Янги мақолалар

Статистика: Олмония аҳолиси муҳожирлар ҳисобига кўпаймоқда

Олмон федерал статистик бошқармаси маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Олмония аҳолиси фақат муҳожир ва қочқинлар ҳисобига кўпаймоқда. Маҳалий олмонлар эса, тўхтамасдан камайиши давом этмоқда.


Аҳмад Дийдот

Ўқиш учун бўлимга киринг

Кириш...

Ислом пешволарининг рим папасига очиқ хати

Ушбу хатда ислом олимлари Бенедикт ўн олтинчининг ҳақоратли нутқи учун сўраган кечиримларини қабул қилиб, айни пайтда унинг сўзларига Ислом таълимотларига оид баъзи масалаларда тузатишлар киритадилар.
Бу турли мамлакатлар, шу жумладан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари ва жами 38 нафар дин пешволарининг Рим папаси Бенедикт ўн олтинчига юборган «Келинг, сўзлашайлик» деб номланган хатининг матнидир. Унда Ислом уламолари понтификнинг ўтган ойда сўзлаган ҳақоратли нутқи учун сўраган кечиримларини қабул қилиб, айни пайтда унинг сўзларига Ислом таълимотларига оид баъзи масалаларда тузатишлар киритадилар.

Папа Бенедикт ўн олтинчига очиқ хат


Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан!

Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Сизлар аҳли китоблар(нинг зулм қилганларидан бошқалари) билан фақат яхши услубда мужодала этинглар… (Қуръони карим, Анкабут сурасининг 46-ояти).

Ҳазрати олийлари! Сизнинг 2006 йил 12 сентябр куни Германиядаги Регенсбург университетида ўқиган маърузангиз юзасидан очиқ мулоқот руҳида Сизнинг иймон ва ақл ўртасидаги муносабатларга оид баҳсда император Мануил Иккинчи Палеолог ва «олим форс» ўртасидаги суҳбат матнидан таянч нуқтаси сифатида фойдаланганингизни муҳокама қилишни ўринли деб топдик.

Сизнинг замонавий кишилар ҳаётида позитивизм ва материалиазмнинг ҳукмронлигига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларингизни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ислом ҳақида гапира туриб, унинг таълимотини ақлдан ҳақиқий фойдаланишга қарши қўйиш маъносида Сиз йўл қўйган баъзи хатоларга ҳамда ўз тезисларингизни мустаҳкамлаш учун Сиз келтирган далиллардаги баъзи ноаниқликларга эътироз беришимиз зарурдир.

Динда мажбур қилиш йўқдир.

Сиз, «мутахассисларнинг сўзларига кўра» «Динда мажбур қилиш йўқдир» (Бақара сураси, 256-оят) деган сўзлардан бошланадиган оят Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳали ҳеч қандай ҳокимиятни қўлига киритмаган ва унга ўлим хавф солиб турган» дастлабки пайтларга оиддир, дедингиз. Аммо бу нотўғри.

Аслида бу ваҳий ёш ислом жамиятининг сиёсий ва ҳарбий устиворлик даврига оидлиги кенг тан олинган.

«Динда мажбурлаш йўқ» деган оят мусулмонларга золимларнинг иймондан воз кечишга мажбур қилиш истагига қарамай, ўз иймонида собитқадам қолишга кўрсатма эмас эди, балки мусулмонларнинг ўзларига ҳокимиятни қўлга киритганларида бошқа диндаги кишиларнинг қалбини Аллоҳга иймон келтиришга куч билан мажбур қила олмасликларини эслатиб қўювчи эслатма эди.

«Динда мажбурлаш йўқ» - бу сўзлар заиф томон эмас, балки кучли, ғолиб позицияда турганларга қаратилгандир. Қуръони каримнинг энг дастлабки тафсирларида (масалан, ат-Табарийнинг тафсирлари) Мадинадаги баъзи мусулмонлар ўз болаларини яҳудийлик ва насронийликдан Исломга қайтаришни истаганликлари, бироқ Исломга киритиш учун мажбурлашдан фойдаланишни тақиқловчи бу оят ана шу мадиналик болаларнинг ота-оналарига айнан жавоб бўлганлиги очиқ-ойдин кўрсатилган.

