Янги мақолалар

Статистика: Олмония аҳолиси муҳожирлар ҳисобига кўпаймоқда

Олмон федерал статистик бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Олмония аҳолиси фақат муҳожир ва қочқинлар ҳисобига кўпаймоқда. Маҳалий олмонлар эса, тўхтамасдан камайиши давом этмоқда.


Аҳмад Дийдот

Ўқиш учун бўлимга киринг

Кириш...

Яҳудийлар Ислом ерларида ва мусулмонлар Исроилда

Бу мақоланинг номи норозиликлар келтириши мумкиндир, лекин, ҳақиқатда уни ёзиш қийин бўлди. Яҳудийларнинг ўтмишда мусулмон мамлакатларида қандай ҳаёт кечиришгани ва ҳозирги кунда, мусулмонларнинг Исроил ҳудудида қандай яшаётганини бир неча сатрларда қай тарзда қисқа ва лўнда ифодаласа бўлади? Қўйилган бу мақсадга эришиш, Яқин Шарқда рўй бераётган, тушунмовчиликларга олиб келувчи ва шунинг билан бирга асосли муҳокамага ёрдам бермайдиган, вазиятлар билан янада мураккаблашади. Бироқ, Исроил ва мусулмон мамлакатларидаги озчиликнинг (рус тилида “меньшинство”) ҳолатини ўрганиш ихтилофнинг асл моҳиятини англаб етишимизга ёрдам беради.

Мазкур муаммо ва унинг аҳамияти тўғрисида ёрқин тушунча берувчи бир қанча тарихий далиллар ва мулоҳазаларни китобхонлар эътиборига тақдим этамиз. Бунда мусулмонлар тарихининг икки даври – Андалусия ва Усмонлилар давлати тарихига қисқача тўхталиб ўтиб, сўнгра Исроилдаги озчилик бўлган мусулмонларнинг ҳолатини кўриб чиқишга ўтамиз.

