Дарвин назарияси ҳақида

Дарвин назариясини ҳаммамиз яхши биламиз – жонли организмлар табиатга мослашиб бориш натижасида босқичма-босқич ривожланишган, содда организмлардан мураккаб организмлар шаклланган ва миллионлаб йиллар давом этган эволюция сувдаги энг оддий катакчадан инсоннинг келиб чиқишига имкон яратган. Биз «дарвин назарияси» деганда маймуннинг одамга айланишини тушунишимизга сабаб – Дарвин ўз эволюциясида инсондан олдинги нуқтага маймунни жойлаштирган ва уларни «ота-боболаримиз» деб тан олган.

Бирон одамнинг айтаётган фикрига холис баҳо бериш учун у яшаб улғайган вазиятни ҳам атрофлича ўрганиб чиқиш керак бўлади. Масалан, оилани ёмонлаган одамларнинг ўз оиласида нотинчлик ҳукмрон, дўстликни бир пулга қиммат деб таърифлаганлар эса бир умр ҳақиқий дўст нималигини билмай яшаган бўлиб чиқишади. Дарвиннинг «кучлилар яшаши керак, заифлар қирилиб боради» деган назарияси ҳам айнан унинг замонасини, у ўсиб-улғайган муҳитни том маънода акс эттирган, десак хато бўлмайди. Айнан Дарвин билан бир замонда яшаган Мальтус исмли бошқа бир олим ҳам одамлар орасида ўлимнинг кўпайиб бораётганини ижобий нарса сифатида баҳолаб, «касалликка чидамлилар дош беришади, касалликка дош беролмай ўлиб кетганлар эса яшашга нолойиқ инсонлардир» деган ғояни илгари сурган. «Дарвин назарияси»дан ҳам кўра каттароқ шов-шувга сабаб бўлган «Мальтус назарияси» касалликларни «инсониятни саралаб берувчи фойдали нарса» деб таърифлаган. Хуллас, Дарвин ҳам, Мальтус ҳам 19-аср Англиясидан келиб чиқиб фикр билдиришган, бири «ҳаёт – кучлиларники!» деган қоидани инсониятга, иккинчиси эса бутун ҳайвонот оламига татбиқ этган. 

Чиндан ҳам, 19-асрда Англия ҳозиргига қараганда салкам 100 баробар катта майдонга эгалик қилган. Мальтус инглизларнинг кўплаб бошқа халқларни қул қилаётганига қараб «Биз яшаш учун энг мос миллатмиз» деган таърифни берган бўлса, Дарвин инсониятнинг бошқа мавжудотларни қул қилаётганига қараб «Биз яшаш учун энг мос мавжудотмиз» деб Мальтус назариясини янада кенгроқ доирага – барча тирик мавжудотларга татбиқ этган. Мальтус инсонлар орасида инглиз халқини, Дарвин эса тирик мавжудотлар орасида инсониятни яшашга энг яхши мослашган деб ажратиб кўрсатган. Лекин орадан юз йилга яқин вақт ўтар ўтмас ўша «яшашга энг мос» Британия империяси тарқалиб кетди, унинг ўрнида қолган Англия давлатининг майдони салкам 100 бараварга кичрайди, 100 йил олдин инглизлар хатто қул ўрнида ҳам кўришни истамаган Хитой эса бугун агар урушга чиқадиган бўлса уларни осонликча мағлуб этиши мумкин. 

Инсоният масаласида ҳам худди шу фикрларни билдирса бўлади. Гарчи Дарвин одамларнинг ҳайвонларни бошқараётганини, сигирларнинг сутини тортиб олиб, отлардан улов сифатида фойдаланаётганини «улардан афзаллик» деб ҳисоблаган бўлса-да, бугун биз ҳаётга мослашиш борасида энг оддий бактериядан ҳам заифроқ эканимизни англаб етдик. Яшаш учун аслида кучлилар эмас, айнан заифлар кўпроқ мос эканига яна мисол керак дейсизми? Қарангки, ўша Дарвин ва Мальтуснинг бошқа бир замондоши Крилов ёзганидек, «тарихда мисоллар жуда кўп бунга» экан. 

