Эволюция назариясининг барбод бўлиши

Эволюция назарияси оламнинг яратилиши тўғрисидаги ҳақиқатни инкор этиш мақсадида олға сурилган эди, бироқ у аслида самарасиз, илмий асосланмаган бир сафсатадан бошқа ҳеч нарса эмас. Ҳаёт жонсиз материядан тасодифий равишда пайдо бўлган, деган даъво билан майдонга чиққан бу назария коинотдаги ва тирик жонзотлардаги аниқ бир илоҳий яратилганликнинг илмий далиллари орқали чиппакка чиқди. Шу тахлитда, Аллоҳнинг коинотни ва ундаги тирик жонзотларни яратганлиги ҳақидаги ҳақиқатни фан тасдиқлади. Эволюция назариясини сақлаб қолиш учун бугунги кунда амалга оширилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари фақатгина илмий далилларни бузиб кўрсатиш, нотўғри талқин этиш ва алдов ҳамда фан ниқоби остидаги ёлғонларга асосланган.

Аммо бу тарғиботлар ҳақиқатни яшира олмайди. Эволюция назариясининг илм-фан тарихидаги энг буюк ёлғон экани сўнгги 1920-1930 йиллардан буён илм-фан дунёсида жуда кўп тилга олинмоқда. 1980 йиллардан сўнг амалга оширилган тадқиқотлар, хусусан, дарвинизмнинг даъволари бутунлай янглиш эканини ошкор қилди ва бу ҳақиқат кўп сонли олимлар тарафидан эътироф этилди. Айниқса, Америка Қўшма Штатларида биология, биохимия ва палеонтология каби турли соҳаларда фаолият олиб борувчи кўплаб олимлар дарвинизмнинг асоссизлигини расмий тан олдилар ва ҳаётнинг келиб чиқишини тасвирлаш учун ақлий дизайн тушунчасидан фойдаландилар. «Ақлий дизайн» деганда Аллоҳнинг барча тирик жонзотларни яратгани тушунилади.

Дарвинизмнинг илмий инқирози

Эволюциячи газета ва журналлар тез-тез ибтидоий инсоннинг расмларини чоп этиб турадилар. Бу расмларнинг бирдан-бир манбаи рассомнинг тасаввуридир. Эволюцион назария илмий маълумотлар билан шундай эзиб ташландики, бугунги кунда жиддий матбуотда уларни тобора камроқ учратмоқдамиз.
Бу таълимот тарихи қадимги Грецияга бориб тақалса-да, эволюция назарияси ўн тўқкизинчи асрга келиб кенг ривожлантирилди. Уни дунё илмининг энг қизғин мавзусига айлантирган энг муҳим манба 1859 йилда нашр қилинган Чарлз Дарвиннинг «Турларнинг келиб чиқиши» номли китоби эди. Бу китобда у Аллоҳнинг Ер юзидаги турли тирик жонзотларни алоҳида-алоҳида қилиб яратганини инкор этди. Дарвиннинг фикрига кўра, барча тирик жонзотларнинг умумий бир аждоди бўлган ва вақт ўтиши билан кичик ўзгаришлар натижасида улар турли-туман шаклларга кирган. 
Дарвиннинг назарияси аниқ бир илмий топилмага асосланмаган эди; унинг ўзи тан олганидек, у бор-йўғи бир «фараз» эди. Бундан ташқари, Дарвин ўзининг «Назариядаги мураккабликлар» номли китобидаги катта бир бобда назария кўплаб кескин саволлар қаршисида муваффақиятсизликка учраганини эътироф этади.
Дарвин бор эътиборини янги илмий кашфиётларга қаратди ва бу кашфиётлар мазкур мураккабликларни ҳал қилишга ёрдам беради, деб умид қилди. Аммо унинг умидларига қарши ўлароқ, илмий топилмалар бу мураккабликларнинг кўламини кенгайтириб юборди. Дарвинизмнинг илм-фан қаршисидаги мағлубияти учта асосий мавзу остида изоҳланиши мумкин:
1. Бу назария Ерда ҳаёт қандай пайдо бўлганини тушунтириб беролмайди.
2. Илмий топилмалар шу нарсани кўрсатадики, назария томонидан олға сурилган «эволюцион механизмлар» ҳеч қандай эволюцион кучга эга эмас.
3. Қазилма ҳайвон қолдиқлари эволюция назарияси ўртага ташлаган ғоянинг бутунлай акси бўлиб чиқди.

Биринчи мушкул босқич: ҳаётнинг пайдо бўлиши

Эволюция назарияси бундан тахминан 3,8 миллиард йил илгари Ер юзида пайдо бўлган ёлғиз битта жонли ҳужайрадан барча жонли турларнинг келиб чиққанини фараз этади. Ёлғиз бир ҳужайра қандай қилиб миллионлаб мураккаб жонли турларни келтириб чиқариши мумкинлиги, агар шундай эволюция юз берган бўлса, нима учун унинг излари қазилма ҳайвон қолдиқларида кузатилмагани каби айрим саволларга ушбу назария жавоб бера олмайди. Шундай бўлса-да, энг аввало, бизнинг қуйидагича савол сўрашимиз ўринлидир: Ўша «биринчи ҳужайра»нинг ўзи қандай вужудга келган?
Эволюция назарияси яратилганликни ва ҳар қандай ғайритабиий аралашувни рад этиши боис, у «биринчи ҳужайра» ҳеч қандай тартиб, режа ёки дастурларсиз табиат қонунлари асосида, тасодифий равишда пайдо бўлган, деган ғояни илгари суради. Мазкур назарияга кўра, жонсиз материя тасодифлар натижасида жонли ҳужайрани пайдо қилган бўлиши керак. Бироқ бундай даъво, биологиянинг энг инкор этиб бўлмас қонунларига мувофиқ келмайди.

«Ҳаёт ҳаётдан келиб чиқади»

Ўзининг китобида Дарвин ҳаётнинг пайдо бўлиши масаласида тўхтаб ўтмаган. Унинг давридаги фаннинг илк тушунчалари тирик жонзотлар жуда содда бир тузилишга эга экани тўғрисидаги фаразга асосланган эди. Ўрта асрларда кенг тарқалган «ўз-ўзидан пайдо бўлиш» номли назарияга кўра воқеаларнинг бир-бирига тасодифан тўғри келиб қолиши билан бирлашган жонсиз организмлар тирик организмни юзага келтирган, деб ҳисобланар эди. Ҳашаротлар овқат қолдиқларидан, сичқонлар эса буғдойдан пайдо бўлган, деган фараз одатий тус олган эди. Бу назарияни исботлаш учун қизиқ тажрибалар ўтказилди. Ифлос бир мато устига бир оз буғдой қўйилди ва ундан оз фурсат ўтгач сичқонлар пайдо бўлади, деб фараз қилинди.
Шунга ўхшаб, сасиган гўштда қуртларнинг пайдо бўлиши ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиш ҳодисасидан бир далил, деб тахмин қилинар эди. Аммо кейинроқ қуртлар гўштда ўз-ўзидан пайдо бўлмагани, балки улар пашшалар тарафидан кўзга кўринмас личинкалар шаклида ташиб келтирилгани маълум бўлди.
Дарвин ўзининг «Турларнинг келиб чиқиши» номли китобини ёзган пайтда, бактериянинг жонсиз материядан вужудга келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги назария илм-фан оламида кенг миқёсда қабул қилинган эди.
Бироқ Дарвиннинг китоби босиб чиқарилгандан сўнг беш йил ўтгач, франциялик машҳур биолог Луи Пастер узоқ изланишлар ва тажрибалардан сўнг, ўз натижаларини эълон қилди. Бу натижалар Дарвин назариясининг негизи бўлган ўз-ўзидан пайдо бўлиш тўғрисидаги тасаввурнинг нотўғрилигини исбот қилди. 1864 йилда Сорбоннада қилган муваффақиятли маърузасида Луи Пастер шундай деган эди: «Ўз-ўзидан пайдо бўлганлик тўғрисидаги таълимот оддий тажрибанинг қақшатгич зарбасидан ҳеч қачон ўзини ўнглай олмайди»[1].
Узоқ вақтларгача эволюция назариясининг хайрихоҳлари бу кутилмаган янгиликка қаршилик кўрсатиб келдилар. Бироқ илм-фан оламидаги тараққиёт тирик мавжудот ҳужайрасининг мураккаб тузилишга эга эканига ойдинлик киритгач, ҳаётнинг тасодифий равишда вужудга келган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғоя ҳаттоки ундан-да ёмонроқ аҳволга тушиб қолди.