Бундан ташқари, мусулмонлар «…Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким ҳоҳласа, иймон келтирсин, ким ҳоҳласа, куфр келтирсин…» (Каҳф сурасининг 29-ояти) ҳамда «…Эй кофирлар! Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман. Ва сиз ҳам мен ибодат қилганга ибодат қилувчимассиз. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним» (Кофирлар сураси) каби оятларга риоя қиладилар.

Худонинг трансцендентлиги

Сиз шунингдек «Ислом таълимотида Худо мутлақо трансцендентдир» дегансизки, бу кишини адаштирувчи соддалаштиришдир. Қуръонда «…У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир…» (Шўро сурасининг 11-ояти) дейилган, лекин унда «У осмонлар ва ернинг нуридир» (Нур сурасининг 35-ояти), «Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (Қоф сурасининг 16-ояти), «У аввал ва охир, ошкор ва пинҳондир» (Ҳадид сурасининг 3-ояти), «У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан биргадир» (Ҳадид сурасининг 4-ояти), «…Қаёққа қарасангиз, Аллоҳнинг юзи бор» (Бақара сурасининг 115-ояти) каби оятлар ҳам бор.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ Таолонинг «Агар мен бандамни яхши кўрсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлиб қоламан» деганини ривоят қилганларини эслаш мумкин (Саҳиҳи Бухорий, Китабур-Риқоқ, №6502).

Сиз зикр этиб ўтган ибн Хазм (милоддан аввалги 1069 йилда вафот этган) Исломнинг диний, теологик ва фалсафий анъаналарида муносиб, бироқ ғоятда маргинал мутафаккирлардан бири бўлиб, фиқҳнинг ҳозирги кунда бирорта вакили қолмаган зохирия мактабига мансуб бўлган. Агар кимда-ким Исломда трансцендентлик таълимотининг мумтоз таърифларини топишни истаса, мусулмонлар учун бу жиҳатдан ибн Хазмдан бир неча баравар нуфузли ва ундан кўп маротаба Ислом вакили ҳисобланган имом Ғаззолий (милоднинг 1111 йилида вафот этган) ва бошқа кўпгина бошқа уламолар катта аҳамиятга эгадирлар.

Ақлдан фойдаланиш

Ислом анъаналари инсон онгининг хусусиятларини ҳамда унинг табиатга ва Аллоҳнинг иродасига муносабатини, шунингдек, қайси нарсалар ўз-ўзидан маълум ва қайси нарсалар бундай эмаслигига оид масалаларни тадқиқ этиш борасида катта тажрибага эгадир. Аммо бир томондан «онг (ақл)» ва иккинчи томондан «иймон» тушунчалари ўртасидаги дихотомия Ислом таълимотида Европа таълимоти каби шаклда мавжуд эмас. Мусулмонлар ақл энг муҳим поғоналардан бири бўлган билимлар иерархиясини эътироф қилган ҳолда, инсон ақлининг чегаралари ва кучига нисбатан ўз қарашларига эгадирлар. Исломий тафаккур анъаналари икки радикал нуқтаи назардан холидир: улардан бири таҳлилий ақлни ҳақиқатнинг мутлақ ِِِҳаками деб ҳисобласа, иккинчиси инсондаги ҳаётнинг энг муҳим масалаларини англаб ета олиш қобилиятини рад этади. Энг муҳими шуки, мусулмонларнинг фикрий изланишлари ўзининг энг етук ва умум қабул қилинган шаклида бир неча асрлардан буён Қуръон оятларининг ҳақиқати ва инсон онгининг эҳтиёжларини ўзида уйғунлаштириб, улардан ҳеч қайсисини суистеъмол қилмай, сақлаб келмоқда.
Аллоҳ Таоло Фуссилат сурасида шундай марҳамат қилади: «Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин» (53-оят). Онгнинг ўзи ичимиздаги кўплаб мўъжизалардан биридир, Аллоҳ Таоло бизни у ҳақда, шунингдек ҳақиқатни билиш учун унинг ёрдамида бутун олам ҳақида тафаккур қилишга чақирмоқда.

