Мажруҳ қизнинг покиза қалби

Аллоҳу акбар! Кар ва соқов бўлган бу қизнинг иймони нақадар тоза, холис ва самимий экан

Сумая – ёш, дилкаш ва дилбар қиздир. У икки йил олдин Исломни қабул қилиб, муслима бўлди. Унинг турмуш ўртоғи ҳам яқинда Исломга кирганлардан ва айни вақт улар Россияда яшашади. Исломни қабул қилмасдан олдин унинг исми Саша эди. Бироқ, бу воқеанинг нозик бир тарафи ҳам бор... У қиз ҳеч нарса эшитмайдиган кар ва ҳеч нарса гапира олмайдиган соқовдир. Мен имконияти чекланган оадмлар билан ишлаганим боис у олдимга келиб дин ҳақида кўпроқ нарсалар билишни истарди. Биз жуда кўп мавзуларда суҳбатлашдик. Суҳбатларимизнинг кўпи жуда таъсирли бўлар эди. Сумая билан мулоқатимиздан сўнг унинг ажойиб тақдири ҳақида сизларга ҳам сўзлаб беришни истадим...

Сумая, илтимос ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз, қаерда ва қайси оилада туғилгансиз?
Мен оддий оилада таваллуд топганман ва оилам билан Ленинград шаҳрида яшаганмиз. Ўн уч ёшга тўлганимда Эстонияга кўчиб ўтганмиз. У ерда менинг дадам ишлар эди. У доим у ёққа бориб ишлаб, қайтиб келар эди. Ўқишим ниҳоясига етгач, у бизни бу ердан Эстонияга олиб кетди. Шундан бери ва ҳанузгача ота-онам Эстонияда яшайди.

Сумая, сиз оддий мактабда ўқиганмисиз ёки махсус мактабда?
Мен Санкт-Петербургдаги карлар учун махсус интернат-мактабда ўқиганман. Мактаб уйимиздан анча узоқда жойлашган эди.

Ёшлигингиз қандай ўтган? Ислом ҳақида бирон нарса билармидингиз?
Ёшлигим Интернатда ўтди, фақат дам олиш кунлари уйга олиб келишар эди. Қариндошларим билан жуда кам кўришганман ва яшайдиган шаҳримда дўстларим ҳам йўқ эди. Уйга келганимда жуда зерикар эдим, чунки мулоқат қилишга одам йўқ эди. Уйимизда ҳам менинг тилимни ҳеч ким тушунмасди. Ислом ҳақида эса, ҳеч нарса билмаганман, ҳатто унинг қандай дин эканини ҳақида ҳам умуман тушунчам йўқ эди.

Ислом ҳақида маълумотга қачон эга бўла бошладингиз?
Эстонияга келганимизда, бир қиз билан танишиб қолдим. У ҳам кар эди. Биз чеварлик дарсига бирга қатнар эдик. Чеварлик дасрлари уч ой давом этди. Шу орада биз жуда иноқ дугоналарга айланишга улгурдик. Ўшанда илк бор Ислом ҳақида ундан эшитган эдим. Унинг ҳам миллати рус бўлиб, Исломни қабул қилган муслималардан эди. Эри эса турк бўлиб, у ҳам эшитмайдиган кар эди. У менга пайғамбарлар тарихини сўзлаб берди. Ва Исломда чўчқа гўштини ейиш харом, деб айтди. Гуноҳ бўлар экан. Ва ҳар куни беш марта намоз ўқиш кераклиги, чекиш, ичиш мумкин эмаслиги ва яна жуда кўп нарсалар ҳақида айтиб берди. Мен уни жуда катта қизиқиш билан тинглар эдим. Мен дин танлашда жуда қийналдим. Миям ачиб кетай деди, нима қилишни билмас эдим. Сўнг ота-онамга Ислом динини қабул қилмоқчи эканимни билдирдим. Албатта, улар қарши бўлишди. Қисқача қилиб айтадиган бўлсам, улар Ислом ўта талабчан дин, сенга буларнинг нима кераги бор дейишди. Ота-онам доим чўчқа гўштидан таом тайёрлар эди. Мен эса, уларни емас эдим. Онам мажбур қилишларига қарамай барибир емас эдим. Отна-онамнинг айтишига кўра, мол гўшти қимматлиги учун доим чўчқа гўштини сотиб олишар экан.

