Беқиёс бунёдкор

Эйфел минораси – Парижнинг рамзи. Унинг қурилиши 1889 йилда бошланиб, 26 ой давом этган. Миноранинг баландлиги 321 метр. У қирқ йил давомида дунёдаги энг баланд иншоот бўлиб келган.

Ташқи кўришинидан анча нозик ва енгил бўлиб туюлса-да, унинг оғирлиги 9000 тоннани ташкил этади. Ушбу минорани бунёд этиш учун жуда кўп меъморлар ва қурувчилар тер тўкишган. Гарчанд ўша одамларни кўрмаган бўлсангиз-да, ушбу минора кимдир томонидан қурилганига шубҳа қилмайсиз.

Агар сизга бирон кимса шу минора ўрнида бир пайтлар темир-терсаклар уюми бўлгану, кунларнинг бирида портлаш юз бериб, оқибатда унинг ўрнида минора пайдо бўлиб қолган деса, бу гапнинг бемаънилигига асло шубҳа қилмаган бўлардингиз. Дунёдаги барча меъморий обидаларнинг ўз яратувчилари — меъморлари бўлган. Тож маҳал, Буюк Хитой девори, Қадимги Рим Колизей театри, Рашмор қоясига ўйиб ишланган АҚШнинг тўрт президенти тасвири ёхуд Миср эҳромлари... Мазкур меъморий обидаларнинг барчаси ўта синчковлик билан лойиҳалаштирилиб бунёд этилган ҳамда минглаб усталар ва ишчиларнинг машаққат чекишини талаб этган. Ҳатто Буюк Британиянинг Стоунхэж ҳудудидаги тош иншоотлар ҳам бу ерда қачонлардир қадимий ҳазора — цивилизация бўлганидан далолат беради. Мазкур мисолларнинг барчаси оддий бир ҳақиқатни кўрсатади – ҳар бир иншоот хоҳ у кичик бўлсин, хоҳ катта, кимдир томонидан аниқ лойиҳа билан ишлаб чиқилган ва бунёд этилган. Демак, бизнинг чексиз коинотимиз, табиатнинг ўта аниқ ва бузилмас қонунлари ва ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга бўлган миллионлаб турдаги жониворларни тасодифан ёки эволюция жараёнида пайдо бўлган дейишимиз, худди Эйфел минораси портлаш оқибатида ўз-ўзидан вужудга келган, деган фикрдек бемаънидир. Танамизнинг шакли ва тузилишидан тортиб коинотнинг инсон тасаввурига сиғмас даражадаги бепоён масофаларигача ҳукмрон бўлган аниқ тартиб-интизом, албатта, кимдир томонидан яратилган бўлиши лозим. Буларнинг барчасини яратган ва ҳар бир заррасигача тартибга солиб қўйган Зот — чексиз қудрат соҳиби Аллоҳ таолодир. Оламдаги сон-саноқсиз белги аломатлар Аллоҳнинг борлигидан ва нақадар улуғ Зот эканидан далолат беради. Инсонга ана шу белги аломатларни идрок эта олишга қодир ақл берилган. Қуръони каримда Аллоҳ мазкур аломатлар инсон ҳаётининг ҳар лаҳзасида учрашини марҳамат қилади.

«Албатта осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб турган кемаларнинг (сузишида) ва Аллоҳ осмондан туширган – сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бир жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган – сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтиришида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда – (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир». («Бақара», 164-оят).