Авлиё Валентин ким бўлган?

Аллоҳ Таолога ҳамду-санолар, Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!
Муҳтарам опа-сингил биродарларимиз! Аллоҳ Таолодан қалбларимизни мунаввар қилишини, бизни ҳидоятга йўллашини, бизга икки дунё саодатини насиб этишини илтижо қиламиз!

Биз авлиё Валентин куни ёки Севишганлар байрами деб аталаётган куннинг нишонланиш тарихи ҳақида сўзламоқчимиз. Севишганлар байрами Рим империяси бутпарастлик ботқоғига ботиб ётган пайтда, бундан ўн етти аср муқаддам қадимги римликларнинг мажусий байрамларидан бири эди. Қадимги рим мажусийларининг тасаввурида бу байрам «маънавий севги» ифодаси эди. Римликлар бу байрамни ана шундай афсона асосида байрам қилишган. Бу байрамни нишонлаш насронийлик даврига келиб ҳам давом этди. Энг машҳур афсоналарга кўра, Римга асос солган Ромул бўрини эмиб улғайган ва шу сабабли кучли ва ақлли бўлган. Римликлар ҳар йили февраль ойининг ўртасини ана шу воқеани хотирлаб, байрам қилиб нишонлашган.
Ушбу қадимий мажусий байрамнинг қоидаларидан бирига кўра, роҳиблар йил серҳосил келсин, деб бир эчкини ва руҳий покланиш учун бир итни қурбонлик қилишган. Шундан сўнг ёш, бақувват йигитлардан икки нафари сўйилган эчки ва итнинг қонини баданларига суриб, сўнг уни сут билан ювиб ташлаганлар. Шундан сўнг бу икки йигит ҳаммани орқаларидан эргаштириб, бутун шаҳарни айланиб чиқишган. Уларнинг қўлларида қурбонликка сўйилган ит ва эчки териларидан кесиб олинган тасма бўлган. Бу икки йигит йўлда учраган кишини ана шу тасмалар билан савалаб борган. Римлик аёллар эса атайлаб бориб, ўзларини калтакка тутиб беришган, чунки бу тасмалар бепуштликни кетказади, деб ишонишган.

Авлиё Валентин ким бўлган ва унинг бу байрамга қандай алоқаси бор?


Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан шаҳид деб тан олинган икки насроний авлиёнинг исмидир. Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милоддан аввалги 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса у қатл этилган жойнинг ўрнида унинг хотирасига бағишлаб черков қурилган.
Римликлар насронийликни қабул қилгач, Севишганлар байрамини нишонлашда давом этдилар. Бироқ, байрам ҳақидаги мажусий қарашларни насроний ақидаларга алмаштирдилар. Насроний эътиқодига кўра, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган ва шу сабабли қатл қилинган. Шундан буён ушбу мажусий байрами Севишганлар байрами деб аталган, авлиё Валентиннинг ўзи эса севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё деб ҳурматланган.
Ўша пайтдаги мажусий ақидаларга кўра, никоҳ ёшига етган қизлар исмларини қоғозга ёзиб, бир қутичага солишар, уйланмоқчи бўлиб юрган йигитлар эса қутичадаги қоғозлардан бирини тортишар экан. Шу кундан бошлаб йигит қоғозга исми ёзилган қизнинг хизматкорига айланиб, кейинги байрамгача бир йил мобайнида шу қизнинг юмушларини бажариб юрар экан. Бир йил ўтгач, улар ё оила қуришган, ёки яна қутичага мурожаат қилишган.
Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган.
Бу байрамга исломий муносабатга келсак, бу ҳақда ал-Азҳар Университетининг фиқҳ профессори доктор Саид Иброҳим Солиҳ шундай дейди:
Ислом –Аллоҳга муҳаббат, зуҳд ва тақво дини, солиҳ ва ҳақ ишларда ҳамкорлик динидир. Биз Қодир Аллоҳдан барчамизни Ўзининг Мутлақ Раҳмати сояси остига олишини сўраб илтижолар қиламиз. Аллоҳ Таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз», - деган.
Бу жиҳатдан қараганда, муҳаббатнинг Ислом ақидаси нуқтаи назаридан мақбул ва аксинча, номақбул кўринишлари мавжуд. Албатта, мақбул муҳаббат сифатида аввало Набийлар ва Росулларга бўлган муҳаббатни мисол келтириш мумкин. Ўз-ўзидан маълумки, Аллоҳ Таолога ва Унинг Росули ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат севгининг бошқа ҳар қандай шаклларидан устун бўлиши лозим.
Дарҳақиқат, Исломда инсонларни бирлаштирувчи, уларнинг ҳаётига файз киритадиган байрамлар ман қилинмайди. Аммо Ислом бошқа динларга, масалан ғарб динларига кўр-кўрона эргашишни, хусусан авлиё Валентин куни каби байрамларни нишонлашни ман қилади. Зеро, «авлиё Валентин куни» ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди. Ислом ақидасига кўра, мусулмонлар бир-бирларини ҳар доим, умр бўйи яхши кўришлари лозим. Исломда бунинг учун йилнинг бирор кунини тайинлаб қўйиш деган нарса йўқ.
Бинобарин, мусулмонлар «Валентин куни» каби бундай «янгиликлар» ва иримларга эргашишлари мумкин эмас. Шубҳасиз, бу «байрам»да динимизга ёт бўлган урф-одатлар бор бўлиб, у кишиларни ҳақиқий севгидан узоқ бўлган, ҳатто бу «байрам»ни маънавий аҳлоқсизликка, ҳатто зинога яқинлаштирувчи ҳатти-ҳаракатларга ундайди.
Аллоҳ Таоло барчамизни ҳидоятга, ҳақ йўлга бошласин ва гуноҳларимизни кечирсин, омин!!
Валлоҳи Аълам, биссавоб (Аллоҳ билгувчидир)

***


Одам зоти қизиқ-да, бир янгилик кўрдими, унинг ортидан бир эргашиб кўриши керак. Яқин-яқинда юртимизда 14 февраль умуман бошқа байрам сифатида нишонланар эди. Унинг ҳарбийларга алоқаси борлигини ҳамма билади. Кейин бу кунда Мирзо Бобур таваллуд топганлиги миллий ғурур сифатида эътироф этила бошлади. Хўп, бунисига-ку, чидаса бўлар, аммо охирги «вариант» - «севишганлар куни»га нима дейсиз? Тағин, унинг жарангдор номи ҳам бор – Валентин куни! Баъзилар бизнинг бу сўзларимизга қарши чиқишлари мумкин: «Йўғ-э, ҳали бутун бошли халқ қабул қилмаган нарсани унга тиркаб қўйиш яхшимас», деб. Биз ҳам бу эътироз рост бўлса қанийди, деймиз. Аммо воқеъликда бундай эмаслиги кундек равшан-да! Ишонмаган одам бўлса, марҳамат, 14 февраль куни мамлакатимизда фаолият олиб бораётган бир қатор радиоканалларни тинглаб кўришсин. Телефон қўнғироқларининг 98 фоизи тарихи кўпчиликка маълум бўлмаган «Валентин куни» хусусида. Йигит-қизлар бир-бирини табриклаган, бугун бизнинг кунимиз экан, деб ота-оналари эшитса, ёқа ушлайдиган «севги изҳорлар»ни эфир тўлқинлари воситасида етказиб олишади.