Йигирманчи асрдаги асоссиз уринишлар

Йигирманчи асрда ҳаётнинг пайдо бўлиши мавзусини давом эттирган биринчи эволюциячи, таниқли рус биологи Александр Опарин бўлди. 1930 йилларда олға сурган турли тезислари билан жонли ҳужайранинг тасодифий равишда пайдо бўлиши мумкинлигини исботлашга ҳаракат қилди. Аммо бу изланишлари муваффақиятсизликка учради ва Опарин қуйидагича эътироф этишга мажбур бўлди:
“Афсуски, ҳужайранинг келиб чиқиш муаммоси эҳтимол организмлар эволюцияси устида олиб борилган бутун изланишдаги энг қоронғи нуқтадир”[2].
Опариннинг эволюциячи издошлари бу муаммони ҳал қилиш учун тажрибалар ўтказишга уриниб кўрдилар. Энг машҳур тажриба 1953 йилда америкалик кимёгар Стенли Миллер томонидан амалга оширилди. Миллер ибтидоий Ер атмосферасида мавжуд бўлган бўлиши мумкин, деб ўйлаган газларни тажриба қурилмасида аралаштириб ҳамда аралашмага энергия қўшиб, оқсиллар структурасида мавжуд бир неча органик молекулалар (аминокислоталар)ни синтезлади.
Ўша йиллар эволюция шаънига қўйилган муҳим бир қадам сифатида таништирилган бу тажриба бир неча йил ўтмасдан асоссиз деб топилди, чунки тажрибада қўлланилган атмосфера ҳақиқий Ер шароитидагидан жуда катта фарқ қилар эди.[3]
Узоқ сукут сақлагандан сўнг, Миллер ўзи қўллаган атмосфера муҳити нореал эканини эътироф этди[4].
Бутун йигирманчи аср мобайнида ҳаётнинг келиб чиқишини тушунтириш учун барча эволюциячиларнинг қилган уринишлари муваффақиятсизлик билан якун топди. Сан-Диэго Скриппс институти геокимёгари Жеффри Бада 1998 йилда Эартҳ (Ер) номли журналда чоп этилган мақолада бу ҳақиқатни шундай таъкидлайди:
“Бугун йигирманчи асрни ортда қолдирар эканмиз, биз ҳануз йигирманчи асрга қадам қўйганимизда мавжуд бўлган энг катта ҳал қилинмаган муаммо қаршисида турибмиз: Ерда ҳаёт қандай пайдо бўлган?”[5]

Ҳаётнинг мураккаб тузилиши

Ҳаётнинг пайдо бўлиши хусусидаги эволюция назариясининг бундай мушкул аҳволда якун топишига бош сабаб, ҳаттоки энг содда ҳисобланган жонли организмлар ҳам ақл бовар қилмас даражада мураккаб тузилишга эга эканидадир. Тирик жонзотнинг ҳужайраси инсон қўли билан яратилган ҳар қандай технологик маҳсулотдан кўра мураккаброқдир. Бугунги кунда, ҳатто дунёнинг энг тараққий топган лабораторияларида ҳам, органик кимёвий моддаларни бирлаштириш орқали бирор тирик ҳужайрани яратиб бўлмайди.
Бир ҳужайранинг пайдо бўлиши учун талаб этиладиган шартларнинг миқдори шунчалик кўпки, унга шунчаки тасодифлар орқали, деб тушунтириш бериб кетиш асло мумкин эмас. Ҳужайранинг структуравий элементлари бўлган оқсилларнинг тасодифий равишда синтезланиш эҳтимоли 500 аминокислоталардан ташкил топган ўртача оқсил учун 10950да 1дир. Математикада 10950да 1дан кичик эҳтимоллик амалий нуқтаи назардан «имконсиз» ҳисобланади.
Ҳужайранинг ядросида жойлашган ва барча ирсий маълумотларни сақлайдиган ДНК молекуласи ақл бовар қилмас даражадаги маълумотлар банкидир. Агар ДНКда кодланган маълумотлар қоғозга туширилгудек бўлса, у ҳар бири 500 варақдан иборат тахминан 900 жилдлик энциклопедияни ўз ичига оладиган улкан бир кутубхонани барпо қилган бўлар эди.
Шу аснода жуда қизиқ бир иккилантирадиган ҳолат юзага келади: ДНК ўзининг айнан нусхасини фақатгина баъзи махсуслаштирилган оқсиллар (ферментлар) ёрдамида ишлаб чиқиши мумкин. Аммо бу ферментларнинг синтези фақат ДНКдаги кодланган маълумотлар орқалигина амалга ошиши мумкин. Уларнинг иккаласи ҳам бир-бирига боғлиқ бўлгани боис, айнан нусха ишлаб чиқилиши учун улар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлишлари шарт. Бу эса ҳаёт ўз-ўзидан пайдо бўлган, деган фаразни боши берк кўчага киритиб қўяди. Калифорниядаги Сан-Диэго университетида фаолият юритувчи эътиборли эволюциячи, профессор Лесли Оргел бу ҳақиқатни Сиэнтифи Америан номли Америка илмий журналининг 1994 йил сентябр ойи сонида шундай эътироф этади:
“Тузилиш жиҳатдан ўта мураккаб бўлган оқсиллар ва нуклеин кислоталар (РНК ва ДНК)нинг ҳар иккаласи бир вақтнинг ўзида ва битта жойда ўз-ўзидан пайдо бўлганлигини ақлга сиғдириш жуда қийин. Аммо буларнинг бириси бошқасисиз бўлиши ҳам мумкин эмас. Шундай экан, бир қарашда, ҳаёт аслида ҳеч қачон кимёвий йўллар билан пайдо бўлмаган, деган хулосага келиш мумкин”[6].
Шубҳасиз, агар табиий шароитлар таъсири остида ҳаётнинг пайдо бўлиши мумкин бўлмаса, унда ҳаётнинг ғайритабиий йўл билан «яратилган»лиги тан олинмоғи керак. Бу ҳақиқат асосий мақсади яратилганликни рад этиш бўлган эволюция назариясини ошкора чиппакка чиқаради.

Эволюциянинг тасаввурий механизмлари

Дарвиннинг назариясини инкор қиладиган иккинчи муҳим нуқта шундаки, назария орқали «эволюцион механизмлар» деб олға сурилган ҳар иккала тушунча ҳақиқатда ҳеч қандай эволюцион кучга эга эмаслиги англаб етилди.
Дарвин ўзининг асоссиз эволюциясини бутунлай «табиий танланиш» механизмига боғлади. Унинг бу механизмга берган аҳамияти унинг китоби номидан ҳам яққол кўриниб турар эди: Табиий танланиш воситасида турларнинг келиб чиқиши, ...
Табиий танланиш деганда, кучлироқ бўлган ва ўз маконларининг табиий шароитларига кўпроқ мослашган тирик жонзотларнинг ҳаёт учун курашда омон қолиши тушунилади. Мисол учун, йиртқич ҳайвонларнинг ҳужуми таҳдиди остида яшайдиган буғулар тўдаси орасида тезроқ югура оладиган буғуларгина омон қолади. Шу сабабдан, буғулар тўдаси тезроқ ва кучлироқ индивидумлардан ташкил топади. Аммо, шак-шубҳасиз, бу механизм буғуларнинг эволюция қилишига ва ўзларини ҳайвонларнинг бошқа турларига, масалан, отларга айлантиришига сабаб бўла олмайди. Шу боис, табиий танланиш механизми ҳеч қандай эволюцион кучга эга эмас. Дарвиннинг ўзи ҳам бу ҳақиқатдан хабардор эди ва у ўзининг «Турларнинг келиб чиқиши» номли китобида буни қуйидагича эътироф этган:
“Фойдали индивидуал фарқлар ёки ўзгаришлар рўй бермагунича табиий танланиш ҳеч нарса қила олмайди”.[7]
Демак, бу «фойдали ўзгаришлар» қандай рўй бериши мумкин эди? Дарвин бу саволга ўша пайтдаги фаннинг ибтидоий тушунчаси нуқтаи назаридан жавоб беришга ҳаракат қилган. Дарвиндан олдин яшаб ўтган француз биологи Жан Батист Ламарк (1744-1829)нинг фикрига кўра, тирик мавжудотлар ўзларининг ҳаёт даври давомида орттирган хусусиятларини, яъни жисмоний ўзгаришларни кейинги наслга ўтказган. Унинг таъкид-лашича, наслдан-наслга орттириб борилган бу ўзгаришлар янги турларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Мисол учун, Ламаркнинг фикрига кўра, жирафалар антилопалардан келиб чиққан; улар баланд дарахтларнинг баргларини ейишга интилганлари боис, уларнинг бўйинлари наслдан-наслга узая борган.