«Муқаддас уруш» нима?

Биз Ислом тушунчалари ичида «муқаддас уруш» атамасининг йўқлигини олдиндан айтиб қўйишни истардик. Жиҳод, алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, курашни, интилишни ва саъй-ҳаракатни, айниқса Аллоҳнинг йўлидаги курашни, интилишни ва саъй-ҳаракатни англатади. Бу кураш турлича шаклларда бўлиши мумкин, шу жумладан куч ишлатиш шаклида ҳам. Жиҳод муқаддас ғояларга эришишга қаратилган деган маънода муқаддас деб ҳам ҳисобланиши мумкин бўлса-да, у албатта «уруш» деган маънони англатмайди.

Исломнинг умум қабул қилинган ва анъанавий ҳарб қоидаларини қуйидагича ифодалаш мумкин:

1. Фуқаролар рухсат берилган ёки қонуний нишон ҳисобланмайдилар. Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у Зотнинг саҳобалари ва Ислом таълимоти анъаналарининг вакиллари томонидан ўша пайтдан буён доим такрорлаб келинади.

2. Инсоннинг фақат диний эътиқоди уни ҳужум қилиш объектига айлантира олмайди. Дастлабки ислом жамоаси илк бор мусулмонларни ўз уйидан қувиб чиқарган, таъқиб қилган, қийноққа солган ва уларни ўлдирган мушрикларга қарши курашган. Шундай қилиб, мусулмонларнинг фатҳлари ўз табиатига кўра сиёсий бўлган.

3. Мусулмонлар ўз қўшнилари билан тинч-тотув яшай оладилар ва шундай қилишлари керак ҳам. Қуръони Каримда «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил…» дейилган. Аммо бу кишининг ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва ўз мамлакатини мудофаа қилишдек қонуний ҳуқуқларини инкор этмайди. Мусулмонлар ўғрилик ва зинокорликдан қандай сақлансалар, ушбу қонунларга ҳам ана шундай даражада бўйсунишлари шарт. Жинсий муносабатларни тартибга солиш билан дин жинсий ҳаётга носоғлом қизиқиш қўзғатувчи омил бўлиб қолмаганидек, ҳарб қоидаларини белгилаб бериш ҳамда бунинг зарур ва адолатли бўладиган вазиятларини тавсифлаб бериш билан бу дин жангари бўлиб қолмайди. Агар баъзи бир мусулмонлар қатъий белгиланган қоидалардан кўра мақсадга эришиш учун ҳар қандай воситага рухсат деган утопик орзу-ҳавасларни афзал кўрган бўлсалар, улар буни ўз шахсий ташаббуслари билан қилганлар. Бунга Аллоҳ Таоло ҳам, Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёки Ислом уламолари ҳам ижозат бермаган.
Муқаддас Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло бизга шундай марҳамат қилади: «Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир» (Моида сурасининг 8-ояти). Шу маънодан келиб чиққан ҳолда маълум қилишимиз керакки, 17 сентябр куни Сомалида бегуноҳ католик роҳибанинг ўлдирилиши ва бунга ўхшаш Сизнинг Регенсбург университетидаги маърузангизга «жавоб тариқасида» содир қилинган ҳар қандай асоссиз шахсий (индивидуал) зўравонлик ҳолатлари Ислом таълимотига батамом зид бўлиб, биз буни тўлиқ қоралаймиз.

Иймонга зўрлик билан киритиш

Мусулмонларга ўз эътиқодини «қилич билан» ёйиш буюрилган ёки Ислом кўпроқ «қилич тиғи» воситасида ифода этилган деган фикрлар мутлақо асоссиздир (ҳеч қандай танқидга бардош бера олмайди).