«Бу куни ўзи қандай кун, нега дабдурустдан келиб қолди, балки унинг ортида ката фалокатлар келаётгандир?» деган саволни берадиган савияли ёшлар камдан-кам топилади. Ҳамма Янги «байрам» пайдо бўлиб қолганидан бошлари осмонда...
Тарих саҳифаларининг хира тортган хошияларида Валентин деган шахс ҳақида Аниқ-тиниқ маълумотлар йўқ. Лекин, насроний динига мансуб тарихшуносларнинг қайд этишларича, бу инсон ўз замонасида севишганларни бир-бирига учраштириб қўйиш бўйича «мутахассис» бўлган. Тахминан эрамиздан уч аср олдин Римда жойлашган Терн шаҳрида туғилган бу инсон аслида роҳиб бўлган ва кейинчалик ўз касбига ҳилоф иш қилиб, «муҳаббат мактублари»ни битиш йўлига ўтиб кетган. Валентиннинг ҳаёт йўли Рим императори Клавдия даврига тўқнаш келиб қолди. Қонли урушлар режасини тузган султон ўз аскарларини жангда ҳолдан тоймасликлари учун ғалати қарор қабул қилган эди: «Биронтанг уйланмайсан, қизлар билан учрашмайсан!!!»
Валентин бу қарорга биринчилардан бўлиб қарши чиқди ва император томонидан қамалганидан сўнг ҳам, турли мактубларни зиндон қаъридан чиқаришда бардавом бўлди. Охири уни қатл этишди. Турли ривоятларга кўра, ёш роҳиб зиндон хўжайинининг кўзи ожиз қизига муҳаббати тушиб қолган. Ўлимидан бир кун олдин, яъни 13 февраль куни унинг кўзларини тиб йўли билан даволаган.
Хуллас, Валентин деган шахс насронийлар оламида «Муҳаббат қурбони» деб таърифланади. Аммо Рим императори ўша даврларда проваславларга қарши мухорабалар майдонини ташкил этгани боис, славянлар Валентин деган шахсни эътиборга олишмайди. Қисқа қилиб айтганда, МДҲ давлатларининг христианлари «Валентин куни»ни байрам қилиб нишонлашмайди.
... Мана шу нуқтада ўта алам қиладиган жиҳат бор. Ёшларимиз ўзларига байрам қилиб олган куни аслида диний урф, бошқа бир миллат ва бошқа эътиқод вакилларининг айёми. Демак, бу нарса билан ҳазиллашмаслик лозим. Пайғамбаримиз ўз ҳадиси шарифларида ким қайси қавмга тақлид қилса, ўша қавмдан бўлиб қолиши хусусида огоҳлантирганлар.
Валентин деган шахснинг тарихда қандай инсон бўлганлиги ҳақиқатини Аллоҳ билади. Биз бугун у инсон ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Балки, ўзимизнинг ҳолатимиз ҳақимизда сўз юритяпмиз. «Валентин куни» номи билан кириб келган бу «байрам» ҳам аслида миссионерларнинг найрангларидан бири ҳисобланади. Чунки миллатни бузиш, мамлакатни таназзул эшигига олиб келишнинг энг машҳур йўли – унинг ёшларини заҳарлаш. Бошқа мафкура, ўзга эътиқод ва ботил байрамлар орқали ҳиссиётга эргашувчан ёшларни ўз йўлига буриш мақсади айнан 14 февраль билан боғлиқдир. Чунки бу кун руслардан кириб келган, десак, тўғри бўлмайди. Юқорида айтиб ўтдик, проваславлар учун Валентин ҳеч ким эмас. «Валентин» деган роҳиб остида юртимизга кириб келган найрангбозлар ҳамма томонни чиройли сўзлар билан тўлдириб ташлашди. «Биз меҳрга ташна кишилармиз!», «Худованд ҳаммани яхши кўради, биз ҳам сизни севамиз!», «Бир-биримизни чин дилдан севсак, Худо ҳам бизни севади!» деган кўринишидан чиройли, аммо тагида жиддий мақсадлар яширинган шиорлар ёш авлод ичида кенг суратда тарқатилди. Байрамларнинг номини «муҳаббат» аталмиш нозик туйғуга ҳамоҳанг тарзда янграши эса, ақлдан кўра ҳиссиётни устун санайдиган авлодни саросимага солиб қўйди. Натижада, миссионерлар, яна бир бора қайтариб айтамиз, насронийлар эмас, балки миссионерлар 14 февралга жиддий ҳужум уюштиришди. Бу ҳужумлар алал оқибат куртак очди, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган радиоканалларда бу ўз аксини топди.
Юрт тараққиёти учун бел боғлаган ҳар қандай инсон бир ишга қўл уришдан олдин, яхшилаб ўйлайди: Бу иш менга фойда берса ҳам, юртимга зарар бериб қолмасмикан?!
Биз мана саволни «Валентин куни»нинг тарғиботчисига айланиб қолган ҳамкасбларимизга бермоқчимиз. Бугун кўзимизни очмасак, эртага кеч бўлади. Келажак авлод биз ҳақда ўқиганда, ё эшитганда, найрангбозлар йўлига хизмат қилган нобакорлар сафида тилга олмасин. Болаларига «американча» ҳаётни ўргатган бетайинлар, деб ўқимасин. Балки, ҳаммамизга биз ҳақимизда бемалол «миллат фидокорлари» деган таърифни бера оладиган буюк келажакни қолдириш насиб этсин!!!