Ламаркнинг таъсири

Дарвин ҳам шунга ўхшаш мисоллар келтирган. Масалан, «Турларнинг келиб чиқиши» номли китобида унинг таъкидлашича, овқат излаб сувга шўнғийдиган баъзи айиқлар вақт ўтиши билан китларга айланган[8].
Бироқ Грегор Мендел (1822-1884) томонидан кашф қилинган ва йигирманчи аср генетика фани тасдиқлаган ирсият қонунлари орттирилган хусусиятлар кейинги наслларга ўтганлиги тўғрисидаги афсонани буткул барбод қилди. Шу тахлитда, табиий танланиш эволюцион бир механизм сифатида ўз қадрини йўқотди.

Неодарвинизм ва мутациялар

Дарвинчилар ечим топиш мақсадида 1930 йилларнинг охирларида «Замонавий синтетик назария» ёки кўпроқ неодарвинизм номи билан маълум бўлган ғояни олдинга сурдилар. Неодарвинизм табиий танланишга қўшимча равишда «фойдали ўзгаришлар сабаби» бўлган мутацияларни, яъни жонзотларнинг генларида радиация каби ташқи омиллар ёки кўпайишдаги хатолар натижасида шаклланган бузилишларни ҳам ўз ичига олар эди.
Тасодифий мутациялар инсонлар ҳамда бошқа жонзотларда нуқсонга айланади. Чернобил фалокати мутацияларнинг таъсирлари ҳақидаги кўзларни очувчи ҳодисадир.
Бугунги кунда бутун дунёда эволюцияни ҳимоя қиладиган модел неодарвинизмдир. Бу назария Ер юзидаги миллионлаб жонзотлар, бу организмларнинг кўплаб мураккаб органлари (масалан, қулоқлар, кўзлар, ўпка ва қанотлар) «мутациялар», яъни ирсий бузилишларни бошдан кечириш жараёни натижасида шаклланган, деган фаразни ўртага ташлайди. Аммо бу назарияни кучсизлантирадиган очиқ бир илмий ҳақиқат мавжуд: мутациялар жонзотларнинг ривожланишига сабаб бўлмайди, аксинча, улар ҳар доим жонзотларга зарар етказадилар.
Бунинг сабаби жуда оддий: ДНК жуда мураккаб тузилишга эга ва ҳар қандай тасодифий таъсир унга фақат зарар етказиши мумкин, холос. Америкалик генетик Б. Г. Ранганатан буни қуйидагича изоҳлайди:
“Биринчидан, чинакам мутациялар табиатда жуда камдан-кам ҳолатларда учрайди. Иккинчидан, генларнинг структурасидаги ўзгаришлар тартибли эмас, аксинча тасодифий бўлгани учун кўпчилик мутациялар зарарлидир; ўта тартибли тизимдаги ҳар қандай тасодифий ўзгариш яхшиликка эмас, балки ёмонликка сабаб бўлади. Мисол учун, агар зилзила бирор бинонинг ўта тартиб билан курилган структурасини ларзага келтирса, бу бинонинг конструкциясига эҳтимол тузатиб бўлмас тасодифий ўзгариш содир бўлган бўлар эди.[9]
Афсуски, шу кунга қадар фойдали бўлган, яъни организмдаги ирсий маълумотларни ривожлантирган бирор мутацион намуна кузатилмаган. Барча мутацияларнинг зарарли эканлиги исботланган. «Эволюцион механизм», деб таништирилган мутациялар аслида жонзотларга зарар етказадиган ва уларни яроқсиз, ногирон қилиб қўядиган ирсий бир ҳолат экани англаб етилди. (Инсон зотида мутациянинг энг кўп учрайдиган натижаси саратон (рак) касаллигидир.) Албатта, бузувчи бир механизм «эволюцион механизм» бўла олмайди. Табиий танланиш эса, Дарвиннинг ўзи ҳам эътироф этганидек, «ўзича ҳеч нарса қила олмайди». Бу ҳақиқат бизларга табиатда «эволюцион механизм»нинг мавжуд эмаслигини кўрсатади. Зеро эволюцион механизм мавжуд эмас экан, унда «эволюция» деб аталадиган тасаввурий жараённинг содир бўлганлиги ҳам мумкин эмас.

Қазилма ҳайвон қолдиқлари: оралиқ шакллардан асар йўқ

Эволюция назарияси томонидан фараз қилинган сенарийнинг содир бўлмаганига энг яққол далил қазилма ҳайвон қолдиқларидир.
Эволюция назариясига кўра, ҳар бир жонли тур ўз ўтмишдошидан ривожланиб вужудга келган. Даставвал мавжуд бўлган турлар вақт ўтиши билан бошқа шаклга кирган ва шу йўсинда барча турлар пайдо бўлган. Бошқача қилиб айтганда, бу трансформация, яъни бир шаклдан бошқа янги шаклга айланиш жараёни миллионлаб йиллар давомида аста-секин содир бўлган.
Агар шундай бўлса, бу трансформацион давр ичида кўплаб оралиқ турлар мавжуд бўлган ва яшаган бўлиши керак.
Масалан, ўтмишда ярим балиқ-ярим судралиб юрувчилар яшаган бўлиши, яъни улар мавжуд балиқлик хусусиятига қўшимча равишда, судралиб юрувчилик хусусиятини орттирган бўлиши керак. Ёки бўлмаса, мавжуд судралиб юрувчилик хусусиятига қўшимча равишда айрим қушлик хусусиятини орттирган баъзи судралиб юрувчи қушлар мавжуд бўлган бўлиши керак. Булар ўтиш босқичида яшагани боис, яроқсиз, қусурли, мажруҳ жонзотлар бўлиши керак. Ўтмишда яшаб ўтган, деб ишонилган бу назарий жонзотларни эволюциячилар «ўтиш даври шакллари» номи билан атайдилар.
Агар шундай ҳайвонлар ўтмишда яшаган бўлсалар, улар сон ва тур жиҳатидан миллионлаб, ҳатто миллиардлаб бўлиши керак эди. Бундан ҳам муҳимроғи, бу ғалати жонзотларнинг қолдиқлари археологик қазилмаларда топилиши керак эди. Дарвин «Турларнинг келиб чиқиши» китобида шундай тушунтириш беради:
“Агар менинг назариям тўғри бўлса, бир гуруҳдаги турларнинг барчасини бир-бирига боғлаган саноқсиз ўтиш даври турлари шубҳасиз яшаган бўлиши керак... Шундай экан, уларнинг илгари яшаганликларининг далили фақатгина қазилма ҳайвон қолдиқлари орасидан топилиши мумкин”[10].