Андалус ёки тинч-тотувликда яшаш даври

Нуфузли тарихчиларнинг таъкидлашича, Андалус даври – яъни, Испания ва Португалияда 711 йилдан 1492 йилгача бўлган мусулмонлар бошқаруви асосан уч дин вакилларининг бирга тотувликда яшашига имконият яратиб берган тинчлик ва бағрикенглик (толерантлик) даври бўлган. Европа жаҳолатга чўмган даврда, Андалус маданий ва интеллектуал ҳаёт маркази сифатида довруқ қозонди.
У ҳудудларга ўрнашиб олгач, мусулмонлар ўша жойда бардошлилик ва келишиб кетишлик муҳитини ўрнатишга ҳаракат қилишган. Бу асосан яҳудийларга бўлган муносабатда кўзга ташланади. Вестготлар даврида “жамиятдан четлатилганлар” сифатида яшовчи яҳудийлар, Ториқ ибн Зиёднинг 711 йилда Иберий яримороли фатҳидан энг кўп фойда топганлар қаторида эдилар. Вестготлар қироли Арвиг (680-687 йилларда ҳукм сурган) ҳаттоки ўз қироллигида “яҳудийлар касаллиги”га барҳам бериш таклифи билан чиққан. [1] Бундан  Испанияда мусулмонларни нима учун  халоскор сифатида қарши олишганини тушуниб олса бўлади.[2] Бундан ташқари, яриморолда яҳудийлар жамияти равнақи айнан ушбу тарихий бурилиш палласидан кейин бошланган.
Яҳудийларнинг сони асосан Шимолий Африка ва Осиёдан кўплаб оилаларнинг иммиграцияси туфайли тез суръатларда ўсди. Аъзолари савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва тиббиёт билан шуғулланувчи яҳудийлар хонадони бошқа китоб аҳллари билан тинчликда яшаб тараққий қила бошладилар.
“Шу тарзда, араб-ислом маданий ривожида иштирок этиб борган Андалусия яҳудийлари Умавийлар халифалиги ва майда амирликлар даврида ҳақикий “олтин аср”ни бошдан кечиришган. Интеллектуал ва маданий муносабатларда ушбу давр ўрта аср яҳудо дини тарихида энг ёрқин давр бўлган”, - деб ёзади Мерседес Гарсия-Арсенал [3].
Яҳудийлар, мусулмон давлатида эркин эътиқодларидан ва эркин фикрлашдан барҳаманд бўлиб келишган бундай ҳолат эса олдинги (бунгача бўлган) даврларида бўлмаган. Шунинг билан биргаликда, Андалусия яҳудийлари ўз қадимий меросларини ва иброний тилини ривожлантира олганлар, бу эса уларга давлатнинг маданий ва интеллектуал ҳаётида иштирок этишига тўсқинлик қилмаган. Бундан фарқли равишда америкалик ва европалик яҳудийлар давлатнинг шундай жараёнларида қатнашиш эвазига  ўз динларидан воз кечишган”[4].
Озчилик яҳудийларга кўплаб соҳаларда ниҳоятда кўп ҳуқуқлар инъом этилган ва бу уларнинг умумий уюшмага уюшишига ва ҳаттоки, айрим шаҳарларда аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил қилишига имкониятлар яратиб берган. Гранадада яҳудийлар шу даражада кўпсонли бўлишганки, ҳатто Х аср араб солномачиси шаҳарни “Яҳудий Гранадаси” деб атаган. Ва тағин Кордова узоқ вакт давомида Талмудни тадқиқот қилиш маркази ҳисобланган. Мусулмон подшоҳлари ҳимояси остида яҳудийлар ўзларининг қонунлари бўйича яшаганлар ва ўзларининг суд идорасига эга бўлишган [5].
Шундай қилиб, хулоса қилиш мумкинки, давлат ҳимояси остидаги “зиммий” [6] нинг ҳуқуқий ҳолати  Андалус яҳудийлари (шунингдек, христианлар) ҳаёт тарзининг яхшиланишига имкон берган. Эпизодик хусусият касб этган аҳамиятсиз низоларни, хусусан 1066 йил Гранадада бўлгани кабиларни бўртириб кўрсатмаслик керак. Шунингдек, ушбу фактга эътибор қаратиш лозимки, христиан ва яҳудийлар билан бўлган бир қатор кескинликларнинг ўсиши Алморавийлар ва Алмохадилар сулоласи ҳукмронлиги даврида кўзга ташланади. Аммо ушбу кескинлашув берберлар сулоласининг шимолдан мусулмон давлатини босиб олишга тараддудланаётган  христианлар ҳужумини тўхтатиш ташвиши билан ўзаро боғлиқ бўлган.
1492 йил Янги Дунёни кашф қилиниши ва бошқасининг қулашини нишонлади. Бу – Гранадани, Иберий яриморолидаги Исломнинг охирги таянчини қўлдан бой берилган йил эди. Шунингдек, 1492 йил 21 мартда католик монархининг буйруғи асосида Испаниядан яҳудийларнинг оммавий қувғин қилиниши йили эди. Худди шундай яҳудийларнинг қувғини ва бошқа жойга кўчиб ўтиши жараёни жанубий Италия, Прованс ва герман князликларида содир бўлди. Ўз-ўзидан аёнки, сургун қилинганлар ўзларига янги жой сифатида Ислом ҳудудларини – Шимолий Африка, ва асосан, Усмонлилар империясини танлашди. 1534 йилда кўчиб кетишга ноилож бўлган Португалия яҳудийлари ҳам худди шу йўналишни танлашган.

