Қоришмадан иборат томчи

Она қорнида янги инсон пушти қандай ҳосил бўлишини биласизми? Маълум бўлишича, она организмига тушган сперматозоидлар тухум ҳужайрага етгунга қадар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтар экан. Ота организмидан она организмига бирданига 250 миллиондан ортиқ сперматозоид тушар, аммо улардан атиги мингтаси тухум ҳужайрагача етиб келар экан. Орадан 5 дақиқа ўтгач, бу йўл ўз ниҳоясига етиб, онанинг майда туз донасининг ярмича келадиган тухум ҳужайраси улардан фақат биттасини қабул қилиб олади. Аммо яқинда эмбриолог олимлар томонидан ғаройиб бир кашфиёт қилинди. Маълум бўлишича, тухум ҳужайра сперматозоидни бутунлигича қабул қилмай, унинг туғилажак инсон фарзандининг асосини ташкил қилувчи кичик бир заррасини ўзига олар экан. Бу ҳодиса Қуръонда шундай баён қилинган:
Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, Охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?!
Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Қиёмат сураси, 36-37-оятлар
Эътибор беринг, инсон пушти уруғдан эмас, балки ундан ажралиб чиққан бир томчидан ҳосил бўлар экан. Замонавий фан буни исботлади, тасдиқлади ва ҳақиқат деб тан олди.

ОНА ҚОРНИДАГИ ҲОМИЛА
РИВОЖЛАНИШИНИНГ УЧ ДАВРИ


У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Аллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?! Зумар сураси, 6-оят
Агар диққат билан кузатадиган бўлсак, келтирилган бу оятда инсон ҳомиласи она қорнида ривожланишининг бир-биридан фарқ қилувчи уч босқичини бошидан кечиришига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, замонавий биологик тадқиқотларда тасдиқланишича, ҳомила она қорнида учта бир-бирига ўхшамайдиган эмбрионал босқични бошидан кечирар экан. Оятларда ёзилганидек, айнан бирин-кетин, уч зулмат ичида - дастлабки қоронғулик, бачадон зулмати ва туғилиш зулмати. Бундан ташқари, оятда айтилишича, инсон эмбриони учта ривожланиш босқичини ҳам босиб ўтади, яъни ҳомиланинг она қорнидаги ҳаёти уч босқичдан иборат экан.
Эмбриология соҳасида фундаментал нашр ҳисобланган “Инсон эмбриологияси асослари” деб аталган китобда бу жараён қуйидагича таърифланади:
“Ҳомиланинг она қорнидаги ҳаёти уч босқичдан иборат: эмбрион бўлишдан аввалги давр - дастлабки икки ярим ҳафта; эмбрионлик даври - саккизинчи ҳафтанинг охиригача ва фетал босқич - саккизинчи ҳафтадан бола туғилгунча давом этади...”
Ҳомиланинг она қорнида ривожланиш жараёни тиббиёт фани томонидан замонавий технологик воситалар ва мураккаб аппаратлардан фойдаланган ҳолда ҳозирги кунлардагина аниқланди. Аммо, кўриб турганимиздек, каломуллоҳда нозил қилинган ва кейинчалик илмий ҳақиқат деб эътироф қилинган бошқа фикрлар сингари, бу ҳодиса ҳақида ҳам ўн тўрт аср муқаддам хабар берилган.
Одамлар тиббиёт илмидан яхши бохабар бўлмаган бу даврда Қуръонда инсон пуштининг она қорнидаги дастлабки ривожидан тортиб, то унинг дунёга келишигача бўлган ҳаёти ҳақида шу қадар батафсил, муҳим илмий аҳамият касб этган ва ҳаққоний маълумотлар келтирилганки, бу далиллар Қуръоннинг одамзод эмас, балки ўн саккиз минг оламни яратган буюк Роббимиз - Аллоҳ Субҳаанаҳу Таолонинг каломи эканлигини исботлайди.

