди. Ниҳоят, фарзанд одатдагидек табиий йўсинда дунёга келди.
Шунингдек, отамиз Одам алайҳиссаломдан онамиз Момо Ҳаввони яратишда ҳам ўзига хос бир қанча тадбирлар амалга оширилган.
Энди бокира Марямдан эркаксиз бола пайдо қилиш жараёни қандай кечганига келайлик. Биз ўрганаётган оятларда айтилганидек, Жаброил фаришта алайҳиссалом Марямга йўлиқди-да, унинг кўйлаги ёқасидан пуфлади.
«Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди.» (22-оят)
Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин у Ийсо алай-ҳиссаломга ҳомиладор бўлди.
«Сўнгра у билан узоқ маконга четланди.»
Чунки, бокира қиз ҳали турмуш қурмай, туйқусдан ҳомиладор бўлиб, қавми назарига тушишдан андиша қилиши табиий бир ҳол эди. Валлоҳу аълам.