Усмонлилар салтанати – нажотбахш (нажот берувчи) бошпана

Яҳудийлар учун Европа яна қийин давр бўлди. Улар мададни Усмонийлар салтанатида топишди. У ерда уларнинг диний, иқтисодий ва маданий ҳаётига тўсқинлик қилинмади. Деярли ҳар бир шаҳарда Ғарбдан “оқиб” келган яҳудий жамоаси бўлган [7]. Европадан олдинроқ қочиб келган яҳудийлар эса, мусулмон салжуқийлар давлати (1077-1246) ҳудудларида аллақачон ўрнашиб бўлишган ва мусулмонлар билан ўзаро хурмат кайфиятида яшаганлар.
Константинопол (ҳозирги Истанбул) фотиҳи, усмоний султон Махмуд II (1432-1481), яҳудийларга молиявий кўмак бериб турган. Султон Ғалата, Балта, Хаской, Бахче-капа каби ҳудудларда яшовчи яҳудийлардан олинадиган солиқларни сезиларли даражада камайтирган; шунингдек, султон уларга кўплаб янги диний иморатларини қуришга рухсат берган.
Яҳудийларнинг Испания ва Португалия (сефардлар), Шимолий, Марказий ва Шарқий Европадан (ашкенази) эмиграцияси уларни таъқибга олинган даврида давом этиб келган. Қувғиндаги бир яҳудий шундай деган: “Султон Боязид ўз аждодлари йўлидан борди ва ундан қайтмади: бу Авраам (Иброхим – тарж.) фарзандлари учун яхшидир. Агар акси бўлганида эди, Испания оқибатидан кейин Исроил ва Яҳудийлардан ҳаттоки уларнинг исмлари ҳам қолмасди. Турк подшоҳи Султон Боязидга Испаниядан яҳудийлар қувғин қилингани ва уларнинг бошпана излашаётгани ҳақида хабар қилишганида, у ўз қўл остидагиларига яҳудийларни қабул қилишга буйруқ берди” [8].
Европа колониялар ва оммавий ишлаб чикариш ортидан ривожланаётган бир пайтда Усмонийлар салтанати билан музокараларда қатнашаётган бир қанча европалик-антисемитлар туркларга  босим бера бошладилар. Уларнинг талаби шу эдики, турк султони яҳудийларга халқаро савдо ва катта молиявий жараёнларда иштирок этишни тақиқлаши керак эди. Аммо бу талаблар қондирилмади ва яҳудийлар хотиржамликда яшашни давом эттираверишди. Усмонийлар империяси яҳудийлари эркин эътиқод ва мустақил суд системасига эга бўлишган; яҳудийлар жамиятининг вакиллари, кўплаб яҳудий шифокорлари мусулмон шериклари билан бирга султон саройида хизмат қилишган.
Шу вақт ичида яҳудийлар ибодатхоналари, яҳудий мактаблари ва қабристонлари қурилди, таниқли руҳонийлари юзага келди. Яҳудий маданияти Измир каби шаҳарларда жуда ривож топган. Яҳудий халқи 60 фоизни ташкил қилган Салоники шаҳри, ХVI асрда Усмонийлар империяси яҳудийларининг пойтахтига айланган.
Султон Маҳмуд II (1808-1839) ҳукмронлиги даврида расмий равишда, мусулмонлар ва номусулмонлар ўртасида тенглик эълон қилинди. Ҳарбий хизматга олина бошланган [9]. Иккинчи жаҳон уруши даврида эса Истанбулда яҳудийлар уюшмаси фаолият юргизган бўлиб, унинг вазифаси ўз диндошларини таъқиблардан ҳимоя қилиш бўлган [10].