ИНСОН ЭМБРИОНИ АЪЗОЛАРИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ


Инсон эмбрионининг она қорнидаги ривожланиши ҳақиқий мўъжизадир. Ҳомиладорликнинг йигирма иккинчи кунида, бола она қорнида эмбрион ҳолатида ётганда, унинг қулоқлари шакллана бошлайди. Ҳомиладорликнинг тўртинчи ойига келиб, қулоқлар тўлиқ шаклланиб бўлади ва чақалоқ она қорнида бўлаётган барча шовқинларни бемалол эшита бошлайди. Шундай қилиб, эмбрионнинг эшитиш органлари бошқа барча ҳаётий муҳим органлардан анча эрта шаклланиб бўлади. Оятларда келтирилган инсон органларининг шаклланиш тартиби ғоятда муҳим аҳамиятга эгадир.
(Аллоҳ) сизлар учун қулоқ(лар)ни, кўзларни ва дилларни пайдо қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар. Мўъминун сураси, 78-оят
Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолларингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Наҳл сураси, 78-оят
Алоҳида эътибор берингки, Аллоҳ Таоло оятда маълум бир сезги органларини ҳар сафар бир хил тартибда санаб ўтмоқда. Эшитиш. Кўриш. Онг.
Бугунги кунларга келиб, фанга маълум бўлишича, инсоннинг мана шу сезги органлари ҳақиқатдан ҳам айнан шу тартибда, шу кетма-кетликда ривожланар экан. Бошқача қилиб айтганда, ушбу уч сезги органларининг замонавий тиббиёт фани аниқлаган тартиби Қуръони Каримда очиқ-ойдин баён этилган.

 

 

 

ЧАҚАЛОҚНИНГ ЖИНСИ


Сиз туғилажак чақалоқнинг ўғил ёки қиз бўлиши нимага боғлиқлигини биласизми? Қуръон оятлари чақалоқнинг жинси унинг отасига боғлиқ бўлишини билдирмоқда. Чақалоқнинг жинси эркакдан она қорнига тўкиладиган суюқликка боғлиқ бўлади. Бошқача қилиб айтганда, унинг жинси отадан келадиган манийнинг ҳужайраларига боғлиқ бўлар экан. Она организми туғилажак боланинг насли аниқланадиган жараёнда иштирок этмайди.
Ва албатта У Зот отилиб чиқадиган нутфадан эркак-аёл жуфтларни яратгандир. Нажм сураси, 45-46-оятлар

Ахир у (бачадонга) тўкиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лахта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларни (пайдо) қилди. Қиёмат сураси, 37-39-оятлар

Тажрибалар асосида туғилажак боланинг жинси фақат отанинг манийси таркибидаги ҳужайраларга боғлиқ эканлиги, она организмининг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги аниқланди.
Чақалоқнинг жинсини белгилаб берувчи омил - бу хромосомалардир. Боланинг ўғил ёки қиз бўлиши ота манийсидан она организмига Х ёки Y хромосомаларнинг қайси бири ўтишига боғлиқ бўлади.
Шак-шубҳа йўқки, йигирманчи асрнинг ўрталаригача, яъни генетика фани пайдо бўлгунига қадар, инсоният туғилажак чақалоқнинг пушти белгиланадиган бундай нозик ва мураккаб механизмлардан мутлақо бехабар эди. Аксинча, кўпгина жамиятларда боланинг жинси айнан она организмига боғлиқ деган хато фикр ҳумкрон эди. Тарихдан маълумки, кўпгина халқларда қиз туққан аёллар таҳқирланиб, ҳуқуқлари поймол қилиб келинган.
Қуръони Каримда эса, генетиканинг фан сифатида пайдо бўлиши ва ген тушунчасининг фанга кириб келишидан деярли ўн уч аср аввал бўлажак фарзанднинг ўғил ёки қиз бўлиши аёл эмас, балки айнан ота организмига, унинг маний таркибига боғлиқ бўлиши очиқ-ойдин баён қилиб берилган.

ОНА ҚОРНИГА ОСИЛИБ ТУРГАН ЛАХТА ҚОН


Эркак сперматозоид ҳужайраси аёл тухум ҳужайраси билан бирлашган пайтда бўлажак чақалоқ ҳомиласининг дастлабки тузилмаси вужудга келади. Биологияда “зигота” деб номланган бу тоқ ҳужайра шу заҳоти бўлиниб, кўпая бошлайди ва “бир парча гўшт”га айланади. Аммо зигота бўшлиқда ривожланмайди. У илгаксимон ўсимталари билан она қорнининг деворига зулукдек ёпишиб олади ва гўё дарахт ерга томир отгандек, илдиз ота бошлайди. Мана шу механизм туфайли ҳомила она қорнига сўрилиб, она организмига келиб тушаётган барча керакли элементлар билан озиқлана бошлайди.
Айнан мана шу ерда Қуръони Каримнинг ажойиб мўъжизаларидан бири намоён бўлади. Оятда она қорнида ўса бошлаган ҳужайра - зигота ҳақида сўз кетганда, “лахта қон” ибораси ишлатилади:
Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! Алақ сураси, 1-3-оятлар

“Алақ” сўзи “бирор нарсага ёпишиб, осилиб олган нарса”ни англатади. Зигота, яъни ҳужайранинг она қорнида ривожланиш механизмини бу қадар аниқ ва лўнда тавсифлайдиган бу сўз тасодифан танланган эмас, албатта. Инсоният қачонлардир илмий ва тиббий тараққиёт босқичида мана шу ҳақиқатни англаш даражасига етишини аввалдан билган, балки буни Ўзи тақдир қилган Парвардигоримиз - Оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳ Ҳақ Субҳанаҳу Таоло ўзининг чексиз Ҳикмати билан шу илмларни бизга аввалдан нозил қилган экан.