Дарвиннинг пучга чиққан умидлари

Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталаридан буён эволюциячилар бутун дунёдан ҳайвон қолдиқларини топишга астойдил бел боғлаган бўлсалар-да, ҳанузгача ўтиш даври шакллари кашф қилинмади. Барча ҳайвон қолдиқлари, эволюциячиларнинг умидларига қарши ўлароқ, ҳаётнинг Ер юзида тўсатдан ва қусурсиз бир бичимда пайдо бўлганини тасдиқлади.
Машҳур инглиз палеонтологи Дерек В. Эйжер, ҳатто эволюциячи бўлса ҳам, бу ҳақиқатни шундай эътироф этади:
“Агар қазилма ҳайвон қолдиқларини хоҳ турлар ёки синфлар даражасида бўлсин, батафсил ўрганиб чиқсак, биз қайта-қайта босқичма-босқич эволюцияга эмас, балки бир гуруҳнинг бошқаси эвазига тўсатдан портлаб чиққанлигига дуч келамиз”[11].
Бу шу нарсани англатадики, қазилма ҳайвон қолдиқлари барча жонли турлар мукаммал шаклланган ҳолда, ҳеч қандай оралиқ шаклларсиз тўсатдан пайдо бўлганидан далолат беради. Бу Дарвин тахминларининг бутунлай аксидир. Шунингдек, бу жонли турларнинг яратилганини кўрсатувчи жуда кучли далил ҳамдир. Жонли турларнинг ҳеч қандай эволюцион аждодларсиз, тўсатдан ва ҳар бир деталигача мукаммал ҳолда пайдо бўлганига берилиши мумкин бўлган ягона изоҳ уларнинг яратилганлигидир. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат жуда таниқли эволюциячи биолог Дуглас Футуйма томонидан ҳам эътироф этилган:
“Яратилиш ва эволюция – жонзотларнинг келиб чиқиши ҳақида берилиши мумкин бўлган изоҳлар уларнинг иккиси ўртасида ҳалак. Организмлар ё ер юзида тўлиқ ривожланган шаклда пайдо бўлган ёки бундай эмас. Агар бундай бўлмаса, улар аввал мавжуд бўлган турлардан, айрим ўзгаришларни босиб ўтиш орқали ривожланган бўлишлари керак эди. Агар улар тўлиқ ривожланган бир шаклда пайдо бўлган бўлса, у ҳолда улар чиндан ҳам чексиз куч соҳиби бўлган бир Зот томонидан яратилган бўлиши керак”[12].
Ҳайвон қолдиқлари жонзотларнинг тўлиқ ривожланган ва мукаммал бир ҳолатда Ер юзида пайдо бўлганини кўрсатади. Бу шуни англатадики, «турларнинг келиб чиқиши», Дарвиннинг тахминларидан фарқли ўлароқ, эволюция эмас, балки яратилишдир.

Инсон эволюцияси ҳақидаги эртак

Эволюция назарияси тарафдорлари томонидан энг кўп муҳокама қилинадиган мавзу инсоннинг келиб чиқиши мавзусидир. Бу мавзудаги дарвинчилар даъвоси замонавий инсоннинг маймунсимон жониворлардан пайдо бўлганини асос қилиб олган. 4-5 миллион йил аввал бошланган, деб асоссиз тахмин қилинган бу эволюцион жараён давомида, замонавий инсон ва унинг аждодлари орасида айрим «ўтиш даври шакллари» мавжуд бўлган, деб фараз қилинади. Бутунлай тасаввурий бўлган бу сенарийга кўра, тўрт асосий «тоифа» санаб ўтилади:
1. Australopithecus (Австралопитек)
2. Homo habilis (Ҳомо ҳабилис)
3. Homo erectus (Ҳомо эретус)
4. Homo sapiens (Ҳомо сапиэнс – замонавий инсон)
Эволюциячилар инсоннинг илк маймунсимон аждодларини «жанубий маймун» маъносини англатувчи Австралопитек номи билан атайдилар. Бу жонзотлар йўқ бўлиб кетган қадимий маймун турларидан бошқа ҳеч нарса эмас. Англия ва АҚШлик Лорд Солли Зукерман ва профессор Чарлз Окснард исмли икки дунёга машҳур анатомистлар томонидан турли Австралопитек намуналари устида олиб борилган кенг миқёсдаги тадқиқот бу маймунлар йўқ бўлиб кетган оддий маймун турларига тегишли эканини ва уларнинг инсонларга ҳеч қандай ўхшаш томони йўқ эканини кўрсатди[13].
Эволюциячилар инсон эволюциясининг кейинги босқичини «ҳомо», яъни «инсон» деб таърифлайдилар. Уларнинг даъвосига кўра, Ҳомо сериясидаги жонзотлар Австралопитекка қараганда анча ривожланган. Эволюциячилар бу мавжудотларнинг турли қолдиқларини маълум бир тартибда кетма-кет жойлаштириш орқали тасаввурий бир эволюция схемасини тузганлар. Бу схема тасаввурийдир, чунки бу турли синфлар ўртасида бирор эволюцион боғлиқлик борлиги ҳеч қачон исботланмаган. Йигирманчи асрнинг энг эътиборли эволюциячиларидан бири бўлган Эрнст Майр ўзининг Оне Лонг Аргумент (Узоқ бир баҳс) номли китобида «ҳаётнинг ёки Ҳомо сапиэнснинг келиб чиқиши каби тарихий жумбоқлар ўта мураккабдир ва ҳатто якуний, қониқарли тушунтиришларга ҳам қарши туриши мумкин», деб таъкидлайди[14].
Боғловчи занжирни Австралопитек > Ҳомо ҳабилис > Ҳомо эретус > Ҳомо сапиэнс тарзида ифода этиш билан эволюциячилар бу турларнинг ҳар бири бир-бирининг аждоди эканини назарда тутади. Бироқ палеоантропологларнинг яқиндаги кашфиётлари Австралопитек > Ҳомо ҳабилис ва Ҳомо эретус бир вақтда дунёнинг турли қисмларида яшаганини ошкор қилди[15].
Бундан ташқари, инсонларнинг Ҳомо эретус деб тавсифланган маълум бир бўғини ҳозирги замонларга қадар яшаган. Ҳомо сапиэнс ва Ҳомо сапиэнс (замонавий инсон) бир вақтнинг ўзида битта ҳудудда яшаган.[16]
Мазкур ҳолат, албатта, улар бир-бирининг аждоди бўлган, деган даъвонинг асоссиз эканини кўрсатади. Гарвард университетида фаолият юритувчи палеонтолог Стефен Жей Гоулд, ўзининг эволюциячи бўлишига қарамай, эволюция назариясининг бу мушкул аҳволини қуйидагича изоҳлайди:
“Агар бир-бири билан параллел бир шаклда яшаган уч хил гоминид (одамсимон) шажаралари бўлса, аниқки уларнинг ҳеч бири бошқасидан келиб чиқмаган, у ҳолда бизнинг шажарамизга нима бўлди? Бундан ташқари бу учаловининг ҳеч қайсиси ўзларининг ер юзидаги ҳаёти давомида ҳеч қандай эволюцион мойилликни намоён этмайди”.[17]
Қисқаси, оммавий ахборот воситалари ва дарсликлардан жой олган баъзи тасаввурий «ярим маймун-ярим инсон» мавжудотларнинг турли расмлари ёрдами билан, яъни очиқчасини айтганда, тарғибот воситасида «қўллаб-қувватланадиган инсон эволюциясининг сенарийси илмий асосга эга бўлмаган эртакдан бошқа ҳеч нарса эмас.
Бу мавзуда йиллаб тадқиқот ўтказган ва Австралопитек қолдиқларини 15 йилча ўрганган Буюк Британиядаги энг машҳур ва эътиборли олимлардан бири Лорд Солли Зукерман, ўзининг эволюциячи бўлишига қарамасдан, ниҳоят, маймунсимон мавжудотларнинг одамга айланишини кўрсатадиган шажара аслида мавжуд эмас, деган хулосага келди.
Зукерман, шунингдек, қизиқ бир «фанлар спектри»ни ҳам яратди. У илмий деб ўйлаган соҳалардан тортиб илмий эмас деб ўйлаган соҳаларга қадар уларни бу спектрда акс эттирди. Зукерманнинг мазкур спектрига кўра, фаннинг энг илмий соҳалари (яъни, аниқ маълумотларнинг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда) кимё ва физикадир. Улардан сўнг биологик фанлар ва сўнгра ижтимоий фанлар келади. Спектрнинг энг «илмий эмас», деб ҳисобланадиган охирги қисмида эса, Зукерманнинг фикрига кўра, телепатия ва олтинчи сезги каби «ўта сезгир идрок этиш қобилияти» тушунчалари ва ниҳоят «инсон эволюцияси» жой олади. Зукерман ўзининг бундай мулоҳазасини шундай изоҳлайди:
“Сўнгра объектив ҳақиқатдан чиқиб, ўта сезгир идрок этиш қобилияти ёки инсоннинг суяк қолдиқлари тарихини тушунтириб бериш каби биологик фан деб ҳисобланмиш соҳаларга кирганимизда, эволюция назариясига содиқ кимса учун ҳар нарса мумкин бўлишини ва (эволюцияга) ашаддий содиқ кимсалар баъзида бир вақтнинг ўзида бир қанча қарама-қарши мулоҳазаларга ишона олишини кўрамиз”.[18]
Инсон эволюцияси эртаги ўз назариясига кўр-кўрона содиқ бўлган бир қатор инсонлар томонидан қазиб олинган баъзи ҳайвон қолдиқларига берилган тахминий тушунтиришлардан иборат, холос.