Исроилдаги мусулмонлар: озчилик ҳавф остида

Яҳудийларга мусулмонлар ўлкасида кўрсатилган бағрикенгликдан фарқли тарзда, 1948 йил 15 майда ташкил қилинган Исроил давлати ҳудудида яшовчи арабларнинг аҳволи бутунлай бошқача. Ўша кундан бошлаб, озчилик мусулмонлар [11] яҳудийлар давлатида 2-тоифа (сорт) фуқаролари ҳисобланган ҳолда камситилиш шароитида яшамоқда.
Исроилда яшовчи араблар – бу 1948-1949 йилларда таъқиб даврида кўчиб кетмаган фаластинликлардир. Уларнинг сони қадимдан 160 минг кишини ташкил қилган бўлса, 1994 йилда – 900 минг атрофида, ҳозирги кунда эса таҳминан 1,5 млн., Исроил халқининг 20 фоизини ташкил қилишади. Мусулмонлар асосан Галилея ва Исроилнинг шимолида тўпланишган. Мусулмонлардан ташқари Исроилда бошқа озчилик ҳам мавжуд – христианлар (аҳолининг 15 фоизи) ва друзлар (10 фоиз) [12] – уларнинг ҳолати ҳар доим қийин бўлиб келган.
1996 йилгача  улар ҳарбий юрисдикция остида яшаб келишган.  Уларга кўплаб тақиқлар қўйилган: комендант соати (тарж.- ҳарбий ёки қамал шароитида кўчаларда рухсатсиз юриш ман қилинган соатлар), яшаб турган жойини ўзгартиришга рухсатнома талаб қилишган, уларни уй қамоғида сақлашган, улар армияда хизмат қилиш ҳуқуқига эга бўлишмаган, уларнинг ерларини эса давлат тортиб олди.
Ишсизлик даражаси араблар орасида бутун мамлакат миқёсида ўрта ҳисобда 4 баробарга ошди. Аста-секин Исроил араблари Ғазо сектори ва Ғарбий қирғоқдаги ўзларининг маслакдошлари билан ҳаракат қила бошладилар. Фаластинликларнинг миллий ўзлигини англаш жараёни ўсиши уларга истилочиларга қарши курашда ёрдам берди. Шундай тарзда, 1976 йил 30 мартда Исроил фаластинликлари давлат томонидан уларнинг ерлари мусодара қилинишига қарши норозилик намойишига чиқдилар. Кейин эса вазият қон тўкилишига олиб келди ва натижада 6 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳат олишди. Бу воқеа Исроилнинг хиёнатини эслатган ҳолда, мусулмонларнинг онгига таъсир қилиб келмоқда ва ҳар йили Фаластинда бўлганидек, бутун дунёда нишонланиб келинади.
Аҳолининг ушбу қисмининг вазияти кейинги йилларда фақат ёмонлашди. Озчилик арабларнинг ҳаётидаги энг даҳшатли ҳодисалардан бири 2000 йил октябрь бошларида уларнинг бошига ёғилган шафқатсиз репрессия (жазо) бўлди. Генерал Ариэл Шароннинг 2000 йилнинг 28 сентябрида Ал-Ақсо масждига ташрифи фитна ва иғво чиқарди. Бу эса фаластинликларни ғазаблантирди ва кўплаб қурбонликларга сабаб бўлган иккинчи Интифада (фаластинлик ҳаракт – тарж.) нинг бошланишига олиб келди. Фақат Исроил армиясининг 3 кунлик қирғини давомида 30 киши ҳалок бўлди ва 500 кишидан кўпи жароҳатланишди.
Араблар шаҳидларга бирдамликларининг изҳори сифатида оммавий тарзда кўчаларга чиқишди. Яна бир марта таъкидлаймизки, қурбон бўлганлар сони жуда катта бўлган, лекин Исроил ҳукумати фуқаролик ҳуқуқини поймол қилувчи ҳаракатни қилди: ҳеч бир хавфсизлик хизмати офицери, ҳеч бир полиция хизматчиси мазкур можоро билан боғлиқ қонунга қарши ҳаракати учун жазоланмади [14].
Шу билан биргаликда, фаластинликларга бўлган муносабатдаги расизм [15] (ирқчилик), яҳудий жангчилари билан тўқнашувлар ва зиддиятлар, шу пайтгача бўлмаган юқори даражага кўтарилдики, келажак ниҳоятда қоронғи кўринади.
Бу кичик мақола, қисман бўлса ҳам, ўтмишда Ислом ерларидаги яҳудийларнинг ва бугунги Исроилдаги мусулмонларнинг чинакам аҳволини тасвирлаб беради. Кўпчилик Ислом ва мусулмонларни антисемитизм ва юдофобияда айблаб турган бир пайтда, бу мақола ҳақиқатни юзага чиқаришда фойда бўлиши мумкин.