Дарҳақиқат, Ислом сиёсий тузум сифатида баъзан фатҳлар натижасида тарқалган, бироқ унинг муваффақиятли кенгайиб боришига даъватчиларнинг саъй-ҳаракатлари кўпроқ даражада сабаб бўлган.

Ислом таълимоти фатҳ қилинган халқлар мажбуран исломни қабул қилишларини талаб қилмайди. Дарҳақиқат, Ислом вакилларининг энг дастлабки юришларида фатҳ қилинган минтақаларнинг кўпгина қисми кўп асрлар давомида Исломни қабул қилмаган.

Агар мусулмонлар бошқаларни ўз динига куч билан киритишни истаганларида, ислом ўлкаларида бирорта черков ёки синагога қолмаган бўларди. «Динда мажбурлаш йўқ» деган қоида ўша пайтда қандай маъно касб этан бўлса, ҳозир ҳам шундайдир…

Ҳарб қоидаларига келсак, тарих баъзи мусулмонларнинг ғайридинларни Исломни қабул қилишга мажбурлашда, бошқа диний жамоалар билан муносабатларда Ислом арконларини бузганлигига гувоҳдир. Бироқ, тарих бу ҳолларнинг барчаси истисно тариқасида бўлиб, умумий қоидага зид эканлигига ҳам гувоҳдир.

Биз бошқаларни динга мажбурлаш – агар ҳақиқатдан ҳам бунинг иложи бор бўлса – худди қон тўкиш каби Аллоҳ рози бўлмайдиган иш эканлигини батамом тасдиқлаймиз.

Дарҳақиқат, биз мусулмонлар ҳар доим эътиқод қилиб келганидек, «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади» (Моида сурасининг 32-ояти) деб эътиқод қиламиз.

Қандайдир янги нарсалар?

Сиз императорнинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган «барча янги нарсалар» «ўзи келтирган эътиқодни қилич билан тарқатиш ҳақидаги буйруғи каби ёвуз ва ғайриинсоний эди» деган сўзларини эслаб ўтдингиз.

Бундан ташқари император Исломда бундай буйруқ ҳеч қачон бўлмаганлигидан ташқари, яна бир нарсани – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бу оламга қандайдир янги нарса олиб келганлигини айтмаганлигини ҳам англай олмаган.

Аллоҳ Таоло Муқаддас Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Сенга айтилаётган нарсаки бор, батаҳқиқ, сендан олдинги Пайғамбарларга ҳам айтилгандир» (Фуссилат сурасининг 43-ояти). Шунингдек, Қуръонда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мен биринчи Пайғамбар эмасман, менга ва сизларга нима қилинишини билмайсман. Фақат, ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашурман. Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос» (Аҳқоф сурасининг 9-ояти) деган сўзлари ҳам келтирилган. Шундай қилиб, Якка Аллоҳга иймон қандайдир бир диний жамоага тегишли эмасдир.

Ислом таълимотларига кўра, барча ҳақиқий пайғамбар алайҳимуссаломлар турли даврларда турли халқларга айнан бир динни етказиб келганлар. Қонун-қоидалар ўзгариши мумкин, бироқ ҳақиқат ўзгармай қолаверган.

«Экспертлар»

Бир ўринда Сиз «экспертлар» (Ислом бўйича) дегансиз ва икки католик олимдан, профессор Теодор Хури ва доцент Роджер Арнальдезларнинг сўзларидан иқтибос келтиргансиз. Бу ўринда кўпчилик мусулмонларнинг ўзлари ҳурмат қиладиган ғайримуслимларни, жумладан, католикларни ҳам Ислом бўйича ҳақиқий экспертлар деб тан олишса-да, биз билган мусулмонларнинг бирортаси Сиз иқтибос келтирган «экспертларнинг» фаолиятини қўллаб-қувватламаслигини ёки уларни мусулмонларнинг қарашларини ифода этувчилар сифатида эътироф қилмаслигини айтиб ўтиш кифоядир.