Инсониятдан бошлаймиз. Атрофга қаранг-чи, энг яхши ҳаёт кимга тегишли, Мальтус даъво қилганидек энг кучлиларгами, ёки энг заифларга? Оиламда, масалан, мен ўзимни энг кучли деб ҳисобласам, оила аъзоларимга солиштирганда энг қийин ҳаёт ҳам меники. Уйқуга тўймай уйғонаман, баъзан иш туфайли овқатланиш вақтларини ўтказиб юбораман, оёғимни қўлга олиб тирикчилик кетидан югураман ва касал бўлан вақтимда битта дори билан ўзимни алдайман. Мальтус назариясига терс ўлароқ, энг шоҳона ҳаёт оиламнинг энг заиф аъзоси – эмизикли ўғлимда. Хоҳлаган вақтида уйғонади, қорни очқаши билан овқат нақд, хожатхонага ҳам кўтариб олиб боришади ва агар сал истимаси чиққудек бўлса, докторларнинг ўзлари келиб кўриб кетишади. Ёки инсониятни қўйиб, бутун мавжудотларни кузатиб кўринг. Ғарқ пишган олманинг энг ширин жойини ким ейди, иккита катта катта шоҳи бор сигирми, ёки тирноғимиз билан боссак ҳам ўлиб қоладиган олма қуртими? Энг мазали нектарни ким ичади, тоғлардан ҳам баландроққа учадиган бургутми ёки битта чертишимизга ҳам дош бера олмайдиган асаларими? Агар дарвин назарияси тўғри деб ҳисобланса, бугун биз қизил китобга катта-катта тишлари бор ваҳимали оқ айиқни ёки ўткир тирноқлар соҳиби ҳисобланган кучли йўлбарсни эмас, ичидаги қони ҳам кўриниб турадиган заиф чивинни ва ўғлим ҳам осонгина ўлдира оладиган суваракни киритишимиз керак бўлмасмиди? 

Дарвин назарияси тарафдорлари «инсон ривожланиш натижасида қишлоқ хўжалиги, иш қуроллари ҳамда дори-дармонларни ихтиро қилди, шунинг учун узоқроқ яшаяпти», дейишади. Аммо инсониятнинг камайиб кетишига сабаб бўлаётган наркотиклар, алкоголь, тамаки ва атом бомбаси ҳам ривожланиш натижаси эмасми? 

Бугун Дарвин назариясининг танқид қилинишини мен 17-асрда қуёшнинг ер атрофида айланиши танқид қилинганига ўхшатаман. Ўшанда «қуёш ер атрофида эмас, ер қуёш атрофида айланади» дегани учун италиялик астроном Галилео Галилей замонасининг олимлари томонидан ўтда ёқилган эди. Бугунги биология дарсликларининг баъзи муаллифларига қўйиб берсангиз, улар ҳам Дарвиннинг фикрларига шубҳа билан қараганларни ўтда ёққан бўлишарди, ваҳоланки дарвинизмни танқид қилганлар эмас, уни тарғиб қилаётганлар, ёки нари борса уларнинг китоблари ўтда ёқилиши керак! 

Таълим тизимимиздаги оғриқ бераётган бу «қуртлаган тиш» анча қимирлаб қолди. Профессионал доктор излаб оғриқ билан вой-войлаб юрганимиздан кўра, халқона услубда, ип боғлаб битта тортсак кифоя. Оғриқдан батамом қутуламиз. Унинг ўрнига эса Дарвин тан олишни хоҳламаган бошқа бир зот назариясига кўра бошқа тиш ўсиб чиқиши керак. Янги чиқадиган тиш билан биз нафақат оғриқдан қутуламиз, балки бошқа нарсаларни ҳам хазм қилишимиз осонлашади. Қийналмасдан, иштаҳа билан овқат ейдиган бўламиз.