Исо алайҳиссалом ерга тушадиларми?

Савол: Яқинда имомимиз мавъизаларида «Охир замонда Исо алайҳиссалом ерга тушадилар», дедилар. Бу ҳақда кенгроқ сўрашга хижолат қилдим. Сизлардан шу ҳақда «Динда саволим бор…» китоби орқали маълумот беришингизни сўрайман.

Жавоб: Замона охирида Дажжол пайдо бўлиб, ер юзини фитна-фасодга тўлдириб турганида, Исо алайҳиссалом осмондан тушиб уни ўлдирадилар. У зот Сурия пойтахти Дамашқдаги бир масжид минорасига тушадилар, деган ривоятлар бор. Исо алайҳиссаломнинг ерга тушишлари ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси шундайдир.
Исо алайҳиссалом яҳудий ва насронийлар айтаётганларидек ўлган эмаслар. Балки у зотни Аллоҳ таоло осмонга кўтарган. «Ҳолбуки, улар (Исони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Исога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Исо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ. Фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ осмонга кўтаргандир» (Нисо сураси, 157–158-оятлар).
Исо алайҳиссалом қиёматдан олдин Дажжолни ўлдирганларидан кейин Ислом шариати билан ҳукм юритадилар. Хочни синдириб, тўнғизларни ўлдирадилар, жизяни бекор қиладилар. Ер юзида Аллоҳ хоҳлаганича яшаб, кейин вафот этадилар. Мусулмонлар у зотга жаноза ўқиб, дафн қилишади.

"Динда саволим бор" китобидан