Идрокка даъват

Ер шарининг ҳарорати

Ерни ҳаёт учун яроқли сайёрага айлантирган асосий омиллар бу унинг ҳарорати ва атмосферасидир. Мовий сайёра барча тирик жонзот ҳаёт кечириши учун энг мақбул бўлган ҳарорат даражаси ва тирик организмлар нафас олиши учун яроқли бўлган ўзига хос атмосферага эга.

Бироқ ушбу икки омил ҳам қатъий белгиланган беҳисоб ўзгарувчан катталикларнинг ўзаро таъсирида юзага келади. Улардан бири – Ернинг Қуёшдан узоқлиги. Агар Ер Қуёшга Венера каби яқин ёки Сатурн каби узоқда бўлганида, Ер ҳаёт учун яроқли ҳарорат режимига эга бўлмаган бўлар эди. Агар Коинот ичидаги ҳарорат шароитларига қарайдиган бўлсак, Ердаги мавжуд оптимал ҳарорат режимининг тасодифан юзага келиши мутлақо мумкин эмас, чунки коинотдаги ҳарорат энг иссиқ юлдузларнинг марказида ақл бовар қилмайдиган миллиардлаб градусга тенг бўлган иссиқликдан мутлоқ нолгача, яъни минус 273 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ушбу улкан ҳарорат спектрида ҳаёт учун яроқли бўлган ҳарорат оралиғи жуда ҳам тор ва бизнинг Еримиз айнан ана шу оралиқда жойлашган. Америкалик геологлар Фрэнк Пресс ва Раймон Сивер Ернинг нозик ҳарорат режимини алоҳида таъкидлаб ўтадилар.

“Қатъий белгиланган ҳарорат интервалидагина ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин... Ушбу иссиқлик интервали Қуёшнинг ҳарорати ва мутлоқ ноль ўртасидаги оралиқда ҳароратнинг мавжуд катталигининг 1 фоизини ташкил этади. Ер айнан ушбу тор 1 фоизлик оралиқ таркибида жойлашган.” (Ф.Пресс, Р.Сивер, “Ер”, - Нью-Йорк: В.Х.Фриман, 1986, 4-бет)

Мазкур ҳарорат оралиғини сақлаш, албатта, Қуёш ва Ер ўртасидаги масофа ҳамда Қуёш таратаётган иссиқлик энергияси билан боғлиқ. Ҳисоб-китобларга қараганда, агар Ерга етиб келувчи Қуёш энергияси миқдори 10 фоизга камайса, у ҳолда Ер усти кўп метр қалинликдаги муз билан қопланар экан. Ушбу миқдор салгина ортган ҳолда эса, Ердаги барча тирик жонзот иссиқликдан куйиб кетади. Ер сайёрасида идеал ҳарорат режимининг тақсимланиши ҳам ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мувозанатни сақлаш учун алоҳида чоралар кўрилган. Ер айланма ўқи Ер орбитаси текислигига перпендикулярдан ўртача 23 даража 27 минутга оғган бўлиб, бу қутблар ва экватор ўртасида юзага келиши мумкин бўлган кескин ҳарорат тафовутининг олдини олади. Ушбу оғиш градуси бўлмаганида қутблар ва экватор ўртасидаги ҳарорат фарқи бирмунча ошган бўларди. Бу эса ҳаёт учун яроқли атмосфера мавжуд бўлишини хавф остига қўйган бўлур эди.
Иссиқликнинг сайёрада бир маромда тақсимланишига Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигининг юқорилиги ҳам таъсир этади. Сайёрамиз ўз ўқи атрофида атиги 24 соат ичида айланиб чиқади. Шу туфайли кун ва туннинг давомийлиги жуда ҳам қисқа. Натижада, кун ва тун ўртасида ҳарорат фарқи жуда ҳам кичкина.
Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлигининг аҳамияти Меркурий сайёраси билан мисолни кўриб чиқсак янада тушунарлироқ бўлади. Ушбу сайёра ўз ўқи атрофида жуда ҳам секин айланади, шунинг учун Меркурий сайёрасида кун биздаги бир йилдан ортиқ давом этади. Шу сабабли кун ва тун ўртасидаги ҳароратнинг фарқи ўша жойларда тахминан 1000 даражани ташкил этади. Ҳароратнинг даҳшатли фарқи ҳаётнинг ҳар қандай шакли учун мутлақо тўғри келмайди.
 