Дарвин формуласи

Шу пайтга қадар кўриб чиққан барча далиллардан бошқа, келинг, энди бир марта бўлса ҳам, эволюциячиларнинг қандай эътиқодга эга эканларини ҳатто болалар ҳам тушунадиган содда бир мисол билан ўрганиб чиқамиз:
Эволюция назарияси ҳаётнинг тасодифан пайдо бўлганини таъкидлайди. Бу даъвога кўра, жонсиз ва шуъурсиз атомлар бирлашиб ҳужайрани пайдо қилган ва сўнгра улар бир амаллаб бошқа жонзотларни, жумладан, инсонни ҳам яратган. Келинг, шу ҳақда бир оз мулоҳаза юритайлик. Жонзотларнинг таркибий элементлари бўлган углерод, фосфор, азот ва калий каби элементларни бир жойга тўплаганимизда, бор-йўғи бир уюм пайдо бўлади. Бу атом уюмига ҳар қанча ишлов берилмасин, у ҳатто битта бўлса ҳам жонзотни шакллантира олмайди. Агар хоҳласангиз, келинг, шу мавзуда бир «тажриба» таърифини келтирамиз ва эволюциячилар номидан, улар «Дарвин формуласи» номи остида баралла овоз чиқармасдан аслида нимани даъво қилаётганларини текшириб кўрамиз:
Дейлик, эволюциячилар жонзотларнинг таркибида мавжуд бўлган фосфор, азот, углерод, кислород, темир ва магний каби кўплаб моддаларни катта бочкаларга солсинлар, бундан ташқари, улар бу бочкаларга одатдаги шароитларда мавжуд бўлмайдиган, лекин зарурий деб ҳисобланадиган моддаларни ҳам солсинлар. Улар бу аралашмага истаганларича табиий шароитлар остида ҳосил бўлиши мумкин бўлмаган аминокислоталар ва бир донасининг пайдо бўлиш эҳтимоли 10950дан 1 бўлган оқсилларни қўшсинлар. Бу аралашмаларга истаганларича иссиқлик ва намлик берсинлар. Исталган, ҳар қандай технологик жиҳатдан ишлаб чиқилган қурилмалар билан уларни қориштирсинлар. Бу бочкалар ёнида энг машҳур олимларни бириктириб қўйсинлар. Бу мутахассислар мазкур бочкалар ёнида миллиардлаб, ҳатто триллионлаб йиллар навбатчилик қилиб кутсинлар. Инсоннинг пайдо бўлиши учун зарур деб ҳисобланган ҳар қандай шароитларни эркин ҳолда қўлласинлар. Нима қилишларидан қатъи назар, улар бу бочкалардан инсонни, дейлик электрон микроскоп остида ўз ҳужайрасининг тузилишини текширадиган бир профессорни етиштира олмаслар. Жирафалар, шерлар, арилар, канарейкалар, отлар, дельфинлар, атиргуллар, орхидеялар, лилиялар, чиннигуллар, бананлар, апельсинлар, олмалар, хурмолар, помидорлар, қовунлар, тарвузлар, анжирлар, зайтунлар, узумлар, шафтолилар, товуслар, қирғовуллар, ранг-баранг капалаклар ёки шулар каби бошқа миллионлаб жонзотларни етиштира олмаслар. Ҳақиқатан ҳам, улар бу жондорларнинг ҳатто битта бўлса ҳам ҳужайрасини қўлга кирита олмаслар.
Қисқаси, шуурсиз атомлар бирлашиб ҳужайрани пайдо қила олмайди. Улар бирор янгича қарор қилиб ҳужайрани иккига бўла олмайди, сўнгра бошқа қарорлар қабул қилиб электрон микроскопни биринчи бўлиб ихтиро килган ва сўнг мана шу микроскоп остида ўз ҳужайрасининг таркибини ўрганадиган профессорларни ярата олмайди. Материя онгсиз, жонсиз бир уюмдир ва у Аллоҳнинг аъло даражадаги яратиши билангина жонланади.
Бунинг аксини даъво этадиган эволюция назарияси эса, соғлом ақлга тамоман зид бир сафсатадир. Эволюциячиларнинг даъволари юзасидан бир оз бўлса ҳам мулоҳаза юритиш, юқоридаги мисол каби, бу ҳақиқатни ошкор этади.

