Ҳашоратлар парвозида акс этган буюк ғоя

Гап учадиган жонзотлар ҳақида кетганда, биз дарҳол қушларни эслаймиз. Бироқ учадиган ягона жонзот қушлар эмас. Кўплаб ҳашоратларнинг қанотлари ҳам парвоз қилиш учун мослаштирилган. Масалан, Қиролича капалаклари бемалол Американинг шимолий қисмидан марказий қисмига учиб ўтади. (n «Le Grand Voyage du Papillon», Science Illustre, say 5, May s 1993, s.41.) Ниначи ва пашшалар эса ҳавода муаллақ тура олади.

Эволюциячиларнинг таъкидлашича, ҳашоратлар бундан 300 миллион йил аввал уча бошлаган. Айни пайтда улар дастлабки ҳашоратларда қанотлар қандай пайдо бўлган, улар биринчи бор қай тарзда ҳавога кўтарилишган ва унда муаллақ туриб қолишган, деган саволларга қониқарли жавоб бера олишмайди. Бу олимлар фақат терининг айрим қатламлари эволюция жараёнида қанотга айланган бўлса керак, деб тахмин қиладилар. Шуниси диққатга моликки, бу тадқиқотчилар ўз иддаоларининг асоссиз эканлигини билгани сабабли ҳозиргача сақланиб қолган қолдиқлар орасида юқоридаги фикрни исботловчи бирорта ҳам далил йўқ эканлигидан кўз юмадилар. Чунки бу ҳолат уларнинг илмий хулосаларини инкор қилади. (n Bilim ve Teknik / Gorsel Bilim ve Teknik Ansiklopedisi, Istanbul: Gorsel Yaynlar, 1983-84, s.2674.) 

Айни пайтда чивин қанотида аниқ-равшан намоён бўлган мукаммал ғоя тасодифан пайдо бўлиш ҳақидаги ҳар қандай таъкидни чилпарчин қилади. Инглиз биологи Вутон Робин «Чивин қанотининг механик тузилиши» мақоласида шундай дейди: «Чивин қанотларининг қандай ишлашини ўрганар эканмиз, биз улар нақадар идеал ва қулай тузилишга эга эканлигини яққолроқ кўра бошлаймиз... Керакли куч ва эгилувчанликни жуда аниқ уйғунликда жамлаш имконини берувчи ҳайратланарли даражадаги эластик қисмлар уларни ҳавода иложи борича кўпроқ ишлатиш учун бир бутун қилиб жамланган. Менимча, чивин қанотлари билан тенглаша оладиган қурилма дунёда йўқ бўлса керак». (n J.Robin Wooton, «The Mechanical Design of Incest Wings», Scientific American, cilt 263, Kasim 1990, s.120.) 

«У — Аллоҳ Яратгувчидир, (йўқдан) Бор қилгувчидир, (барча нарсага) Сурат-Шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудрат ва ҳикмат Соҳибидир» (Ҳашр, 24). 

Шу билан бирга, чивин эволюцияси ҳақида илгари сурилаётган фикрларга исбот бўла оладиган бирорта қадимий қолдиқлар ҳам мавжуд эмас. Таниқли француз зоологи Пьер Поль Грассе буни тан олади ва «ҳашоратларнинг пайдо бўлиши масаласида биз мавҳумликка юз тутамиз», (n Pierre – P.Grasse, Evolution of Living Organisims, New York: Academic Press, 1977, s.30.) дея эътироф этади. Энди, келинг, ҳозирги замон тадқиқотчиларини мавҳумлик зулматига ташлаб қўяётган ҳашоратлар ҳаётидан қизиқ лавҳаларни таҳлил қилайлик.

Ниначи – вертолёт ғояси илҳомчиси

Ниначининг қанотлари букилмайди. Шу билан бирга, унинг қанотларини ҳаракатга келтирувчи учиш мушаклари шакл жиҳатдан бошқа ҳашоратларникидан фарқ қилади. Айнан шу ўзига хослик туфайли эволюциячилар «ниначилар – биринчи бўлиб пайдо бўлган ҳашоратлардир», деб уқтиришади. 

Бироқ «илк ҳашоратлар» дея ном берилган ниначиларнинг учиш тизими муҳандислик санъати мўъжизасидир. Дунёда биринчи бўлиб вертолёт ясаган Сикорский ўзининг сўнгги модели лойиҳасини ниначиларнинг парвоз хусусиятлари асосида ишлаб чиққан. (n «Exploring The Evolution of Vertical Flight – at The Speed of Light», Discover, Ekim 1984, s.44-45.) Унга бу лойиҳада ёрдам берган IBM фирмаси муҳандислик ишларини ниначи фотосуратларини компьютер (IBM 3081 модели) хотирасига жойлаштиришдан бошлаган эди. Компьютер ёрдамида амалга оширилган ниначининг ҳаводаги ҳаракати таҳлиллари асосида 2000 дан зиёд чизмалар чизилган. Ва ниҳоят, Сикорскийнинг ниначилар устидан тинимсиз кузатишлари ёрдамида аскарлар ва ўқ-дориларни ташиш учун хизмат қилувчи биринчи вертолёт модели юзага келди. 