Сиз қачон Исломга қатъий равишда кириш ҳақида қарор қилдингиз?
Исломни қабул қилишга қарор қилганимда ёшим йигирма учда эди. Мен бу динни бошқа динлар билан қиёс қилиб кўриб, Исломнинг нақадар соф дин эканини тушуниб етдим. Ислом сенга зарар қиладиган барча нарсаларни харом қилган экан. Ростини айтсам, калимаи шаҳодатни айтиб ҳам Исломнинг кўп фарзларини адо қила олмадим. Чунки, ота-онам на намоз ўқишимга, на ҳижобда бўлишимга рухсат беришмасди.

Қандайдир муаммоларга дуч келдингизми? Сизнинг қарорингизга яқинларингиз қандай қабул қилишди?
Яқинларим, албатта қарши бўлишди, улар ҳозир ҳам қарши, ҳалигача тинчигани йўқ. Исломга киришимга сабаб бўлган дугонам уйига бориб, дугонам ва эрига гўёки улар мен ўз динларига оғдириб олганлик айбини қўйиб, жанжал кўтаришди ва шунга ўхшаш бошқа воқеалар ҳам бўлган. Бироқ бу қарорга ўзим келганман, ҳеч ким мени мажбурлаган эмас. Уйда ҳам кўп қийинчиликлар бўлган. Нормал овқатлана олмас эдим, чунки таомларимиз асосан чўчқа гўштидан тайёрланар эди. Намозни ҳам дуруст ўқий олмасдим, чунки уйимизда ит бўлиб ҳамма нарсани булғаб, жиддий равишда халақит берар эди. Ота-онам ҳам доим кузатиб турар эди, нима қиляпман, қандай қиляпман ва ҳк.

Ислом ҳақида билим олишингизда ким ёрдам беряпти?
Асосан эрим ёрдам беради. Ва китоблар кўп ўқийман, тушунмаган жойларимни устозимдан сўраб ўрганаман.

Ислом ҳақида қизиқаётган, лекин уни қабул қилишга ўзида куч топа олмаётганларга нима дер эдингиз?
Агар тўғрисини айтадиган бўлсам, мен бир нарсани ҳеч тушунмайман. Ислом ҳақида айтилган ҳамма нарсани эшита оладиган, тушунишга имкони бўлган, тушунмай қолганида сўрашга, гапиришга тили борлар қандай қилиб Исломнинг гўзаллиги, софлиги ҳақида шубҳага боришар экан-а? Хатто, қар ва соқовлар Исломнинг ҳақлигини билиб, бу Ҳақни қабул қилмаяптиларми, ахир?! Иймон келтиришга, Ҳақни қабул қилишга  журъат эта олмаётганлар ўз қалбларига қулоқ тутиб, бир дақиқа бўлса ҳам фикр қилиб кўришсин-чи... Бизни ким яратган? Нима мақсадда яралганмиз? Қаерга қайтамиз?
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга бошласин! Омин!

Ўз шаҳрингизга қайтармидингиз?
Бир тарафдан олиб қарасак, қайтгим келади... Ота-онам, яқин қариндошларимни кўргим келади-да. Уларда диним ҳақида ёмон тасаввур бўлмаслиги ва мен бу ерда маҳбуса эмаслигимни билишларини ҳам истайман. Агар сиз ўз шаҳринга бутунлай кетишни истайсанми деб сўрасангиз... йўқ, деб жавоб берган бўлар эдим. Менга бу ер жуда ёқади. Бу эрда жуфти ҳалолим, дўсти-биродарларим бор ва бу ерда мен ибодатларимни бемалол бажара оламан, ҳеч ким менга тўсқинлик қилмайди.

Ота-онангизга нимани истаган бўлардингиз?
Ота-онам мени ва мен иймон келтирган динни тушунишларини бутун қалбим билан истайман. Уларга Исломнинг бутун бор гўзаллигини оддий инсоний тилда тушунтириб бера олмаётганимдан жуда кўп афсусланаман. (Эй, қулоғи, тили ва бошқа имкониятлари борлар эшитяпсизларми, кўряпсизларми? Ибрат оляпсизларми? –   Абу Муслим) Сенинг тилингни бошқалар тушунмаса нақадар қийин-а? Шу маҳал Сумаянинг кўзларидан ёш оқиб кетди... унга қараб, мен ҳам йиғлаб юбордим.

“... Аллоҳу акбар! Кар ва соқов бўлган бу қизнинг иймони нақадар тоза, холис ва самимий экан”, дедим ичимда..

Зайнаб Дадаева
Абу Муслим таржимаси