Кўз ва қулоқдаги технология

Кўз ва қулоқни камера ва овоз ёзиш жиҳозлари билан қиёслаганимизда, бу органларнинг юқори технологияга эга мазкур маҳсулотларга қараганда анча мураккаб, анча муваффақиятли экани ва анчайин қусурсиз конструкцияга эга эканини кўрамиз.
Эволюция назарияси томонидан жавобсиз қолган бошқа бир мавзу эса, кўз ва қулоқдаги сезгининг аъло сифатли эканидир.
Кўз тўғрисидаги мавзуга ўтишдан олдин, келинг, «Биз қандай кўрамиз?» деган саволга қисқача жавоб берайлик. Бирор жисмдан чиқадиган ёруғлик нурлари кўзнинг тўр пардасига тескари бўлиб тушади. Бу ерда, бу нурлар ҳужайралар тарафидан электр сигналларга айлантирилади ва миянинг орқа қисмидаги бир кичик нуқтага, яъни «кўриш марказига» узатилади. Бу электр сигналлар шу марказда бир қанча жараёнлардан сўнг тасвир сифатида идрок этилади. Мана шу техник маълумотларни ёдда тутган ҳолда, келинг, бир оз фикр юритайлик.
Мия ёруғликдан ажратиб қўйилган. Бу шуни англатадики, унинг ички қисми тамомила қоронғи бўлиб, у жойлашган ерга умуман ёруғлик етиб бормайди. Шу сабабли, «кўриш маркази»га ҳеч қачон ёруғлик тегмайди ва у ер ҳатто сиз билган энг қоронғи жой ҳам бўлиши мумкин. Аммо сиз мана шу қоронғи жойда ёп-ёруғ дунёни кўрасиз.
Кўзда ҳосил бўладиган тасвир шунчалик аниқ ва равшанки, ҳатто ХХ аср техникалари ҳам бундай тасвирни олишга муваффақ бўла олмаган. Мисол учун ўқиётган китобингизга, уни ушлаб турган қўлларингизга қаранг, сўнгра бошингизни кўтариб, атрофингизга назар ташланг. Сиз ҳеч қачон мана шундай аниқ ва равшан тасвирни бошқа бирор жойда кўрганмисиз? Ҳаттоки дунёдаги энг катта телевизор ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган энг зўр телевизор ҳам сиз учун бундай аниқ тасвирни узатиб бера олмайди. Бу уч ўлчовли, рангли ва ўта аниқ тасвирдир. 100 дан ортиқ йиллардан буён, минглаб муҳандислар бу аниқликка эришишга ҳаракат қилмоқдалар. Мана шу мақсадда фабрикалар, улкан иншоотлар барпо этилди, кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди, режалар ва конструкциялар қурилди. Яна телевизор экранига ва қўлингизда ушлаб турган китобингизга қаранг. У ерда аниқлик ва равшанликдаги катта фарқни кўрасиз. Бундан ташқари, телевизор экрани сизга икки ўлчовли тасвирни кўрсатса, сиз ўзингизнинг кўзингиз билан уч ўлчовли манзарани теранлик билан кузатасиз.
Кўплаб йиллардан буён, ўн минглаб муҳандислар уч ўлчовли телевизор яратишга ва кўзнинг кўриш сифатига эришишга ҳаракат қилиб келмоқдалар. Ҳа, улар уч ўлчовли телевизор системасини яратдилар ҳам, аммо уни махсус уч ўлчовли кўзойнаксиз кўришнинг имкони йўқ; бундан ташқари, у фақат сунъий уч ўлчовлидир, холос. Орқа фон анча хира, олдинги фон эса худди қоғоз безаклар каби кўринади. Кўзники каби аниқ ва равшан тасвирни ишлаб чиқишнинг ҳеч қачон имкони бўлмаган. Камера ва телевизорларнинг ҳар иккаласида ҳам тасвир сифати йўқолади.
Эволюциячиларнинг даъвосига кўра, бундай аниқ ва равшан тасвирни келтириб чиқарадиган механизм тасодифан юзага келган. Агарда кимдир хонангизда турган телевизор тасодифлар натижасида пайдо бўлган, унинг барча атомлари биргалашиб, тасвир кўрсатадиган бу қурилмани ҳосил қилган деса, нима деб ўйлаган бўлар эдингиз? Минглаб одамлар қила олмаган нарсани шуурсиз атомлар қандай амалга ошира оларди?
Модомики кўзга нисбатан анча ибтидоий тасвирни кўрсатадиган қурилма тасодифан пайдо бўлмаган экан, унда аёнки, кўз ва кўз кўрадиган тасвир ҳам тасодифан пайдо бўлмаган. 
Худди шу ҳолат, қулоққа ҳам тегишлидир. Ташқи қулоқ мавжуд товушларни қулоқ чаноғи орқали тутиб олади ва уларни ўрта қулоққа йўллайди, ўрта қулоқ товуш тебранишларини кучайтириб узатади ва ички қулоқ бу тебранишларни электр сигналларга ўгириб мияга жўнатади. Худди кўздаги каби, эшитиш фаолияти миядаги эшитиш марказида якунланади.
Кўздаги ҳолат қулоқ учун ҳам айни ҳақиқатдир яъни, мия худди ёруғлиқда бўлгани каби, товушдан ҳам ажратиб қўйилган. У ҳеч қандай товушни ичкарига киритмайди.
Шунинг учун, ташқари қанчалик шовқин бўлмасин, миянинг ичкариси батамом сокин бўлади. Шунга қарамай, энг аниқтовушлар мияда ҳис этилади. Бутунлай сокин миянгизда сиз симфониялар тинглайсиз ва ғала-ғовур жойдаги барча шовқинларни эшитасиз. Аммо ўша онда аниқ бир қурилма миянгиз ичидаги товуш даражасини ўлчагудек бўлса, у ерда бутунлай сокинлик ҳукм сураётгани маълум бўлади.

Дарвин кўз ҳақида ҳатто ўйлашни ҳам хоҳламаган.

Кўзнинг тасодифий равишда содир бўлиши мумкин эмас, чунки кўз мукаммал ва жуда мураккабдир. Кўзни Аллоҳ яратганлиги очиқ ҳақиқатдир.
Тасвир хусусидаги ҳолат каби, аслидек аниқтовуш ишлаб чиқиш ва унинг нусхасини яратишга ўнлаб йиллар давомида ҳаракат қилиб кўрилди. Бу уринишларнинг натижаси овоз ёзиш жиҳозлари, юқори сифатли товуш чиқарувчи системалар ва товушни ҳис этувчи системалардир. Бу технологиялар ва улар устида ишлаётган минглаб муҳандис ҳамда мутахассисларнинг борлигига қарамасдан, қулоқ орқали идрок этиладиган товушнинг айнан ўзидек тиниқ ва аниқ бўлган ҳеч қандай товушга эришилгани йўқ.
Мусиқавий асбоблар саноатидаги энг катта корхона томонидан ишлаб чиқарилган энг юқори сифатли товуш чиқарадиган система ҳақида ўйлаб кўринг. Ҳатто бу қурилмаларда ҳам овоз ёзилганда унинг бир қисми йўқолади ёки бўлмаса, юқори сифатли товуш чиқарувчи системани қўшганингизда мусиқа бошланиши олдидан ҳар доим пишиллаган товушни эшитасиз. Аммо инсон вужуди технологиясининг маҳсули бўлган товуш ўта тиниқ ва аниқдир. Инсон қулоғи ҳеч қачон юқори сифатли товуш чиқарувчи системада бўлгани каби пишиллаган товуш ёки атмосфера шовқинлари жўр бўлган бир товушни идрок этмайди, аксинча, у товушни қандай бўлса ўшандай, тиниқ ва аниқ ҳис қилади. Бу инсон яратилган кундан буён шу зайлдадир.
Бугунги кунга қадар инсон қўли билан яратилган ҳеч қандай тасвирли ёки товушли аппарат ҳиссий маълумотларни идрок этишда кўз ва қулоқ каби сезувчан ҳамда муваффақиятли бўлмаган. Аммо ҳар қачон кўриш ва эшитиш ҳақида гап кетар экан, буларнинг замирида жуда буюк бир ҳақиқат борлигини таъкидлашимиз жоиз.

Миянинг ичида кўрадиган ва эшитадиган шуур кимга оид?

Мия ичида ранг-баранг дунёни кузатадиган, симфониялар, қушларнинг хонишларини тинглайдиган ҳамда атиргулларнинг муаттар ҳидларини ҳидлайдиган ким?
Биз бутун ҳаётимизни миямизда кечирамиз. Биз кўрадиган одамлар, биз ҳидлайдиган гуллар, биз тинглайдиган мусиқалар, биз татиб кўрадиган мевалар биз кўллар билан ҳис қиладиган намликлар – буларнинг барчаси мияда «ҳақиқат»га айланадиган таассуротлардир. Аммо у ерда ҳеч қандай ранг, товуш ёки суратлар мавжуд эмас. Биз электр импульслари муҳитида яшаймиз. Бу назария эмас, балки биз ташқи дунёни қай тарзда идрок этишимизга бериладиган илмий бир изоҳдир.
Инсоннинг кўзларидан, қулоқларидан ва бурнидан келадиган стимуляторлар электрокимёвий нерв импульслари сифатида мияга сафар қилади. Биология, физиология ва биокимё китобларида бу тасвирларнинг мияда қандай ҳосил бўлишига доир кўплаб тафсилотларни ўқишингиз мумкин. Аммо сиз уларда ҳеч қачон энг муҳим бўлган бир ҳақиқатга дуч келмайсиз. Бу электрокимёвий нерв импульсларини тасвирлар, товушлар, ҳидлар ва ҳиссий воқеалар сифатида мияда идрок этадиган ким?
Миянинг ичида кўз, қулоқ ва бурунга ҳеч қандай эҳтиёж сезмасдан буларнинг барчасини идрок этадиган шуур мавжуд. Бу шуур кимга оид? Албатта, бу шуур нервларга, ёғ қатламига ва мияни ташкил этадиган нейтронларга оид эмас. Шу сабабдан ҳам ҳамма нарса материядан ташкил топган, деб ишонувчи дарвинчи материалистлар бу саволларга жавоб бера олмаслар.
Чунки бу шуур, Аллоҳ томонидан яратилган руҳдир. Руҳ тасвирларни кузатмоқ учун на кўз, товушларни эшитмоқ учун на қулоққа эҳтиёж сезар. Бундан ташқари, у ўйлаш учун мияга ҳам эҳтиёж сезмас.
Бу ошкора ва илмий ҳақиқатни ўқиган ҳар бир инсон миянинг ичидаги бир неча сантиметр кублик қоп-қоронғи маконда бутун коинотни уч ўлчовли, рангли, сояли ва чароғон қилиб сиғдирган Зот, ҳамма нарсага Қодир Аллоҳ таоло эканини англамоғи, Ундан қўрқмоғи ва Ундан паноҳ изламоғи даркор.