Сураткаш Жилиан Мартин эса ниначиларни ўрганиб чиқиш учун икки йилга чўзилган тадқиқотлар ўтказди (n «Helicopter Bocegi», Star, 16 Agustos 1984, s.32-33.) Бу тадқиқотлар ёрдамида олинган маълумотлар ниначилар ўта юқори даражада мураккаб учиш тизими билан қуролланганлигини кўрсатади. 

Сикорский вертолётлари ниначиларнинг бехато хатти-ҳаракатлари, яъни манёврлари ва тузилишига тақлид қилиш натижасидир. 

Ниначининг танаси худди металл билан қоплангандек, ҳалқалардан ташкил топган. Унинг устида оч ҳаворангдан то тўқ қизилгача бўлган турфа рангда товланувчи икки жуфт қанотлар кўндаланг жойлашган. Айнан шундай тузилиш туфайли ниначи турли хил қийин хатти-ҳаракатларни бажара олади. Қайси тарафга ва қандай тезликда учишидан қатъий назар, у тўсатдан тўхтаб, қарама-қарши тарафга учиши мумкин. Ниначи ҳавода гўё музлаб қолгандек тўхтаб, кутилмаганда орқага айланиб олади ва ўз қурбонига ҳамла қилади. Буларнинг барчаси жуда тез, соатига 40 километрга етувчи ҳашоратларга хос бўлмаган ҳайратланарли катта тезликда содир бўлади (Эътибор беринг, жаҳон олимпиадасида 100 метрга югурувчи спортчилар тезликни 39 км/соатга етказа олса, олтин медални қўлга киритиши муқаррар!) 

Ниначи худди шундай тезлик билан ўз ўлжасига келиб урилади. Бундай зарба ўлжани карахт аҳволга солиб қўяди. Тери қопламаси зарб кучини ўзига қабул қилганлиги туфайли ниначининг ўзига зарар етмайди. Бироқ ўлжа ҳақида бундай дейиш қийин. Ниначининг ўлжаси ё қотиб қолади, ёки зарбадан ҳосил бўлган карахтлик туфайли дарҳол жон беради. Зарбдан сўнг ниначиларнинг энг кучли қуроли бўлган орқа панжаларга навбат келади. Парвоз пайти белга қадалиб турган бу панжалар дарҳол олдинга чўзилиб, қотиб қолган ўлжани маҳкам тутади. Энди, ниначи унча сезилмайдиган, аммо пўлатдек қаттиқ пастки жағини ишга солади. Ўлжа жуда тез еб битирилади, ниначи уни қисқа муддатда парчалаб ташлайди. Шу қадар катта тезликдаги парвоз пайтида бундай кутилмаган манёврлар қила оладиган ниначиларнинг кўриш имкониятлари ҳам идеал даражада ўйланган. Ниначининг кўзлари бошқа ҳашоратлар кўзларига қараганда мукаммалроқ саналади. Ҳар бир кўзда 30 мингга яқин линза бор. Кўзлар иккита яримшарни эслатиб, бошнинг қарийб ярмини эгаллаб туради ва ҳашоратга катта диаметрдаги майдонни кўриш имконини беради. Айнан шу сабабли, ниначи ўзининг орқа тарафини ҳам кузатиб туради (n David Attenborough, Yasadingimoz Dunya, Istanbul: Inkilap Kitabevi, 1982, s.52.) 

Кўриб турганимиздек, ниначи ҳар бири ажойиб конструкцияга эга бўлган тизимлар тўпламини ўзида акс эттиради. Бу тизимларнинг бирортасида кичкинагина нуқсон юзага келса, унинг бошқа барча қисмлари ишга яроқсиз бўлиб қолади. Аммо буларнинг ҳаммаси бекаму кўст ўйланган ва яратилган, шу сабабли ҳам ҳашорат яшашда давом этмоқда.

Ниначининг қанотлари

Ниначини ниначи қилган ҳам аслида қанотлар. Қанотлардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар қандай юзага келганини учиш аппаратининг босқичма-босқич ривожланиш модели орқали изоҳлаш мумкин эмас. Эволюция назарияси учун айнан қанотлар тушунчаси боши берк кўча ҳисобланади. Чунки қанотлар қачонки тўлалигича ривожлангачгина ўз функцияларини бажара олади-да. 

