Ҳолландиялик аёл

Хатича Гунеш Ҳолландиянинг Амстердам шаҳрида туғилган. Ижтимоий Академия мутахассиси. 21 ёшида бир турк йигитига турмушга чиққан. 30 ёшида Ҳолландияда Ислом динини қабул қилди. Ҳозир Истамбулда яшаяпти. Уч фарзанднинг онаси.
Қуйида у билан қилинган суҳбатдан парчани эътиборингизга ҳавола этамиз. — Исломиятни қабул қилмасдан олдин масиҳий бўлган экансиз. У эътиқоднинг қайси жиҳатларидан кўнглингиз тўлмади? Бугун у динда бир пайтлар бўлган бир инсон сифатида холис фикрингизни айтсангиз?
— Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳимга ҳамд бўлсин, Ўзи хидоятга бошлаб, мени иймон неъмати билан сийлади. Ҳа, олдин мен масиҳий эдим, аммо... биласизми, у динда Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғли сифатида қабул этилганлигига сира-сира кўника олмаганман. Дин дарсларига келган ҳамма папалар бу фикрни ҳимоя қилишга уринишар эди. Лекин ўшанда, яна такрор айтаман, бу фикрни ҳеч ҳазм қилолмаглиман. Мен ҳазрат Исони фақатгина бир пайғамбар ўлароқ эътироф этардим. Папалар ўргатган бу каби ишонч масиҳийликнинг асосларидан бўлганлиги туфайли, бу "қарши ишонч"им сабабли аслида мен динимдан чиққан ҳисобланардим.

— Исломиятни ўрганишни бошлаган пайтингизда сиз учун бутунлай янги ва бошқа бўлган бу диндаги қайси хусусиятлардан таъсирландингиз?
— Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссаломнинг ғайритабиий бир борлиқ эмас, аввало, биздек бир банда эканлиги, Исломда унинг фақатгина Аллоҳнинг элчиси сифатида қабул қилинганлиги ва буларнинг ҳаммаси Қуръонда аниқ равшан баён этилгани менга жуда ҳам маъқул тушди. Айниқса, эски эътиқодимнинг баъзи асосларининг Исломга боғлиқлигини кўрдим ва бундан рости қувониб кетдим. Энг муҳими, баъзи динлардаги каби Аллоҳнинг қандайдир жисм шаклида рамз этилмаганлиги менга жуда катта таъсир кўрсатди.

— Сизнингча, бу асрда исломий ҳаёт кечириш қийин эмасми?
— Кўпчилик учун балким қийиндир. Менимча, бунинг асл сабаби ўша инсонларнинг Исломни билмасликларидандир. Бу эса катта хато. Аслида, исломимиздаги қоидаларнинг ҳаммаси ҳаётни осонлаштириш ва инсонни муҳофаза этиш каби ажойиб хусусиятлардан иборат. Масалан, ўқиб ўрганишликка, ақл билан иш юритишликка ташвиқ ҳам бу қоидалардан бири... Инсон ўрганганлиги туфайли ҳам ўз ҳаётига кўп яхшиликларни олиб киради. Ҳаттоки билим ва ақл пойдеворига қурилаётган ҳақ эътиқод баъзан инсондаги ҳар қанақа ўринсиз қўрқувни йўқотади, ҳақиқий йўлни ҳечдан кўра кечроқ бўлса-да топишга нима етсин. Чунки, у одам ўтган ҳаёти давомида бошқа кўплаб нарсаларга ўрганган бўлади, адолат, ҳақиқат ва ҳаёт ҳақида ўзининг баъзи хулосаларини чиқариб қўйган бўлади.
Буларни дарров ташлаш, воз кечиш анча қийин. Масалан, мен ёшлигимдан ибодат қилишни жуда яхши кўрардим. Тез-тез Калисага бориб, одат бўйича тикка ва ҳаракатсиз анчагача дуо этардим. Бу тартибдаги ибодатга ўрганиб қолганимдан, намоз ўқиш менга бир оз қийин келди...
Кейинроқ Буюк Аллоҳнинг ёрдами ва инояти билан бу ибодатнинг жиддиятини тушуниб етдим ва кунда бир вақт, сал вақт ўтиб икки, уч, тўрт ва ниҳоят беш вақт намоз ўқишга одатландим. Табиийки, мусулмон бир оилада туғилганимда ёки ёшлигимдан исломий муҳитда яшаб тарбия кўрганимда, намозга тез ва осон одатланардим. Беш вақт намоз ўқишни бошлаганимда бу ибодатнинг нақадар буюк ва ҳидоятга бошловчи ибодат эканини билдим. Мен тамоман янги, саодатли ва шафоатли ҳаётга қадам қўйганимни ҳис этдим. Ўтган кунларимга назар ташлаганимда, масиҳийликдаги ибодат шаклининг нақадар маъносиз ва мантиқсиз эканини кўрдим.

— Намоз ўқишда бўлганидек, рўза тутишда ҳам бирор қййинчилик бўлдими?
— Раҳмли ва меҳрибон Аллоҳга ҳисобсиз шукрларки, У ҳамма нарсани ҳаётимизга мос равишда ва инсонга оғир тушмайдиган, уни қийнамайдиган қилиб белгилаб берган. Намоз ўқиш менга анчайин қийин бўлган ҳолда, илк Рамазон рўзасини ҳеч қийинчиликсиз тутдим. Рўзани биринчи марта Оврупада бошладим. У ерда ёз кунлари Туркияга қараганда янада узун. Ифтор кеч соат 10 да бўларди. Шунга қарамасдан рўза тутганман. Бу илк Рамазондаги қувончимни ҳеч унутолмайман. Ва агар Роббим хоҳласа, бу қувончларим икки дунёникига татийди, деб умид қиламан ва яна тинимсиз дуо қиламанки, Аллоҳ бир лаҳзага бўлса-да, бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймасин. Адаштирмасин...