Ернинг рельефи ҳам иссиқлик сайёрамизда бир маромда тақсимланишига хизмат қилади. Қутблар ва экватор ўртасида ҳарорат фарқи тахминан 100 даражани ташкил этади. Агар бу каби фарқ Ернинг бирон-бир нотекислик, тепаликлардан холи бўлган сиртида юзага келганда эди, у ҳолда ўша жойда тезлиги 1000 кмсоатгача етиши мумкин бўлган бўронлар қутурган бўлар эди.
Лекин Ер сирти ҳароратдаги фарқ туфайли юзага келувчи ҳаво массаларининг кучли оқимларини тўсувчи ва секинлаштирувчи кўплаб табиий тўсиқларга эга. Бу тўсиқлар – тоғ тизмаларидир. Бундан ташқари, Ер атмосферасида махсус автоматик тизимлар бўлиб, улар доимо ҳарорат даражасини бошқариб борадилар. Мисол учун, муайян ҳудудда ҳарорат ҳаддан зиёд ортганда, унда сувнинг буғланиши кўпаяди ва булутларнинг массаси ортади. Булутлар эса, ўз навбатида, Қуёш нурларининг бир қисмини қайтариб, ва шу билан бир вақтда ёмғир ёғишини таъминлайдилар. Шу тарзда Ер ва атмосферанинг қуйи қатлами сиртининг янада қизиб кетишининг олди олинади.

ЕР ВАЗНИ ВА УНИНГ ҲИМОЯ ҚОБИҒИ

Ерда ҳаёт мавжуд бўлишида Қуёшдан узоқ масофада жойлашганлиги, ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги ёки сиртининг рельефидан ташқари ушбу сайёранинг катталиги ҳам муҳим ўрин тутади. Агар кичкинагина қиёслаш ўтказсак, осмон жисмлари турли вазнга эга бўлишлари мумкинлигига ишонч ҳосил қиламиз. Масалан, Меркурий Ер вазнининг атиги 8 фоизига эга, бошқа тарафдан Юпитер Ер вазнидан роппа-роса 318 марта оғир.
Айтингчи, катталиги бўйича бу қадар турли хил бўлган бошқа сайёралар ичида Ернинг катталиги тасодифан, ўз-ўзидан белгиланиши мумкинми? Йўқ! Агар Ер шарининг хусусиятлари ўрганиб чиқилса, сиз билан биз яшаётган осмон жисми энг идеал ўлчамга эга эканлиги маълум бўлади. Америкалик геологлар Пресс ва Сивер бу ҳақда қуйидаги мулоҳазани бирдирганлар:

“Ер энг оптимал ўлчамларга эга. Агар у кичикроқ бўлганда, унинг тортишиш кучи камайиб, Ер ўзининг атрофида атмосферани ушлаб қолишга ҳам қурби етмаган бўлар эди. Агар у каттароқ бўлганда, бу унинг тортишиш кучи кўпайишига олиб келиб, у атмосферада айрим заҳарли газларни ушлаб турар эди. Бу эса, ўз навбатида, атмосферани ҳаёт учун ҳалокатли қилиб қўяр эди.” (Ф.Пресс, Р.Сивер, “Ер”, - Нью-Йорк, В.Х.Фриман, 1986, 4-б.)