"ВАЛЕНТИН КУНИ"ни нишонлаш


Аллоҳ таоло барча инсоният учун Исломни дин қилиб танлади ва Исломдан ўзга ҳеч қандай йўл Унинг ҳузурида мақбул бўлмаслигини маълум этган:
“Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир” (Оли Имрон:85).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари орасида кофирларнинг урф-одат ва анъаналарига тақлид қилиб, эргашиб кетгувчилар чиқишидан огоҳлантирганлар.
Абу Саъйид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда шундай дейилади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: "Сизлар аввал ўтган қавмларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетурсизлар". Савол берилди: "Ё Расулаллоҳ, яҳуд ва насороларни айтяпсизми?" Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бўлмаса кимни?" (Бухорий ва Муслим ривояти)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимадан огоҳлантирган бўлсалар, ўша бугун содир бўлди ва кўпчилик мусулмонлар орасида оммавийлашди. Аксар мусулмонлар Аллоҳнинг душманларига кўп феълларда эргашдилар ва уларнинг урф-одатлари, анъана ва байрамларига тақлид қилдилар. Оммавий алоқа воситаларининг кўпайиши натижасида эса бу баттарроқ тус олди: кофирларнинг одатлари барча дабдабаю-асъаса билан куфр ўчоқларидан мусулмонлар орасига фазовий телеканаллар, интернет тармоғи, газета ва журналлар орқали узатилди, содда мусулмонлар эса уларнинг зоҳирий зийнати таъсирига мубтало бўлдилар.
Бу одатларнинг бири –сўнгги йилларда мусулмон ёшлар орасида тарқатилган фаҳш, зино ва энг жирканч ахлоқсизликларга тўла бир анъанадир. Бу анъананинг номи "Авлиё Валентин куни" аталиб, мусулмонларнинг насоролар тўдасига тақлид қилишлари оқибатида юзага келди.

Ўз навбатида илм аҳли Аллоҳ ва Расулига насиҳат (холислик) ҳаққи, ўз зиммасидаги вазифаларини адо этмоқлари, бундай кўринишларга Исломнинг аниқ ва асосли муносабатини яширмасликлари лозим ҳамда Аллоҳ таоло наздидаги азизликнинг ягона сабаби бўлмиш соғлом ақидаларини саломат сақлашга саъй-ҳаракат қилмоқлари шартдир.

ВАЛЕНТИН КУНИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ


Бундан 17 аср муқаддам, Қадимги Римда буптарастлик расмий дин бўлган замонларда, "Севги байрами" деган байрам бўлган. Бу – бутпарастларнинг наздида ўз маъбудларига нисбатан "руҳий муҳаббат" изҳори саналган. Бу байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бир неча афсоналар мавжуд бўлиб, кейинги насоро тадқиқотчилари тарафидан уларнинг воқеликда содир бўлганлигини улкан шубҳа остига олинган. Шундай бўлса-да, биз улардан иккитасини келтириб ўтамиз.

Энг кенг тарқалган афсонада айтилишича, Ромул (Рим асосчиси) бир куни она бўрини эмиб қўяди ва она бўри унга куч-қувват ва ҳикмат ато этади.