МУШАКЛАР БИЛАН ҚОПЛАНГАН СУЯКЛАР


Қуръони Каримда зикр этилган яна бир илмий ажойибот - бу ҳомиланинг она қорнида ривожланиш босқичларининг батафсил баён этилганлигидир.
Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир. Мўъминун сураси, 14-оят

Ояти каримада она қорнида ҳомиланинг аввал суяклари шакллана бошлаши, сўнгра уларнинг устини гўшт қоплаб, мушакларга айланиши ҳақида хабар берилмоқда.
Ҳомиланинг она қорнидаги ривожланишини ўрганувчи фан эмбриология деб аталади. Яқин пайтларгача эмбриология фани ҳомиланинг суяклари ва гўштлари, яъни мускул тўқималари бир пайтда ҳосил бўлиб, биргаликда ривожланади, деб ҳисоблаб ва ҳатто бир қатор олимлар муқаддас Қуръоннинг юқорида келтирилган оятларини илм-фанга тўғри келмайди, деб инкор қилиб, танқид остига олар эдилар. Аммо бир неча йил аввал микроэмбриологик тадқиқотлар давомида, энг сўнгги замонавий технологиялар ва ўта сезгир асбоблар ёрдамида мазкур оятлардаги маълумотларнинг инкор қилиб бўлмайдиган физиологик далил эканлиги аниқланди.
Бу жараён эмбриология бўйича “Инсоннинг ривожланиши” деб номланган асарлардан бирида шундай тавсифланган:

“Олтинчи ҳафтада тоғайсимон тўқималарнинг шаклланиши давом этади, айни пайтда қаттиқлашишнинг дастлабки белгилари намоён бўла бошлайди, яъни дастлабки суяк пардалар пайдо бўлади. Еттинчи ҳафтанинг охирида узун суяклар батамом қотади. Мушак ҳужайралари суякни ўраб турган тўқимадан ажралиб, мушак тўқимасини ҳосил қилади. Шундай қилиб, мушак тўқимаси суякларнинг олди ва орқасида жойлашган мускуллар гуруҳига бўлинади.
Шундай қилиб, инсон ҳомиласининг она қорнида ривожланишидаги босқичлар Қуръони Каримда зикр қилинган бўлиб, эмбриологиянинг сўнгги кашфиётларига тўлиқ мос келади.
Дунёдаги энг машҳур эмбриологлардан бири, Канададаги Торонто университетининг анатомия ва ҳужайра биологияси профессори Кейт Мур Қуръони Каримдаги мана шу илмий мўъжизани илк бор аниқлаган олимлардан биридир. Қуръони Каримнинг ҳомиланинг она қорнидаги ривожланиш босқичлари ва унинг дунёга келиши ҳақидаги оятларини диққат билан ўрганиб чиққан профессор Мур шундай хулосага келади:
“Сўнгги уч йил давомида мен Жиддадаги қирол Абдулъазиз Университетининг эмбриология қўмитасида ишладим ва инсоннинг она қорнида пайдо бўлиши ҳамда унинг она қорнида ривожланишига доир Қуръони Каримда келган кашфиётлар ҳақидаги изоҳлар устида ишлашга ёрдам бердим. Дастлаб мен бу билимларнинг 7 асрдаёқ Қуръони Каримда очиқ-ойдин ёзиб қўйилганлигидан ҳайратга тушдим, чунки у пайтда ҳали эмбриология фанининг ўзи бўлмаган эди... Менинг ишончим комилки, бу билимлар Муҳаммад Расулуллоҳга Аллоҳ Таоло томонидан нозил қилинган, зеро бу билимларнинг кўпчилик қисми инсонлар томонидан бу оятлар тушганидан кейин орадан бир неча аср ўтгачгина кашф қилинди. Мана шу ҳолат менга Муҳаммад Расулуллоҳ Аллоҳ Таолонинг ҳақ пайғамбари эканликларини исботлади.