Ернинг вазни билан бир қаторда, унинг ички тузилиши ҳам ушбу сайёрада ҳаёт бўлиши имкониятини яратувчи муҳим ғояни ўзида мужассамлаштирган.
Ер ости унинг ядросигача ўзига хос хусусиятларга эга бўлган турли қатламлардан иборат. Ҳаракатда бўлган қатламлар муҳим магнит майдонини яратади. Биз компас ёрдамида йўналишни аниқлашимиз, шунингдек, бир ўлкадан бошқасига парвоз қилаётган кўчманчи қушларнинг кенгликда мўлжал олиши фақат ана шу магнит майдони туфайлигина мумкиндир.
Бундан ташқари, мазкур магнит майдони атмосферадан ташқарига ҳам чиқиб, бизга коинотдан келиши мумкин бўлган хавфлардан Ерни ҳимояловчи муҳим зирҳ ташкил этади. Коинотда кезиб юрган ўта хавфли космик нурланиш ва метеоритларнинг кўпчилиги Ер атрофидаги ушбу зирҳни ёриб ўта олмайди. Қуёшдаги портлашлар вақтида юзага келувчи плазмали булутлар оқимининг катта қисми мана шу магнит майдони туфайли Ерга келиб туша олмайди. Булутларнинг қолган унча катта бўлмаган қисми ҳаёт учун унча яроқли бўлмаган Ернинг қутбий ҳудудларига йўналтирилади. Қуёш нурланишининг бўлакчалари атмосфера билан тўқнашиб ушбу ҳудудларда мафтункор ёруғлик манзарасини пайдо қилади.
Агар Ерда ушбу магнит зирҳ бўлмаганида сайёрадаги барча тирик мавжудотлар ҳалокатли космик нурлар билан йўқ қилинган бўлар ва унинг ўзи ҳам умуман бўлмас эди. Бироқ Ер ядроси томонидан юзага келувчи магнит майдони туфайли сайёрамиз мукаммал ҳимоя тизимига эга. Яратгувчи Аллоҳ бу ҳақиқат тўғрисида бизга Қуръони Каримда эслатиб ўтади.

Биз осмонни қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса (осмондаги ой, қуёш, юлдуз каби Аллоҳнинг қудратини кўрсатиб турган аломатлардан юз ўгирувчилардир. (Қуръони Карим, 21:32).

АТМОСФЕРАДАГИ МУТАНОСИБЛИК

Ер ҳаёт учун оптимал ҳарорат, зарур ўлчамлар ва барча тирик мавжудотларни ҳимояловчи махсус зирҳга эга. Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам Ерда ҳаёт бўлиши учун етарли эмас. Бошқа ўта муҳим шарт – бу атмосферанинг тузилишидир.
Фантастик фильмлар базан одамларни чалғитади. Мисол учун, кўпинча фильмларда қуйидаги сюжет кўрсатилади, гўёки узоқ сайёрага етиб борган астронавтлар сиртга чиқишдан аввал атмосферанинг нафас олиш учун яроқлилигини текширадилар. Агар кемадаги компьютерлар ижобий натижани кўрсатсалар, у ҳолда бирон-бир ҳимоя воситасига эҳтиёж йўқ. Бу каби сценарий одамлар ўзлари учун яроқли атмосферани осон ва тасодифан топа оладилар деган тасаввур ҳосил қилади.
Бироқ, агар биз космик кемаларда коинот қаърига йўл олсак, Ердан бошқа ҳеч қаерда инсон учун яроқли атмосферани топа олмаган бўлар эдик. Чунки сайёрамиз атмосфераси ҳаёт учун зарур бўлган муҳим шароитлар бирлашмасидан ҳосил бўлган газларнинг ғаройиб қоришмасидан иборатдир. Ва ушбу атмосферадан ҳаттоки унчалик катта бўлмаган масофага узоқлашилганда ҳам ҳимоя скафандрларисиз тирик қолиш мумкин эмас.
Ер атмосфераси 77 фоиз азот, 21 фоиз кислород ва 1 фоиздан карбонад ангидрид гази ва аргондан ташкил топган газлар аралашмасидан иборат. Уларнинг энг муҳими – кислороддир. Фавқулодда комплекс тузилишга эга бўлган тирик жонзотлар, масалан одам, кислороддан ҳаёт фаолияти давомида ҳужайра ичидаги реакциялар ўтиши учун зарур бўлган энергияни олишда фойдаланадилар. Бизнинг ҳаётимиз учун бу қадар муҳим бўлган кислороднинг ҳаво атмосферасидаги миқдори энг мақбул катталикка эга. Таниқли микробиология профессори Майкл Дентон ўзининг бутун дунё илмий доираларида машҳур бўлиб кетган “Табиат тақдири. Биологик қонунлар қандай қилиб Коинот вазифасини белгилайди” китобида бу ҳақда қуйидагиларни ёзади.