Римликлар бу байрамни ҳар йили февраль ўрталарида нишонлаганлар. Одат бўйича, улар ўз бутларига атаб қурбонликка эчки ва ит сўйиб, қонини икки бақувват ва кўркам йигит баданига суртишар, сўнг эса уни сут билан ювишарди. Кейин иккиси бошчилигидаги парад Рим кўчалари бўйлаб кезарди. Йигитларнинг қўлида қамчилари бўлиб, дуч келган одамни савалар эди. Римнинг туғмас хотинлари бу калтакларни бажонидил қабул қилишарди, чунки бу бепуштликдан халос қилади деб ишонишарди.

Бу байрамнинг Валентин кунига қандай алоқаси бор?


Валентин - насоролар тарихидаги роҳиблардан бирининг номи бўлиб, 296 милодий йили у Готларнинг саркардаси Клаудиус қувғинлари оқибатида ҳалок бўлган. 350 м. йили насоролар унинг хотирасини "абадийлаштириш" учун у ўлган жойда черков қуришган. Римликлар насронийликка ўтгач, улар мазкур "Севги байрами"ни нишонлашни тўхтатмадилар. Балки бутпарастча "руҳий муҳаббат" деб эмас, балки насороча талқин билан "муҳаббат шаҳидлари куни", "барча севишганлар байрами" деб аталди, Валентин ҳам ишсиз қолмади, унга "барча ошиқ-маъшуқлар авлиёси" мақоми берилиб, дунёда севги ва тинчликни сақлаб туриш вазифаси юклатилди.
Ушбу байрамга тааллуқли яна бир одат шу эдики, бўйи етган қизлар ўз исмларини бир парча қоғозга ёзишиб, ликопчага ташлардилар. Сўнг уйланмоқчи бўлган йигитлар чақириларди-да, ҳар бири ликопчадаги варақлардан бирини тортарди. Йигит бир йил мобайнида исми чиққан қизнинг хизматида бўларди. Келаси йил байрамида улар ё никоҳдан ўтиши керак эди, ёки яна қоғоз тортиларди.
Шуни ҳам айтиш керакки, насоро расмийлари (масалан, Италияда) бу байрамни таъқиқлаган. Чунки у ёшлар маънавиятига улкан хавф бўлиб, жамиятда фасод ва бузуқликни кўпайтирар эди. Аммо кўп ўтмасдан, 18-19 асрларга келиб Валентин куни насороларда барибир байрам қилинадиган бўлди. Бунга сабаб, бир тарафдан, ўзлари бу таъқиққа амал қилишмасди: тарки дунё қилиб, бор умрини фақат тоат-ибодатга назр қилган насроний уммати, айниқса дин пешволари шаҳват ботқоғига аллақачон ғарқ бўлиб улгурган эди: эркаклар баччавозлик, аёллар эса фоҳишалик билан шуғулланишар, ибодатхоналар эса фаҳш ва зино билан тўлган эди. Иккинчидан, черков, ўз тарафидан, бу байрамга қарши тақдим этишга яроқли ҳеч нарсага эга эмасди.
Натижада, бир қатор Ғарб давлатларида бутун бир дўкончалар пайдо бўлиб, “Валентин куни”га тааллуқли совғалар билан савдо қилиш бошланди, улар орасида “Валентин китоби” номли китобчалар эди. Уларда ишқий шеърлар битилган бўлиб, севги изҳор этишни истаганлар бу шеърлардан бирини танлаб, ўз севгилисига тақдим этиши мумкин эди. Уларда ишқий мактуб ёзиш бўйича тавсиялар ҳам бериларди.
Бу байрамнинг келиб чиқиши ҳақидаги бошқа бир ривоятда шундай дейилади. Насронийлик кенг тарқалиб, Римликлар масиҳий қилингач, учинчи милодий асрга келиб Рим императори Клаудиус II ўз аскарларига уйланишни таъқиқлайди, чунки уйланган аскарлар армия сафидан озод этиларди. Бу таъқиққа қарши Валентин исмли роҳиб (кейинроқ насоролар унга авлиё мақомини беришган), уйланишга рухсат деган фатво чиқаради ва аскарларни махфий турда никоҳдан ўтказади. Бундан хабар топган император “қонунбузар роҳиб”ни қамоққа ташлайди ва ўлимга маҳкум этади. Қамоқда Валентин қамоқхона бошлиғининг қизини севиб қолади, аммо бу ҳам сир турилиши керак эди, чунки насоро қонунлари бўйича, ҳеч бир роҳиб ё черков ходимининг уйланиш ё бирон аёлни севишга ҳаққи йўқ.
Шундай бўлса-да, насоролар уни авлиё санайдилар. Нега? Эмишки, гўё император унга агар насронийликдан қайтиб, Рим бутларига сажда қилса, унга юқори лавозим ва ўз қизини никоҳлаб беришини ваъда қилганида, Валентин рози бўлмай, насронийликни ихтиёр қилганмиш. Оқибатда 270 м.йил 14 февралда қатл этилган ва мазкур кун ҳалиги роҳиб номи билан боғлиқ бўлиб қолган эмиш.
Тарихчи Уилл Дюраннинг таъкидлашича, насоро черкови йилнинг ҳар кунини алоҳида авлиё номи билан атаб, тақвим тузиб чиқди. Англияда Валентин куни қишнинг сўнгига тўғри келиши керак эди. Бу кун уларнинг ақидасига кўра, ўрмондаги қушлар ўзгача фаоллик билан қўшилишар экан, шунинг учун йигитлар ҳам севган қизларининг деразаси остига гулдасталар қўйиши лозим эди (Story of Civilisation, Will Durant 15/23).
Папа 270 м.йилга келиб Валентин ўлган кунни “Севги байрами” деб нишонлашга расмий турда фатво чиқарди. Ниҳоят, Папа ҳазратларининг фатвоси билан бир бутпарастларнинг замонлар қолиб кетган нопок анъаналари самовий диннинг тўридан жой олди. Мана сизга папа! Папа дегани кимлигини биласизми? “Папа – бош епископ, коинот черковининг отаси, авлиё Пётрнинг ўринбосари”. Кўринг динида йўқ байрамни жорий қилиб бераётган манави черков отасини!
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай дейди: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар”. (Тавба:31)
Адий ибн Хотим разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мен (ҳали мусулмон бўлмаган пайтимда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келдим. Бўйнимда олтин салб (крест) бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: “Ташлаб юбор бу бутни, ё Адий!” Сўнгра “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар” оятини ўқидилар. Мен дедим: “Ахир уларга ибодат қилмаганлар-ку?” У зот дедилар: “Йўқ, ибодат қилганлар! Улар ҳаромни ҳалол қилиб берсалар, ҳалол санаб, ҳалолни ҳаром қилиб берсалар, ҳаром санаганмидилар?” Мен: “Ҳа. Шундай қилгандилар”. У зот дедилар: “Бас, мана шу – ибодатларидир” (Термизий ривоят қилган ҳасан ҳадис)