Дарвинизм назарияси уқтирганидек, қачондир ташқи таъсир остида қуруқликда ҳаракатланувчи ҳашорат генларида қандайдир номаълум мутация содир бўлди ва терининг айрим қатламлари ўзгаришга юз тутди, дейлик. Аммо шундан кейиноқ янги мутациялар содир бўлиб, тасодифан янги қанотлар ўсиб чиққан, дея тахмин қилиш мумкин эмас. Чунки ҳашорат танасида юз берадиган мутациялар унинг ерда ҳаракатланиш қобилиятларини сезиларли даражада пасайтирибгина қолмай, уни бемалол ишлайдиган қанотлар билан таъминлай олмайди ҳам. Ниначининг қанотлари шу қадар мураккаб тузилганки, бу жиҳат қанотларнинг «тасодифан пайдо бўлиб қолиши» ҳақидаги ҳар қандай тахминни рад этади. Аэродинамик хусусиятга эга бўлган қанот пардалари, шунингдек, бу пардалар сиртидаги ҳар бир катак жуда чуқур ўйланган режа ва ҳисоб-китоблар натижасидир. Гап шундаки, агар қанотлар аста-секин ривожланган деб тахмин қилсак, ниначи ҳали учиш имконини берадиган даражада ривожланмаган бу оғир қанотларни кўтариб юриши керак бўлади. Бу эса унинг ўз турдошлари ҳамда ҳашоратларнинг бошқа турларидан ортда қолишига сабаб бўлади. Эволюция назарияси учун пойдевор ҳисобланмиш табиий танланиш ғоясига кўра, бундай номукаммал жонзот ва унинг авлодлари йўқ бўлиб кетиши керак эди. 

Мутациялар – кузатиш имкони йўқ ўзгаришлардир. Қолаверса, улар ҳамиша жонли мавжудотларга зарар келтирган, кўпинча ўлимга ҳам олиб борган. Бундан келиб чиқадики, ҳашорат танасидаги бошланғич органларнинг майда мутациялар йўли билан аста-секин учиш механизмига айланиши мутлақо мумкин эмас. Энди бир саволни ўртага ташлайлик: юқоридаги барча тўсиқларга қарамай эволюциячилар томонидан илгари сурилган сценарий амалга ошди, деб тасаввур қилайлик, аммо нега бундай ривожланиш сценарийсини тасдиқловчи ниначиларнинг олдинги аждодлари қолдиқлари топилмаган? 

Ҳозирги ниначилар ва уларнинг энг қадимий аждодлари қолдиқлари ўртасида бирор-бир фарқ мавжуд эмас. Ва ҳозиргача қолдиқлари сақланиб қолган ниначилардан олдин яшаган ҳеч қандай «яримниначилар» ёки «эндигина қанот чиқара бошлаган ниначилар» ҳам бўлмаган. Бу ҳашоратлар бошқа жониворлар сингари бир пайтда пайдо бўлган ва бугунга қадар бирорта ўзгаришсиз яшаб келдилар. Яъни улар аввалбошданоқ Аллоҳ томонидан яратилдилар ва ҳеч қандай ўзгаришга учрамадилар. 

ҳашорат скелети хитин деб аталувчи тери қатламларининг тартибли бирлашувидан ҳосил бўлади. Бу қатламлар ташқи скелет қурилмасини шакллантира оладиган даражада мустаҳкам. Айни пайтда, улар учиш аппарати мушакларининг таъсирида худди пружина сингари эгилиш хусусиятига ҳам эга. Қанотлар эса ҳам пастга-тепага, ҳам олдинга-орқага ҳаракатлана олади. Бу ҳаракат уларни тана билан уловчи мураккаб қурилма туфайли содир бўлади. Ниначи танасида икки жуфт қанотлар бор – бири олдинда, иккинчиси орқа тарафда. Қанотлар синхрон ҳаракатланмайди, яъни олдинги қанотлар кўтарилган бир пайтда, орқадаги қанотлар пастга тушади. Қанот қоқиш бир-бирига қарама-қарши жойлаштирилган иккита мушаклар гуруҳи фаолияти билан амалга оширилади. Мушакларнинг тана ичида ричаг шаклида ўзаро боғланган. Уларнинг биринчи гуруҳи қисқариб, олдинги жуфт қанотларни кўтарган вақтда, иккинчи гуруҳ мушаклар ўз-ўзидан орқадаги қанотларга пасайиш имконини беради. Шу сабабли ҳам, ниначига «вертолёт-қўнғиз» деган яна бир ном берилган. ҳашорат танасини қоплаган хитин қатлам скелет функциясини бажара оладиган даражада мустаҳкам тузилган. Бу қатлам диққатни ўзига тортувчи турфа рангда товланади.

Ботиржон Ғофуров тайёрлади