25 сентябр куни Сиз 20 август куни Кельндаги мусулмонларнинг вакиллари билан ўтказилган учрашувда айтган «Насронийлар ва мусулмонлар ўртасидаги динлараро ва маданиятлараро мулоқаот иккинчи даражали аҳамият касб этиши мумкин эмас. Аслида у биз учун ҳаётий зарурат бўлиб, бизнинг келажагимиз кўп жиҳатдан унга боғлиқдир» деган муҳим баёнотингизни яна бир бор айтдингиз.

Сизнинг бу фикрингизни тўлиқ тасдиқлаган ҳолда, биз динлараро мулоқаотнинг моҳияти кўп жиҳатдан суҳбатдошимиз ҳақидаги тасаввурларимиздан келиб чиққан ҳолда биз тингламоқчи бўлган кишиларнигина эмас, балки биз мулоқот олиб бораётган муайян кишиларни тинглашга ва англашга интилишдан иборат, деб ҳам ҳисоблаймиз.

Насронийлик ва Ислом

Насронийлик ва Ислом инсоният тарихидаги энг йирик икки дунёвий динлардир. Насронийлар ва мусулмонлар бутун инсониятнинг мос равишда тахминан уч ва беш қисмини ташкил қиладилар. Улар биргаликда Ер куррасидаги жами аҳолининг 55 фоизини ташкил қиладилар, бу эса ушбу икки диний жамоалар ўртасидаги муносабатларни бутун Ер юзида тинчлик таъминлашнинг энг муҳим омилига айлантиради.

Миллиарддан ортиқ католикларнинг пешвоси ва бутун дунёдаги кўплаб инсонлар учун маънавий намуна бўлганингиз ҳолда, кўпчилик Сизни ушбу ўзаро муносабатларнинг дўстлик ва тотувлик йўналишида ривожланиши боғлиқ бўлган ягона инсон деб ҳисоблайди. Биз Сизнинг очиқ ва самимий мулоқотга интилишингизни қўллаб-қувватлаймиз ва бунинг инсонлар бир-бирига тобора кучлироқ боғлиқ бўлиб бораётган бугунги дунёда алоҳида аҳамият касб этишини эътироф этамиз.

Ана шу очиқ ва самимий мулоқотга асосланган ҳолда, биз ўзаро ҳурмат, адолат ва Иброҳим алайҳиссалом анъаналарида муштарак бўлган, айниқса Марк Инжилида 12:29-31 (ва Матфей Инжилида бошқача шаклда 22:37-40) келган «икки буюк қоидаларда» «Бизнинг Худойи Таоломиз ягона Худодир; ва Худойи Таолони бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан, бутун қатъиятинг билан севгин, - мана бу биринчи эслатмадир! Иккинчиси унга ўхшашдир: ўз яқинингни худди ўзингни севгандек севгин. Бошқа бундан катта эслатма йўқдир» деб айтилган барча қадриятларга асосланган тинч ва дўстона муносабатларнинг давом этишига ишонч билдирамиз.

Мусулмонлар Иккинчи Ватикан соборининг баёнотидаги қуйидаги сўзларни ҳам юксак қадрлайдилар: «Черков ҳам мусулмонларга катта ҳурмат билан қарайди. Улар Ягона, тирик ва боқий, меҳрибон ва қудратли, ер ва осмонларни яратган, ўз каломини инсониятга олиб келган Худога сиғинадилар. Улар ўзлари иймон келтирадиган Иброҳим алайҳиссалом худонинг изнига бўйсунгани каби, ўзларини Худонинг инсон ақли бовар қилмайдиган иродасига сўзсиз бўйсундирадилар. Улар Исо алайҳиссаломни худо деб тан олмасалар ҳам, уни ҳурматлайдилар, унинг бокира Онасини ҳам ҳурматлайдилар… Бундан ташқари, улар даҳшатли қиёмат кунини кутиб, ўликлар тирилгач, Худодан бериладиган мукофотлардан умидвор бўлиб яшайдилар. Шу сабабдан улар солиҳ ҳаётни ва айниқса ибодат, садақа ва рўза билан Худога хизмат қилишни юксак қадрлайдилар» (Nostra Aetate, 1965 йил 28 октябр).