Материалистча бир ишонч

Шу пайтга қадар биз ҳавола этган маълумотлар эволюция назариясининг илмий кашфиётларга мувофиқ эмаслигини кўрсатади. Назариянинг ҳаётнинг келиб чиқиши ҳақидаги даъвоси фан билан узвий боғлиқ эмас, у илгари сурадиган эволюцион механизмлар эволюцион кучга эга ҳам эмас. Жонзотларнинг тош қотган қолдиқлари оралиқ шаклларнинг ҳеч қачон мавжуд бўлмаганини кўрсатади. 
Шу боис, албатта, эволюция назарияси илмий асосланмаган бир ғоя сифатида четга суриб қўйилиши керак. Худди шу йўсинда бутун тариҳдан Ер-марказли коинот модели каби кўплаб ғоялар илм-фан кун тартибидан чиқариб ташланган эди.
Аммо эволюция назарияси фаннинг кун тартибида сақлаб турилмоқда. Ҳатто баъзи кимсалар назарияга қарши қаратилган танқидларни «фанга ҳужум», деб талқин қилишга ҳаракат қиляптилар. Нега?
Бунга сабаб, эволюция назарияси баъзи доиралар учун асло воз кечиб бўлмас догматик бир мафкура эканидадир. Бу доиралар материалистик фалсафага кўр-кўрона берилишган ва улар дарвинизмни табиатнинг амал қилиш усулини тушунтириб бериш учун олға сурса бўладиган ягона материалистик тушунтириш бўлгани сабабли қабул қилишади.
Қизиқ томони шундаки, улар буни баъзан очиқчасига ҳам тан оладилар. Гарвард университетида фаолият юритувчи машҳур генетик ва тўғри сўзли эволюциячи Ричард С. Левонтин ўзининг «биринчи навбатда материалист, кейин эса олим» эканини эътироф этади: Бизни дунёга материалистик нуқтаи назардан тушунтириш беришга мажбур қиладиган нарса илмий услублар ва қоидалар эмас, балки аксинча, материализмга ўзимизнинг содиқлигимиз билан, ички ҳисга қанчалик қарши бўлишидан қатъи назар материалистик тушунтиришларни ишлаб чиқарадиган тадқиқот машинаси ва бир қатор консепцияларни яратишга мажбурмиз. Бундан ташқари, материализм мутлақдир, шунга кўра, биз илоҳий бир ғоянинг саҳнага чиқишига изн беролмаймиз.[19]
Бу сўзлар материалистик фалсафага содиқлик дарвинизмнинг сақланиб келинаётган бир догма эканини очиқ эътироф этади. Бу догма материядан бошқа ҳеч қандай борлиқнинг йўқлигини таъкидлайди. Шу сабабдан ҳам у жонсиз, шуурсиз материя ҳаётни яратган, деб баҳс юритади. У миллионлаб жонли турлар (масалан, қушлар, балиқлар, жирафалар, қоплонлар, ҳашаротлар, дарахтлар, чечаклар, китлар ва инсонлар) ёғаётган ёмғир, чақмоқ яшинлари ва ҳ.к. каби материялар ўртасидаги ўзаро таъсир натижасида жонсиз материядан келиб чиққан, деган даъвони қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Ҳақиқатда эса, бу ҳам ақлга, ҳам фанга тўғри келмайдиган қоидадир. Аммо дарвинчилар худди юқорида айтиб ўтилганидек, «илоҳий бир ғоянинг саҳнага чиқишига изн бермаслик» учун уни ҳимоя қилишни давом эттирмоқдалар.
Тирик жонзотларнинг келиб чиқишига материалистик нуқтаи назардан қарамайдиган ҳар қандай киши бу ошкора ҳақиқатни кўриши табиий: Барча тирик мавжудотлар ҳамма нарсага Қодир Қудратли Зот, барча нарсани Билувчи, Яратганнинг асарларидир. Яратган – бутун коинотни йўқдан бор қилган, унга қусурсиз, энг мукаммал бир шаклни ато этган ва бутун тирик мавжудотларни яратиб шакллантирган Аллоҳ таолодир.

Эволюция назарияси: дунё тарихининг энг кучли сеҳри

Бидъатга берилмаган ва ҳеч қандай бир ғоя таъсири остида қолмаган, фақатгина ўз ақли ва мантиғини ишлатган ҳар қандай киши ҳам билим ва маданиятдан йироқ жамиятнинг хурофотларини ёдга туширадиган эволюция назариясидаги ишонч имконсиз бир ғоя эканини яққол англайди.
Юқорида қайд этиб ўтилгани каби, эволюция назариясига ишонганлар катта бир бочка ичига ташланган бир қанча атом ва молекулалар фикр, ақл юритадиган профессорлар ва университет талабаларини, Эйнштейн ва Галилей каби олимларни, Ҳемфри Богарт, Френк Синатра ва Лучано Паваротти каби санъаткорларни, шунингдек, антилопаларни, лимон дарахтлари-ю чиннигуллар каби ўсимликларни вужудга келтиради, деб ўйлайдилар. Устига-устак, бу бемаъни сафсатага ишонганлар олимлар, профессорлар, маданиятли ва билимдон кишилардир. Шу боис, бу назария учун «дунё тарихининг энг кучли сеҳри» деган ифодани ишлатмоқ жоиздир. Чунки дунё тарихида у каби инсонларни бу даражада ақлдан оздирган, ақл ва мантиқ билан мулоҳаза юритишга имкон бермаган, худди уларнинг кўзини боғлагандек, ҳақиқатни улардан пинҳон тутган бирор-бир ишонч ёки ғоя бўлмаган. Бу ҳатто қадимги мисрликларнинг Қуёш тангриси Рага, Африкадаги баъзи қабилаларнинг тотемларга, Сабаъ халқининг Қуёшга, Иброҳим алайҳиссалом қавмининг ўз қўллари билан ясаган бутларига, Мусо алайҳиссалом қавмининг олтиндан ясалган бузоққа сиғинишларидан ҳам ёмонроқ ва ақлга сиғмас даражадаги сўқирликдир.
Аслида, Аллоҳ таоло бу ақлсизлик ҳақида Қуръонда таъкидлаб ўтган. Аллоҳ баъзи инсонларнинг қалблари ёпилажаги ва улар ҳақиқатни кўришга ожиз бўлиб қолажаклари ҳақида бир қанча оятларда хабар берган. Бу оятлардан баъзилари қуйидагилардир:
“Ҳақиқатан, кофир бўлганлар – уларни огоҳлантирсангиз ҳам, огоҳлантирмасангиз ҳам, уларга барибир – имон келтирмагайлар. Уларнинг қалблари ва қулоқларига Аллоҳ муҳр уриб қўйган. Кўзларида эса, парда (бор). Улар учун улкан азоб (тайёрлаб қўйилгандир)”.[20]
“Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.[21]
* Оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда. Уларнинг куфрда бўлишларини азалдан билгани ва шундай бўлишига ирода этгани сабабли Аллоҳ таоло “уларни жаҳаннам учун яратганман” - деб хабар бермоқда. Демак, жаҳаннам йўлини танлаганларнинг ўзлари бунга сабабчи экан. Зеро, ўз ихтиёрлари билан нима иш қилишларини Ҳақ таоло азалдан билган ва тақдирга битиб қўйган. Аллоҳ таоло ҳеч кимни ҳеч қачон куфр ёки гуноҳ ишларга мажбурий равишда ундамайди (Абдулазиз Мансур изоҳи).
“Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, «шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз», – деган бўлур эдилар”.[22]
Бу сеҳрнинг шунчалик кенг жамиятни асоратда ушлаб тургани, инсонларни ҳақиқатдан нақадар йироқда тутгани ва унинг 150 йил мобайнида ўзгармагани қанчалик ҳайратланарли эканини сўзлар билан ифодалаб бўлмайди. Бир ёки бир неча одамнинг имконсиз сенарийларга, бемаънилик ва мантиқсизлик билан тўла даъволарга ишониши мумкинлигини тушунса бўлар. Аммо шуурсиз ва жонсиз атомларнинг тўсатдан бирлашишга қарор қилиб тартиб, интизом, ақл ва шуурли бир бенуқсон тизим билан ишлайдиган коинотни, ҳаёт учун уйғун, ҳар турли хусусиятлар соҳиби бўлган Ер деб аталмиш сайёрани ва беҳисоб мураккаб тизимлар билан тўла жонли мавжудотларни пайдо қилганига ишонадиган бутун дунё одамлари учун унинг «сеҳр» эканлигидан бошқа бир изоҳ йўқ.
Аслида Қуръон Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўртасидаги воқеани атеистик фалсафаларни қўллаб-қувватловчи баъзи кимсалар бошқаларга афсун орқали таъсир қилишларини кўрсатиш учун ҳикоя қилади. Фиръавнга ҳақиқий дин ҳақида айтилганда, у Мусо алайҳиссаломга ўз афсунгарлари билан баҳслашишни буюради. Мусо алайҳиссалом улар билан учрашгач, уларга ўз қобилиятларини биринчи бўлиб намойиш қилишларини айтади:
“(Мусо): «Ташлангиз!» – деди. Бас, ташлаган эдилар, одамларнинг кўзларини сеҳрлаб, уларни чўчитиб юбордилар – улкан сеҳр келтирдилар”[23].
Кўриб турганимиздек, Фиръавннинг сеҳргарлари Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганлардан ташқари барчани алдай олдилар. Аммо Мусо алайҳиссаломнинг далили сеҳрнинг таъсирини йўқотди ёки худди кейинги оятларда таъкидланганидек, «уларнинг сохта (илон)ларини комига торта бошлади».
“Мусога: «Асоингни ташла!» – деб ваҳий қилдик. Бирдан у (аждаҳога айланган асо) уларнинг сохта (илон)ларини комига торта бошлади (юта бошлади). Бас, ҳақиқат воқе бўлди, уларнинг қилган ишлари эса ботил (барбод) бўлди”.[24]
Оятда қайд этилгани каби, одамлар ўзларининг сеҳр таъсири остида қолганликларини ва кўрган нарсалари бир иллюзия эканини англаб етишгач, Фиръавннинг афсунгарлари бор ишончни йўқотдилар. Бугунги кунимизда ҳам, шунга ўхшаш афсун таъсири остида қолган ва илмий ниқоб остидаги бемаъни даъволарга ишониб, бутун умрини уларни ҳимоя қилишда ўтказган кимсалар ўз хурофий ғояларидан воз кечмас экан, улар ҳам ҳақиқат юзага чиққанда ҳамда афсуннинг кучи кетганда таҳқирланадилар. Аслини олганда, дунёга машҳур инглиз ёзувчиси ва файласуфи Малколм Маггиридж ҳам шундай таъкидлаган эди:
“Ишончим комилки, эволюция назарияси, айниқса, унга тегишли бўлган соҳалар, келажакдаги тарих китобларида энг буюк латифалардан бири бўлиб қолгусидир. Келажак авлод бу қадар асоссиз ва шубҳали бир гипотеза (фараз, тахмин, гумон)нинг ҳаддан ташқари ишонувчанлик билан қабул этилганини ҳайрат ила қарши олгусидир”[25].
Бу келажак узоқ эмас, аксинча, одамлар тез орада «тасодиф»нинг илоҳ эмаслигига шоҳид бўларлар ва орқага, эволюция назариясига дунёдаги энг катта ёлғон ва энг даҳшатли сеҳр сифатида назар ташларлар. Бу сеҳр бутун дунё инсонларининг гарданидан аллақачон ағдарилишни бошлаган. Унинг ҳақиқий башарасини кўрган кўплаб инсонлар бу алдамчи сеҳрга қай тарзда илакишиб қолишганидан ҳайрат ва таажжубдалар.