БУ БАЙРАМНИНГ АСОСИЙ РАМЗЛАРИ


-Бу кунни (худди бошқа байрамлари қаторида) қувонч ва хурсандчилик билан ўтказиш.
-Бутпарастларнинг “руҳий муҳаббат” ёки насороларнинг “севги” тимсоли бўлмиш қизил атиргуллар алишиш.
-Битоқа (откритка)лар юбориш. Уларнинг баъзиларида Купидон сурати тасвирланади (Купидон – қадимги Римдаги севги илоҳи, яланғоч ва хатна қилинмаган қанотли гўдак бўлиб, қўлида камон ва ўқ ушлаган). Субҳоналлоҳ! Аллоҳ уларнинг бу бўҳтонларидан юксак ва покдир!
-Ишқий сўзлар ва истаклар ёзилган хатлар ёзиш. Уларда шеърий, насрий ёки бир неча жумлалар битилган бўлади. Баъзи хатларда кулгили сурат ва ажабтовур сўзлар ёзилган бўлиб, кўпинча “be my Valentine!” (Валентиним бўл!) деган ибора билан якунланади.
-Кўпчилик Ғарб юртларида бу кун зиёфатлар ташкил қилинади, эркагу-аёл аралаш рақслар тушилади. Кўплар ўз аёли, дўсти ёки севган бошқа кишиларига атиргул, шоколад ё бошқа совға беради.
-Севги-муҳаббат (жумладан, узоқроқ ўпишиш) мусобақалари уюштирилиб, натижада оммавий зино ва беҳаё намойишлар авж олади.
Аллоҳ таоло бизларни ўз паноҳида сақласин!