Шунингдек, биз кўпчилик мусулмонлар катта эҳтиром қилган марҳум Папа Иоанн Павел Иккинчининг қуйидаги сўзларини юксак қадрлаймиз: «Биз, насронийлар, бизнинг ва исломнинг диний қадриятлари муштаракалигини мамнуният билан эътироф этамиз. Бугун мен бир йил аввал Касабланкада ёш мусулмонларга айтган сўзимни такрорлашни истардим: «Биз битта Худога, ягона Худога, дунёни ва ундаги барча мавжудотларни яратган, уларни камолот йўли сари ҳидоят қилган Худога иймон келтирамиз» (Insegnamenti, VIII/2 [1985] 497-б., 1999 йил 5 майдаги нутқдан иқтибос).

Мусулмонлар Сизнинг ислом-насроний муносабатлар тарихида мисли кўрилмаган содир бўлган англашилмовчилик юзасидан билдирган афсус-надоматларингизни ҳам, шунингдек, Сизнинг (17 сентябрдаги) бу иқтибос Сизнинг шахсий фикрингиз эмаслиги ҳақида изоҳ ва таъкидларингизни ҳам, кардинал ва Ватикан давлат котиби Тарцизио Бертоненинг (16 сентябрдаги) Nostra Aetate ярашув ҳужжатини расмий тасдиқлаганлигини ҳам мамнуният билан қабул қиладилар.

Ниҳоят, мусулмонлар Сизнинг мусулмон мамлакатларининг элчилари гуруҳи олдида сўзлаган нутқингиз ва унда ўзингизнинг «барча мусулмонларга нисбаан тўла ва чуқур эҳтиромингизни» изҳор қилганингиз учун Сиздан миннатчилик билдирадилар. Биз ишонамизки, барчамиз биргаликда ўтмишдаги хатоларнинг такрорланишига йўл қўймаймиз ва тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз.

Барча ҳамдлар Аллоҳ Таолога бўлсин, зеро Аллоҳ берган куч-қудрат ва ҳукмдан бошқа куч-қудрат ва ҳукм йўқдир.

Имзолар (лотин алифбоси тартибида):

1. Абдуллоҳ бин Манфуз бин Байяҳ
Қирол Абдулазиз университетининг профессори, Саудия Арабистони
Мавританияда вице-президент, адлия вазири, маориф вазири ва дин ишлари вазири бўлган

2. Профессор, доктор Муҳаммад Саид Рамадан ал-Бутий
Дамашқ университети дин факультетининг декани, Сурия

3. Профессор доктор Мустафо Чагрч
Истамбул бош муфтийси

4. Профессор Мустафо Церич
Босния ва Герцеговина Бош муфтийси ва Уламолар кенгаши бошлиғи

5. Равиль Гайнутдин
Россия Муфтийлар кенгаши бошлиғи

6. Нажот Грабус
Словения бош муфтийси

7. Ал-Ҳабиб Али Мансур бин Муҳаммад бин Салим бин Ҳофиз
Фатволар кенгаши бошлиғи, Тарим, Яман

8. Ал-Ҳабиб Умар бин Муҳаммад бин Салим бин Хафиз
Дарул-Мустафо декани, Тарим, Яман

9. Профессор доктор Фаруқ Хамадон
Анъанавий фанлар профессори, Муҳаммад V университети, Марокаш

10. Ҳамза Юсуф Хансон
Зайтун институтининг асосчиси ва директори, Калифорния, АҚШ

11. Доктор Аҳад Бадруддин Хассун
Сурия бош муфтийси

12. Доктор Иззуддин Иброҳим
Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси

13. Профессор доктор Умар Жа
Уламолар кенгаши котиби, Гамбия
Гамбия университети Ислом ғояси ва ҳазораси факультетининг декани

14. Ал-Ҳабиб Али Зайнулобидин ал-Жифрий
Таба институтининг асосчиси ва директори, БАА