“Бизнинг атмосферамиз унинг таркибида кислород кўпроқ бўлганида ҳаётни таъминлай олармиди? Йўқ! Кислород жуда ҳам реактив элементдир. Ҳозирги вақтда атмосфера таркибида мавжуд кислород миқдори, яъни 21 фоиз, идеал меъёрда бўлиб, унинг кўпайиши ҳаёт хавфсизлигига таҳдид солади. Ушбу миқдорнинг 21 фоиздан қўшимча ҳар 1 фоизга ортиши чақмоқ чаққанда ўрмон ёнғинлари рўй бериши эҳтимолини 70 фоизга оширади. (М.Дентон, “Табиат тақдири”, 121-б.)

Атмосфера таркибида кислороднинг доимо бўлишига, ўз навбатида айланишининг мукаммал тизими туфайли эришилади. Тирик жонзотлар тўхтовсиз кислород сарфлаб, истеъмол қиладилар ва ўзлари учун зарарли бўлган карбонад ангидрид газини ишлаб чиқарадилар. Ўсимликлар эса тескари жараённи амалга оширадилар ва карбонад ангидрид газини кислородга айлантириб, сайёрадаги барча жонзотлар яшашини таъминлайдилар.
Ўсимликлар ҳар кеча-кундузда миллиардлаб тонна кислород ишлаб чиқариб, уни атмосферага чиқариб ташлайдилар. Агар ушбу мавжудотларнинг икки тури, яъни ўсимликлар ва тирик жонзотлар бир хил жараённи амалга оширганларида, Ер жуда қисқа фурсатда яшаш учун умуман яроқсиз бўлиб қолган бўлар эди.
Мисол учун, ўсимликлар ҳам, тирик жонзотлар ҳам кислород ишлаб чиқарганларида, атмосфера қисқа вақт ичида ёнувчанлик хусусиятига эга бўлиб қоларди ва ҳаттоки кичкинагина учқун ҳам улкан ёнғинлар келтириб чиқарар эди. Бошқа тарафдан, агар ўсимликлар ҳам, ҳайвонлар ҳам фақат карбонад ангидрид ишлаб чиқарганда, бу атмосферадаги кислород заҳиралари тез орада камайиб кетишига ва муайян вақт ўтгандан сўнг барча тирик жонзотлар оммавий равишда бўғилиб қирилиб кетишига олиб келган бўлар эди.
Бироқ, жамики мавжудотнинг мутаносиблиги шу қадар муккаммал яратилганки, атмосферадаги кислород миқдори ҳаёт учун идеал нисбатга эга. Бенуқсон йўлга қўйилган доимий мувозанат яна бир бор Яратгувчимизнинг чексиз билими, донолиги ва қудратини намойиш қилмоқда. Бу яратгувчи – Аллоҳ Таоло, осмон ва ер худоси. Қуръони Каримнинг оятларидан бирида Аллоҳ одамларни ушбу ҳақиқат устида фикр юритишга чақиради.

Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?! (Қуръони Карим, 31:20)