Изоҳлар:

[1] Denis Menjot, Les Espagnes médiévales, 409-1474, Paris, éd. Hachette supérieur, 2001, pp. 33-34.
[2] E. Lévi-Provençal, Histoire de l’Espagne musulmane. Tome 1. La conquête et l’émirat hispano-umaiyade, Paris, éd. Maisonneuve et Larousse, 1999, p. 6.
[3] Mercedes Garcia-Arenal, La Diaspora des Andalousiens, Aix-en-Provence : Edition Edisud, 2003, p. 33.
[4] Maria Rosa Menocal, L’Andalousie arabe. Une culture de la tolérance. VIIIe-XVe siècle,Paris, Edition Autrement, 2003, p. 75.
[5] Zakia Daoud, Gibraltar croisée de mondes. D’Hercule à Boabdil,Paris, Edition Séguier, 2002, p. 138.
[6] Зиммий – мусулмон давлати ҳудудида шариат қонунлари (никоҳ ва талоқ бундан истисно) асосида яшовчи номусулмонларнинг умумий номланиши.(аҳл ал-зимма-шартнома одамлари).  Улар ислом давлатини ҳаётнинг барча жабхаларида тан олишга мажбур бўлганлар ва жизья солиқини тўлаб келишган. Мусулмон давлатида жизя тўлаб яшовчи аҳли китоблар
[7] Robert Mantran (sous la direction de), Histoire de l’Empire ottoman, Paris, Edition Fayard, 2005, p. 135.
[8] Abraham Galante, Turcs et Juifs, Etude Historique, Politique,Istanbul, 1937.
[9] ўша ерда.
[10] мусулмон мамлакатларидаги яҳудийларнинг аҳволига таалуқли ушбу фактлар вазиятни яхши англаб етиш учун муҳимдир, айниқса, Исроилнинг Ғазо секторига қилаётган ҳужумлари шароитида. Доимо антисемитизмликда айбланиб келинувчи ҳатто ХАМАС лидерлари яҳудийларга муносабатга бағрикенглик билан ёндашади. Масалан, эмиграцияда яшовчи ХАМАС сиёсий бюроси лидери Халид Машъал шундай деган: “мусулмон дунёси ҳар доим яҳудийларга тинчликсеварлик билан муносабатда бўлишган. Муаммо Исроил давлатининг мавжудлигида эмас, балки Фаластин давлатининг йўқлигидадир”.
[11] мақоланинг ушбу қисмида кўпроқ “озчилик араблар” тўғрисида гапирамиз, бутун  мусулмон тўғрисида эмас. Бу жуда нозик масала. Исроилдаги озчилик арабларнинг асосини мусулмон суннийлар ташкил қилсада, уларнинг барчаси бир хил эмас. Бундан ташқари, яҳудий давлати бир таркибий қисмни бошқаларидан усутн қўйган ҳолда,  тез-тез бу диний ҳар хилликдан фойдаланишга уриниб келишган.(масалан, друзларга ҳарбий хизмат ўташ мумкин бўлган. Арабларнинг бошқа турларига эса тақиқ қўйилган. Яъни бир гуруҳ бошқа гуруҳдан устун қўйилган. )
[12] Alain Gresh, Dominique Vidal, Les 100 portes du Proche-Orient, Editions de l’Atelier, Paris, 1996, Réédition, 2004.
[13] Alain Gresh, Israël, Palestine. Vérités sur un conflit, Fayard, 2001, Réédition 2007.
[14] Le traumatisme persistant des Arabes israéliens, Le Monde diplomatique, Octobre 2005.
[15] Les Arabes israéliens sont confrontés à un racisme croissant,Le Monde, 12 décembre 2007.

Мақолалар

Фиръавннинг Мисрдан чиқишида вафот этиши

Илоҳий китобларда берилган тафсилоти ҳақида

Яна ушбу бўлимда:

Раддиялар

“Исломда аёлларнинг ҳуқуқи йўқ”

Миссионерлар: “Исломда аёлларнинг ҳуқуқи йўқ” деб туҳмат қилишади.

Яна ушбу бўлимда:

Мўъжизалар

Византиянинг мағлубияти

Румликлар ернинг энг чуқур, энг паст жойида мағлуб бўладилар

Яна ушбу бўлимда:

Видео даъват

Фильм бўлиб ўтган воқеалар асосисда суратга олинган