15. Профессор доктор Али Гумуа
Миср бош муфтийси

16. Профессор доктор Абла Муҳаммад Кахлавий
Араб ва ислом тадқиқотлари факультети декани, Ал-Азҳар университети (аёллар коллежи), Миср

17. Профессор доктор Муҳаммад Ҳошим Камалий
Халқаро Ислом ғояси ва ҳазораси институтининг декани (ISTAC), Малайзия
Халқаро ислом университетининг Ислом фиқҳи ва ҳуқуқшунослиги профессори

18. Шайх Нуҳ Ҳа Мим Келлер
Шозилия тариқати шайхи ва Ислом ғояси институтининг катта илмий ходими, Аҳлул-Байт, Урдун

19. Аҳмад Ал-Халилий
Уммон султонлигининг Бош муфтийси

20. Доктор Аҳмад Кубейси
Ироқ уламолари уюшмасининг асосчиси

21. Муҳаммад бин Муҳаммад Ал-Ансурий
Зайдийларнинг Бош диний раҳбари (маржа), Яман

22. Абу Бакр Аҳмад Ал-Милибарий
«Аҳлуус-Сунна» уюшмасининг Бош котиби, Ҳиндистон

23. Доктор Мулей Абдулкабир Ал-Алавий Ал-Мудгарий
«Байтулмол Ал-Қудс аш-Шариф» агентлигининг Бош директори,
Собиқ дин ишлари вазири, Марокаш

24. Аҳмад Хасийм Музадий
«Нахдатул-Уламо» (Уламолар уюшмаси) раиси, Индонезия

25. Профессор доктор Саййид Ҳусайн Наср
Исломий тадқиқотлар кафедрасининг профессори, Жорж Вашингтон университети, Вашингтон, АҚШ.

26. Сейки Омербашич
Хорватия бош муфтийси

27. Доктор Муҳаммад Абдулғоффар аш-Шариф
Дин ишлари вазирлигининг Бош котиби, Кувайт

28. Доктор Муҳаммад Алваний аш-Шариф
Ислом маданияти ва фани Европа Академиясининг бошлиғи, Брюссель, Бельгия

29. Шайх М. Иқбал Суллам
«Нахдатул-Уламо» вице-президенти, Индонезия

30. Доктор Тарик Сувейдан
«Рисола» ислом сунъий йўлдош каналининг бош директори

31. Профессор доктор шаҳзода Ғозий бин Муҳаммад бин Талал
«Аҳлул-Байт» Ислом ғояси институти Илмий кенгащининг раиси, Урдун

32. Оятуллоҳ Муҳаммад Али Тасхирий
Ислом мазҳаблари яқинлашуви Бутундаҳон ассамблеясининг Бош котиби

33. Наим Трнава
Косово Бош муфтийси

34. Доктор Абдулазиз Усман ат-Туежрий
Ислом маориф, фан ва маданият ташкилотининг Бош директори (ISESCO), Марокко

35. Муҳаммад Таки Усманий
«Дарул-Улум» вице-президенти, Покистон

36. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикларининг собиқ бош муфтийси

37. Абдулҳаким Мурод Винтер
Дивинити Скул Исломшунослик ўқитувчиси, Кембриж университети, Англия, Мусулмонлар академик трести директори, Англия

38. Муаммар Зукорли
Санжак вилояти муфтийси, Босния

(Матн «Мустақил католик янгиликлар» агентлигининг сайтидан олиниб таржима қилинди)

Мақолалар

Фиръавннинг Мисрдан чиқишида вафот этиши

Илоҳий китобларда берилган тафсилоти ҳақида

Яна ушбу бўлимда:

Раддиялар

“Исломда аёлларнинг ҳуқуқи йўқ”

Миссионерлар: “Исломда аёлларнинг ҳуқуқи йўқ” деб туҳмат қилишади.

Яна ушбу бўлимда:

Мўъжизалар

Византиянинг мағлубияти

Румликлар ернинг энг чуқур, энг паст жойида мағлуб бўладилар

Яна ушбу бўлимда:

Видео даъват

Фильм бўлиб ўтган воқеалар асосисда суратга олинган