Нафас олишдаги мутаносиблик. Ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида биз нафас оламиз. Биз ўпкамизга ҳавони оламиз ва шу заҳотиёқ уни қайтариб чиқарамиз. Буни шу қадар кўп марта қиламизки, буни оддий нормал ҳолат деб ҳисоблаймиз. Аслида нафас олиш жуда мураккаб жараёндир. Организмимиз тизими шундай йўлга қўйилганки, биз нафас олганимизда бу ҳақда ўйламаймиз ҳам. Биз нафас олганимизда кислород нафас олиш йўллари орқали ўпкамиздаги 300 миллионга яқин бўлган жуда ҳам кичкина пуфакчаларга кириб боради. Тўр сифатида ушбу пуфакчаларни қоплаб турувчи қон юрадиган капиллярлар шу заҳотиёқ ўзига кислородни тортиб олиб, шу билан бир вақтда истеъмол қилиб бўлинган маҳсулот – карбонад ангидрид газини чиқариб ташлайдилар. Ярим сониядан ҳам оз давом этадиган ушбу жараён туфайли биз тоза ҳавони ўзимизга оламиз ва шу заҳотиёқ ифлосланган ҳолда уни қайтариб чиқарамиз.
Инсон ўпкасида мавжуд бўлган 300 миллион альвиаляр пуфакчалар ўпканинг ҳаво билан контактининг максимал майдонини таъминлаш учун зарурдир. Бу ўринда яна бир муҳим жиҳатга ҳам эътибор бериш лозим – ўпка ичидаги пуфакчаларнинг, уларга олиб борувчи каналларнинг торлиги нафас олинувчи кислород миқдорини ошириш учун ишлаб чиқилган ғаройиб муҳандислик лойиҳасидир. Лекин бу лойиҳани яна бир муҳим мажбурий шарти бор – бу ҳавонинг зичлиги, оқувчанлик хусусияти ва босими шундай параметрларга эга бўлиши керакки, у тор каналлар бўйлаб эркин ҳаракатлана оладиган бўлгандагина амалга ошириб бўлади.
Буни яна бир мисолда тушунтириш мумкин. Шприцга сувни тортиб олиш унчалик қийин иш эмас, лекин худди ўша шприцга асални тортиб олишга уриниб кўрсак, бу вазифа бажариб бўлмайдиган эканига ишонч ҳосил қиламиз. Чунки асалнинг оқувчанлиги сувникидан паст, зичлиги  эса юқори.
Шундай қилиб, атмосферанинг зичлиги, оқувчанлиги, босими ва бошқа хусусиятларида жуда ҳам кичик ўзгаришлар рўй берса, у ҳолда тирик жонзотларнинг нафас олиши шприцга асални тортиб олишдек қийин жараёнга айланади. Биз бунга эътибор ҳам бермай енгил нафас оламиз. Ушбу енгилликни таъминловчи омиллар – бу атмосферанинг хусусиятлари ва унинг ўзига хос параметрларидир.
Молекуляр биология профессори Майкл Дентон ушбу ғаройиб ҳодисани қуйидагича шарҳлайди.
 Агар ҳавонинг зичлиги ёки ҳаракатсизлиги озгина юқорироқ бўлганида, у ҳолда ҳавонинг қаршилиги жуда катта бўлиб кетар эди, ва нафас олиш тизими лойиҳасини тузишнинг иложи бўлмас эди... Атмосфера босимларининг “ҳаёт учун яроқли” эҳтимоли бор рақамли катталигини кислород концентрациясининг бўлиши мумкин бўлган параметрларига солиштирар эканмиз биз жуда ҳам чекланган оралиққа дуч келамиз. Бундай кичик оралиқда ҳаёт учун зарур бўлган кўплаб шароитларни амалга ошириш, шунингдек, атмосферанинг ушбу оралиқда бўлиши ақл бовар қилмайдиган уйғунлик ва ҳисобдир. М.Дентон, “Табиат тақдири”, 128-б.

Атмосферанинг сон характеристикалари нафақат сиз билан бизнинг нафас олишимиз учун, балки мовий сайёра худди шундай мовий бўлиб қолиши учун муҳим аҳамиятга эга. Агар атмосфера босими ўзининг одатдаги кўрсаткичининг бешдан бир қисмига камайса, бу океанлар сиртидан сув буғланишининг ортишига олиб келади. Атмосферада сув буғининг жуда ҳам кўп концентрацияси Ерга иссиқхона эффектини берадики, бу сайёрамизда ҳарорат ҳаддан зиёд кўтарилиб кетишига олиб келади.
Агар атмосфера босими ўзининг одатдаги меъёрини атиги икки мартага оширса, у ҳолда атмосферадаги сув буғи даражаси кескин камайиб кетади ва ер сатҳининг деярли ҳаммаси жазирама чўлга айланади.