________________________________________
[1] Sidney Foks, Klaus Douz, Molecular Evolution and The Origin of Life (Molekulyar evolyutsiya va hayotning paydo bo’lishi), W. H. Freeman and Company, San Frantsisko, 1972, 4.
[2] Aleksandr I. Oparin, Origin of Life (Hayotning paydo bolishi), Dover Publications, Nyu-York, 1936, 1953 (qayta nashri), 196.
[3] «New Evidence on Evolution of Early Atmosphere and Life» (Ep atmosferasi va hayotning evolyutsiyasi xususida yangi dalillar), Bulletin of the American Meteorological Society, 63-jild, noyabr, 1982, 1328-1330.
[4] Stenli Miller, Molecular Evolution of Life: Current Status of the Prebiotic Synthesis of Small Molecules (Hayotning molekulyar evolyutsiyasi: kichik molekulalarning biologiyagacha bolgan sintezining hozirgi holati), 1986, 7.
[5] Jeffri Bada, Earth (Yer), fevral 1998, 40.
[6] Lesli E. Orgel, «The Origin of Life on Earth» (Yerda hayotning paydo bolishi), Scientific American, 271-jild, oktyabr, 1994, 78.
[7] Charlz Darvin, The Origin of Species by Means of Natural Selection, The Modern Library (Tabiiy tanlanish vositasida turlarning kelib chiqishi, zamonaviy kutubxona), Nyu-York, 127.
[8] Charlz Darvin, The Origin of Species: A Facsimile of the First Edition (Turlarning kelib chiqishi: birinchi nashr faksimile), Harvard University Press, 1964, 184.
[9] B. G. Ranganasan, Origins? (Kelib chiqishlar?), Pensilvaniya: The Banner of Truth Trust, 1988, 7.
[10] Charlz Darvin, The Origin of Species: A Facsimile of the First Edition (Turlarning kelib chiqishi: birinchi nashr faksimile), Harvard University Press, 1964, 179.
[11] Derek A. Ajer, «The Nature of the Fossil Record» (Qazilma hayvon qoldiklari tabiati), Proceedings of the British Geological Association, 87-jild, 1976, 133.
[12] Duglas J. Futuyma, Science on Trial (Sinovdagi fan), Pantheon Books, Nyu-York, 1983. 197.
[13] Solli Zukerman, Beyond The Ivory Tower (Fil suyagi minorasidan tashqarida), Toplinger Publications, Nyu-York, 1970, 75-14; Charlz E. Oksnard, «The Place of Australopithecines in Human Evolution: Grounds for Doubt» (Inson evolyutsiyasida Australopithecines ning oъrni: shubhaga asoslar), Nature, 258-jild, 389.
[14] «Could science be brought to an end by scientistsъ belief that they have final answers or by societyъs reluctance to pay the bills?» Scientific American, dekabr 1992, 20.
[15] Alan Uolker, Science, 207-jild, 7 mart 1980, 1103; A. J. Kelso, Physical Antropology (Tabiiy antropologiya), 1-nashr, J. B. Lipincott Co. , Nyu-York, 1970, 221; M. D. Likey, Olduvai Gorge, 3-jild, Cambridge University Press, Kembrij, 1971, 272.
[16] Jeffri Kluger, «Not So Extinct After All: The Primitive Homo Erectus May Have Survived Long Enough To Coexist With Modern Humans» (Butunlay yoqolib ketgani yoq: Ibtidoiy Homo Erectus Zamonaviy insonlar bilan bir vaqtda yashash uchun uzoq vaqtlardan buyon jon saklab kelgan), Time, 23 dekabr, 1996.
[17] S. J. Gould, Natural History (Tabiiy tarix), 85-jild, 1976, 30.
[18] Solli Zukerman, Beyond The Ivory Tower (Fil suyagi minorasidan tashqarida), 19.
[19] Richard Levonshn, «The Demon-Haunted World» (Arvoh oralagan dunyo), The New York Review of Books, 9 yanvar, 1997, 28.
[20] Бақара сураси, 6 – 7-оятлар.
[21] Аъроф сураси, 179-оят.
[22] Ҳижр сураси, 14 – 15-оятлар.
[23] Аъроф сураси, 116-оят.
[24] Аъроф сураси, 117 – 118-оятлар.
[25] Malkolm Maggeridj, The End of Christendom (Nasroniy dunyosining yakuni), Grand Rapids: Eerdmans, 1980, 43.