Нега Қуръон энг аввал тушмаган?

Савол: Маълумки, самовий китоблар замонлар ўтган сари бирин-кетин тушган. Қизиқ томони шуки янги тушган китоб аввалгисини рад этган. Бунинг сабабини замон билан боғласак, нега Қуръон барча замонлар учун энг аввал тушмаган?

ЖАВОБ: (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф) Бу саволда савол сўраш билан бирга ахборот бериш ҳам бор. Шунингдек самовий китоблар бирин кетин тушган, дейилган, ҳақиқатдан тўғри. Самовий китоб дегани Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарлардан маълум бир шахсларга туширилган вахийни китоб шаклига келтирилганлиги маъноси тушинилади. Шулардан тўрттаси маълум ва машҳур Қуръони каримда зикр этилган, булардан энг аввалгиси Забур, Таврот, Инжил ва охиргиси Қуръони карим. Бу саволда нотўғри тушунча ҳам бор. Бу эҳтимол лўғат ёки тил маъносида тушунмовчилик бўлганидандир. “Қизиқ томони янги китоб аввалгисини рад этган” деган гап. Рад этган деган маъно нотўғри. Рад этиш маъноси ўша рад этилаётган нарсани нотўғри дейиш, қабул қилмаслик, уни мутлақо тан олмаслик деган маънони беради. Самовий китоблар бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳаммасини Аллоҳ туширган. Аллоҳ таоло ўзи туширган нарсани биттасини иккинчиси рад этиши мумкин эмаслиги машҳур нарса. Балки бу ерда шаръий ва илмий истилох билан айтадиган бўлсак, ҳар бир тушган китоб ўзидан олдингисини насҳ қилган яъни амалдан қолдирган. Амалдан қолдирган десак бир оз ҳақиқий маънога тўғри келади. Масалан Аллоҳ таоло Довуд а.с. га Забур китобини туширди. Довуд а. с. ўз қавмига бу китобни етказдилар ва маълум муддат инсоният Забурга илохий китоб сифатида эътиқод қилди. Уни ўқиди, унга амал қилди ва ундан фойдаланди. Замонлар ўтиб Аллоҳ таоло Тавротни туширди. Таврот тушгандан кейин Забур амалдан қолади. Энди Забурга амал қилиш тўхтаб, Тавротни ўқиш, уни тушиниш ва унда келган илохий буйруқларга амал қилиш бошланади. Мана буни шаръий тилда насҳ дейилади. Аввалгисини ҳукмини кеткизиб янгисини ҳукмини жорий қилиш. Энди саволнинг учинчи бўлагига келадиган бўлсак, бу ерда ҳар бир мусулмон яхши англаб олмоғи лозим бўлган нарса шуки Аллоҳ таоло дастлаб инсониятни яратганда Одам Атодан ва Момо Хаво ва улардан тарқаган оз сонли инсонлардан бошлаб биринчи набий Одам а.с. дейдиган бўлсак, ўша содда оз сонли жамиятнинг талабига жавоб берадиган содда ва озгина кўрсатмаларни уларга юборган. Ана шу шаклда инсониятни худди гўдак болани тарбиялагандек Аллоҳ таоло аста-секин тарбиялаб келган. Муддат ўтиши билан инсонларнинг сони кўпайиши билан, ҳаракатлари аввалгидан кўра турли-туман бўлиб, ҳаётларидаги мураккабликлар пайдо бўлиб, аввалги содда ҳаёт бироз қизғин мураккаб ҳаётга айланганда ўша замонни талабига жавоб берувчи динни ва китобни Аллоҳ таоло юборган. Демак, Забур тушганда инсоният яшаётган замонни уларни талабини ўз ичига олган китобни Аллоҳ таоло туширган. Замон ўтиб инсоният жамияти тараққий этиб инсонни онги ҳам тушунчаси ҳам ўсгандан кейин Аллоҳ таоло Таврот китобини туширган. Ўша пайтда Забурниниг вазифаси охирига етиб, ривожланган тараққий этган китобга инсониятниниг хожати тушган бўлади ва Аллоҳ таоло хикмат билан мана шу хожатни қондириш учун Тавротни туширган. Тавротга ҳам маълум бир замон эътиқод қилингандан сўнг Инжилни туширган. Охир оқибат келиб инсоният камолга етганда, инсон рушт ҳолига етганда, ўша пайтда Аллоҳ таоло ўзининг энг охирги ва энг мукаммал ва қиёмат кунигача амалдан қолмасдан бардавом бўладиган, боқий китоби Қуръони каримни нозил қилди. Қуръони карим Аллоҳ таолониниг охирги, мукаммал, боқий дининг илоҳий китоби ўлароқ, барча замонларга ва маконларга, барча инсонларга икки дунё саодатини кўрсатиб берувчи китоб ўлароқ, бу дунёда илоҳий китобларниниг сўнгиси бўлишини Аллоҳ таолонинг ўзи ирода қилди. Қуръони карим Пайғамбаримиз с.а.в.нинг энг катта, бош мўъжизалари бўлди. Мана шу ҳақиқат ҳозирги кунларда ўзини намоён қилмоқда. Замон ўтиши билан илм-маърифатни ривожланиши билан Қуръон ҳақиқатда инсонни барча замонларда барча маконларда ва барча шахслардаги талабини қондира оладиган бўлганлиги қиёматгача инсониятга икки дунё саодати маъбааси бўлишини илм-фан, маърифат тасдиқлаб бормоқда. Қуръон барча замонлар учун китоб бўлиши буни аввал тушишига эмас балки охир тушишига боғлиқ. Мукаммал инсонни талабига жавоб берадиган бўлиб тушишига боғлиқ бўлган ва бизнинг мусулмонларнинг эътиқодимиз шуки, Аллоҳнинг охирги ва мукаммал китоби ва илоҳий таълимотлар китобидир. Биз мана шу васфлардан фахрланишимиз ва бу азиз китобни чуқурроқ ўрганишимиз ва бунга амал қилишимиз лозим. Бу бизнинг бахтимиз ва саодатимиздир.