ИДРОККА ДАЪВАТ

Ушбу мақола давомида сиз танишган мисоллар Ернинг ҳар бир хусусияти ҳаёт учун атайин яратилганлигидан далолат беради. Биз бу ерда ҳикоя қилганларимизнинг бари Ерда яратилган бенуқсон, мукаммал тизимларнинг кичик бир заррачасигина холос. Биз сайёрамизни қанчалик синчковлик билан ўрганар эканмиз, кўз ўнгимизда унинг тузилишининг ғаройиб хусусиятлари шунчалик намоён бўлаверади.
Америкалик таниқли астроном Хью Росс ўзининг “Яратгувчи ва Коинот” номли китобида ерда мавжуд бўлган ва унда ҳаёт кечириш имконияти яратаётган ғаройиб тизим мувозанатларининг фақат айримларини қайд этиб ўтади.

Ернинг тортишиш кучи
Агар ушбу куч кўпроқ бўлганда, у ҳолда Ернинг атмосфераси ўзида кўп миқдорда аммиак ва метанни тўплаб оларди, бу эса барча жонзотлар ҳаёт кечириши имкониятини йўққа чиқарар эди.
Агар у камроқ бўлганда, Ер атмосфераси жуда кўп миқдорда сув йўқотарди ва бу ҳолда ҳам ҳаёт кечириш мумкин бўлмас эди.

Ер қобиғининг қалинлиги
Агар ушбу кўрсатгич сал каттароқ бўлганда, атмосферадан ер қобиғига жуда кўп миқдорда кислород ўтган бўлар эди. Агар у сал камроқ бўлганда эса, бу вулқонлар фаоллигининг кескин ошишига олиб келар, натижада ҳаёт кечиришнинг иложи бўлмай қолар эди.

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги
Агар бу тезлик камроқ бўлганда, тундаги ва кундузги ҳарорат ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта бўлар эди. Агар у кўпроқ бўлса, атмосфера шамолларининг тезлиги жуда ҳам юқори бўлиб, тўхтовсиз бўрон ва сув тошқинлари ҳаёт кечириш имкониятини йўққа чиқаради.

Озон қатламининг қалинлиги
У сал қалинроқ бўлганда, ер сиртининг ҳарорати кескин камайган бўлар эди. Агар у сал камроқ бўлганда, Ер сирти қизиб кетар, бундан ташқари Қуёшдан келувчи зарарли ультрабинафша нурланиш олдида Ер мутлақо ҳимоясиз қолган бўлур эди.

Сейсмик фаоллик
У сал каттароқ бўлса: бу ҳаёт учун хавфли бўлган ҳалокатли, вайрон қилувчи доимий ер силкинишларини келтириб чиқарган бўлар эди.
Агар у пастроқ бўлса: океан тубидаги озиқлантирувчи моддалар сув билан аралаша олмас эдилар, бу эса океан ва денгизлардаги тирик организмлар ва, табиийки, сайёрамиздаги барча тирик жонзотлар ҳаёти учун салбий оқибатларга олиб келган бўлар эди.

Ердаги ҳаётнинг ғаройиб мувозанатини кўрсатувчи биз аввалроқ айтиб ўтган мисоллардан айримлари ҳам бизга коинот тасодифан пайдо бўлган деб уқтирувчи материализм улкан муболаға эканлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Фан томонидан аниқланган фактлар далолат беришича, Коинот ва Ердаги ҳаёт Яратгувчи Аллоҳ Таолонинг ғояси билан яратилган. Инсон учун фақат мана шу ҳақиқат хусусида фикрлаш ва инсоннинг ўзини ҳам, Ердаги ҳаётни ҳам яратган Аллоҳга шукур қилиш қолади, холос.
Қуръоннинг оятларидан бирида Парвардигори олам бизга – инсонларга мурожаат қилади.
Аллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракотли  - буюкдир. (Қуръони Карим, 40:64)