Юқоридагилардан хабардор бўлгач, қуйидаги хулосаларга келамиз:
Биринчидан, бу байрамнинг келиб чиқиш тарихи Рум бутпарастларининг Аллоҳни қўйиб, ибодат қиладиган маъбудларига нисбатан “руҳий муҳаббат”ни изҳор этишдан бошланган. Бу байрамни нишонлаётган кишилар сохта худоларни улуғлаб, ширк кўринишларидан бирини қилаётган бўлади.
Аллоҳ таоло деди: “Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур” (Моида:72).
Иккинчидан, бу байрам ақлга ҳам мантиққа ҳам тўғри келмайдиган афсоналар асосига қурилган. Йирик бир шаҳар асосчисини қайдаги бир ваҳший ҳайвон эмизишига, унга куч-қувват ва ҳикмат ато этишига ва буни байрам қилинишига заррача ақли бор инсон ишонадими? Бу афсоналар мусулмонларнинг соф ақидаларига бутунлай зиддир, зеро барча куч-қувват ва ҳикмат шериги йўқ бўлган Аллоҳ таолога хосдир. Уни ёлғиз Аллоҳгина ато этади, урғочи ҳайвонлар эмас. Қавмларини ҳам бўрилар тўдасидан бутлар эмас, балки осмонлару-ерни сақлаётган буюк Аллоҳ сақлайди! Аллоҳ уларнинг бу ширкларидан олий ва покдир!
Учинчидан, бу байрамдаги римликларнинг жирканч одатлари, яъни эшак ва итларни ўлдириб, қонларини баданларига суртишлари ёки кўчада юрган кексалар, аёллар ва болаларни аёвсиз савалашлари эди. Поклик деган тушунчадан озгина хабари бор кишида бу байрам кайфияти эмас, балки нафрат ва жирканишни пайдо қилади.
Тўртинчидан, Валентин (уни биз ҳеч қанақа авлиё ҳисобламаймиз) билан бу байрамнинг боғлиқлигини насороларнинг ўзлари шубҳа остига олганлар, яъни бу байрамнинг бирор аниқ тарихий асоси йўқ.
Очиғини айтганда, насоролар бутпарастларга эргашиш ўрнига, Аллоҳнинг пайғамбарига эргашганларида, Ийсо алайҳис-салом келтирган соф динни ташлаб, мушрикларнинг нопок одатларидан нусха олиш ўрнига, Аллоҳнинг мўъжиза каломи ва Қиёматгача тирик мукаммал шариъатини қабул қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди: "Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди" (Нисо:66)
Бугунги аҳволни кўринг, масиҳий динидаман деганларнинг Ийсо келтирган дин қайси-ю, бутпарастдан келгани қайси, боши гаранг.
Улар-ку маълум, кофиру-адашганлар, аммо биз мусулмонлар-чи, яҳудий, насроний ва бутпарастларнинг ҳар қандай навига мухолиф бўлишга буюрилган, уларга эргашмасликка, уларга тақлид этмасликка маъмур бўлган, лекин бовужуд, уларнинг ортида эргашиб юрган бизларга нима дейиш мумкин? Бу байрам Италияда, католиклар чўққисида таъқиқлангани ҳам бор, чунки у эркагу-аёлнинг орасида фасод ва расволикни тарқатувчи, ёшлар онгини заҳарловчи анъана эди.
Бас, мусулмонга мана шуларнинг ўзи уни рад қилиб, бошқа мусулмонларни ҳам ундан қайтариши учун ва зиммасидаги яхшиликка буюриш/ёмонликдан қайтариш омонатини адо этиш учун етарли эмасмиди?